Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2026   |   16 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:19
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:16
Bismillah
26 Ноябр, 2026, 16 Жумадул сони, 1448

Агар Жаннатда мени топмасангиз...

04.01.2024   1775   4 min.
Агар Жаннатда мени топмасангиз...

Шайх Ибн Жавзий (510-597)

Имом, аллома, ҳофиз, воиз, муфассир Абул Фараж Абдураҳмон ибн Али Жавзий раҳматуллоҳи алайҳининг насаби Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.

Восит шаҳри бўйича фақат бобосининг ҳовлисида ёнғоқ дарахти бўлгани учун “Жавзий” (ёнғоқли) лақаби билан танилган.

Тахминан ҳижрий 508-510 йилда Бағдодда дунёга келган. Ибн Жавзий уч ёшлигида отаси оламдан вафот этади ва онаси қармоғида қолади.

Ёшлигидан илм олишни бошлаб, ҳофиз Муҳаммад ибн Носир ҳузурида Қуръони каримни тўлалигича ёд олади. Кейинчалик Абул Қосим Ҳиравийдан воизлик санъатини ўрганади. Шундан сўнг, фақиҳ Ибн Зоғунийга шогирд тушиб, ундан турли фанлар, айниқса, тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, сарф, балоғат, тарих, воизлик ва бошқа соҳаларда таълим олди.

Шунингдек, Ибн Жавзий усулул фиқҳ, илми хилоф, илми жадал, ҳисоб ва тиб илмларини Абу Бакр Дайнурий ва қози Абу Яъло каби жами тўқсонга яқин ўз даврининг етук олимларидан ўрганди. У болалик даврларини тенгдошлари каби ёш болаларга хос ўйинлар билан эмас, балки илм талабига шўнғиган ҳолда ўтказди. Бу ҳақда: “Мен бирор марта ёш болалар билан ўйнаганимни, баланд овозда кулганимни эслай олмайман”, деб хотиралаган эди.

Ибн Жавзийнинг бошқалардан ажралиб турадиган кўплаб хусусият, фазилатлари бўлиб, илмга ўта муҳаббат ва уни талаб қилишга жўшқин шижоат, ўткир ҳифз, мислсиз заковат, ҳаддан ташқари олий ҳиммат ҳамда камдан-кам инсонларгина эриша оладиган зуҳду тақво у кишини ўз асрининг етук олими бўлиб етишига омил бўлган.

Ибн Жавзий олти ёшларида ҳадис эшитишни, ўн уч ёшларида китоб ёзишни бошлаган. Йигирма беш ёшидан то вафотига қадар инсонларга ваъз-насиҳатлар қилиб, кўпчиликнинг ҳидоят йўлини топишига сабабчи бўлган. Бу ҳақда ўзи: “Ўз қўлларим билан икки минг мужаллад китоб ёздим, қўл остимда юз минг киши гуноҳларига тавба қилди ва йигирма минг киши мусулмон бўлди”, деган.

Ибн Жавзий шаръий ва ижтимоий фанларнинг деярли барчасида китоблар тасниф қилган. “Ал-вафий бил вафаёт” китобида ёзилишича, олимнинг ёзиб қолдирган рисолалари жамланиб, яшаб ўтган умрига тақсимланганида ҳар кунига тўққизта рисоладан тўғри келган экан. Улар қуйидагилар: “Ал-муғний” (Қуръони каримнинг катта ҳажмдаги тафсири бўлиб, уни Ибн Жавзийнинг ўзи тўрт жузга қисқартириб “Зодул масир” деб номлаган); “Сойдул хотир” (3 жуз); “Талбису иблис”; “Жомеъул масонид” (7 жуз); “Ал-муғний фи улумил Қуръон”; “Тазкиратул ариб фи тафсирил ғариб”; “Софватус софва” (4 жуз); “Ал-манфаъа фил мазоҳибил арбаъа” (2 жуз); “Ал-мавзуъот” (2 жуз); “Ал-ваҳият” (3 жуз); “Ал-мунтазам фи тарихил мулуки вал умам”; “Ад-далоил фи машҳурил масоил” (2 жуз); “Ан-носих вал мансух”; “Ал-вужуҳ ван назоир”; “Фунунул афнон”; “Манофиъут тиб”; “Минҳожул қосидин” (2 жуз); “Ийқозул васнан би аҳволин наботи вал ҳаявон”; “Заммул ҳаво” ва ҳоказо.

Айниқса, Ибн Жавзийнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишлаб ёзган икки жузли “Ал-вафо би таърифи фазоилил Мустафо” номли асари сийрат китоблари ичида ўзига хос қадр-қийматга эга. Унда муаллиф асосан Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратлари ва шамоиллари билан бирга, мавзуга алоқадор барча тарихий маълумотларни ҳам келтирган.

Ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳи вафотларидан бир неча кун аввал оғир касал бўлиб, ҳижрий 597 йил 13 рамазон жума кечаси Бағдодда вафот этади ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳининг қабрларига яқин ерга дафн қилинади.

Айтилишича, Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг қўлида йигирма мингдан ортиқ яҳудий ва насронийлар Ислом динига кирган. У киши сабабли юз минг киши тавба қилган. Икки мингдан ортиқ асар тасниф этганлар. Ана шундай улуғ олим шогирдларига: «Агар Жаннатга кирганингизда, орангизда мени топмасангиз, “Аллоҳим, фалон банданг бизга Сени эслатиб турарди” деб мен ҳақимда сўранглар» деб, йиғлаб юборган.

Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши фаолияти ва келгуси режалар муҳокама қилинди

26.11.2026   1096   1 min.
Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши фаолияти ва келгуси режалар муҳокама қилинди

Туркия сафари мобайнида муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Мирвоҳид Азимов билан мулоқот ўтказдилар. Учрашувда давлатлар раҳбарлари саъй-ҳаракатлари натижасида халқлар бирлигини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли қадамлар ташланаётгани эътироф этилди.

Мазкур тузилма таркибидаги Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг бугунги фаолияти, эришилган салмоқли натижалар, шунингдек, олдинда турган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Айниқса, Кенгаш ҳузуридаги Фатво ҳайъати замонавий масалаларга ечим топишда фаоллик кўрсатаётгани эътироф этилди.

Шу билан бирга, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро илмий анжуманлар, долзарб мавзулардаги муштарак баёнотлар ҳамда тажриба алмашиш дастурлари муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон томони таклиф этган ва қардош давлатлар муфтийлари томонидан маъқулланган Муфтийлар кенгаши ҳузурида «Диний таълим муассасалари илмий ҳайъати»ни тузиш ишларини тезлаштириш ва фаолиятини йўлга қўйиш кабилар ҳам муҳокама қилинди.

Суҳбатда Давлатимиз Раҳбари раҳнамоликларида 500 йиллик тарихга эга бўлган Мир Араб мадрасасининг мақомини дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига олиб чиқиш чора-тадбирлари, мураккаб даврда турли таҳдидларга муносабатлар эълон қилиш, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар имкониятларидан оқилона фойдаланиш, қўшма фатволар тўпламини нашр этиш ва уларни кенг оммага етказишга алоҳида урғу қаратилди.

Учрашув якунида Муфтий ҳазратлари Мирвоҳид Азимовни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан қутлаб, фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари