Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман, лекин такосур (яъни мол-дунёни тўплашда мусобақалашингиз)дан қўрқаман. Мен (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман, аммо гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман”, дедилар (Имом Аҳмад, Баззор, Ҳоким ривояти).
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири бўлиб, барча инсонлар бу иккисидан бири билан синовдан ўтади. Аллоҳ таоло беморнинг сабрини, бойнинг шукрини синайди.
“Мен сизлар учун фақирликдан қўрқмайман” – чунки бирор бандага фақирлик етса бу – Аллоҳнинг иродаси, синовидир. Фақир одамнинг етган синовга сабр қилишдан бошқа иложи йўқ. Кўнгилхушлик, маишатпарастлик кабиларга эса “қўли калталик” қилади. Имкон қадар кўпроқ ибодатлар билан машғул бўлишга интилади.
“лекин такосур (яъни мол-дунёни тўплашда мусобақалашингиз)дан қўрқаман” – аммо бойлик ва мол-дунёнинг кўпайиши оғир синовдир. Бойлиги кўпайган банда камбағаллик вақтида қилмаган гуноҳ-маъсиятларга қўл уради, Роббига итоатсизлик қилиб, ибодатларни тарк эта бошлайди.
Бугунги кунда қанча инсонлар мол-дунёсини кўпайтириш ортидан қувиб, жиноятнинг ҳар қандай кўринишини содир этмоқда. Ҳатто, бойлик учун ўз ота-онаси ва яқинларидан воз кечмоқда. Қавм-қариндош бир-бирига душманга айланмоқда. Бежизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг бойлик тўплашга ружу қўйишидан хавфсирамаган эканлар. Бу ҳам пайғамбарлик мўъжизаларидан биридир.
“Мен (бехосдан) хато қилишингиздан қўрқмайман” – Мўмин банда имкон қадар Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга ҳаракат қилади. Бу борада қанча тўсиқларни енгиб ўтади, қийинчиликларга бардош беради. Аммо банда фаришта эмас, баъзи вақтларда билмасдан хато қилади ёки айрим нарсаларни унутиб қўяди. Лекин тезда тавба қилади, Роббига дуо қилади: “Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин”.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир одам боласи хато қилувчидир, хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилувчилардир”, деганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
“аммо гуноҳни атайин содир этишингиздан қўрқаман” – билиб туриб қилинган гуноҳнинг азоби жуда қаттиқ бўлади. Банда билмай қилган гуноҳини Аллоҳ кечириши мумкин, фақат Ўзига ҳавола. Аммо гуноҳга журъатли бўлиш, қасддан қилиш гуноҳнинг ўзидан кўра улкан ва оғирроқ гуноҳдир. Энг муҳими – банда гуноҳни билиб ёки билмай қилса ҳам, кимга осийлик қилаётганини унутмаслиги лозим!
Даврон НУРМУҲАММАД
“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.
Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.
Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.
Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).
?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.
?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!
Даврон НУРМУҲАММАД