Абдураҳмон домла Бафоев
Бухоро туман "Имом Бухорий"
жоме масжиди имом-хатиби
Аввалроқ хабар берганимиздек, халқаро анжуман ўз кун тартибидаги асосий илмий ва амалий қисмга ўтиб, айни дамда Ислом цивилизацияси марказида ялпи мажлислар ва шўъба йиғилишлари қизғин давом этмоқда.
Хусусан, “Ислом цивилизациясининг маънавий мероси: ҳадис, фиқҳ, илоҳиёт ва маърифат” мавзусидаги I ялпи мажлис доирасида ташкил этилган Муфтийлар шўъбасида ислом оламининг энг нуфузли дин арбоблари ва бош муфтийлар жам бўлдилар.
Ушбу нуфузли йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошозода, Миср Бош муфтийси Шайх Назир Муҳаммад Айяд, Иордания муфтийси Шайх Аҳмад Ҳасанот, Россия Мусулмонлари марказий диний идораси раиси Шайх Талгат Тажуддин, Қозоғистон муфтийси Шайх Наврўзбой ҳожи Тағанули ва Қирғизистон муфтийси Шайх Абдулазиз қори Зокиров каби уламолар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Мазкур шўъба йиғилиши давомида дин пешволари бугунги мураккаб даврда мусулмон уммати олдида турган энг долзарб ва муҳим масалалар, ислом маърифатини кенг ёйиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш борасида атрофлича баҳс ва мунозаралар олиб бордилар.
Мулоқотлар чоғида хорижлик муфтийлар юртимизда аждодлар меросини тиклаш йўлида олиб борилаётган улуғвор ишларни, хусусан, анжуман ўтаётган муҳташам Ислом цивилизацияси марказининг маҳобати, мазмун-моҳияти ва илмий имкониятларини юксак ҳайрат билан тилга олиб, ушбу маскан бутун дунё ислом илм-фанининг йирик глобал платформасига айланаётганини алоҳида эътироф этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати