Замонавий методларни ўз ичига олган видео тайёрланди. Пиротехника воситаларининг моддий ва маънавий зарарлари, унинг саломатликка салбий таъсири, Ислом динида инсонни қўрқитиш, зиён етказиш қаттиқ қораланиши, шундай буюмларни қонунга хилоф тарзда ишлаб чиқариш, сотиш ва тарқатиш ҳамда улардан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлишига оид маълумотлар ифода қилинган. Шунингдек, тарбия ишига мутасадди бўлганлар ва ота-оналарга муҳим тавсиялар баён этилган. Сизлардан ушбу видеони кенг тарқатиш орқали нохуш воқеа-ҳодисаларнинг олдини олишга чақирамиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бизга ризқ берувчи Зот Аллоҳдир, лекин У ризқни тўғридан-тўғри оғзимизга ёки қучоғимизга ташлаб қўймайди. Бизнинг вазифамиз — ҳаракат қилиш, Аллоҳнинг иши эса — муваффақ қилиш (тавфиқ бериш)дир.
«Унинг (ернинг) турли жойларида юринглар ва Унинг ризқидан енглар» (Мулк сураси, 15-оят).
Ҳатто сурункали ва оғир дардга чалинган Айюб алайҳиссаломга ҳам Роббиси бундай деган эди:
«Оёғинг билан (ерни) теп! Мана бу чўмиладиган муздек сув ва ичимликдир» (Сод сураси, 42-оят).
Ҳатто тўлғоқ азобида турган Биби Марямга ҳам Аллоҳ таоло:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит, у сенга янги пишган хурмоларни тўкади», — деди (Марям сураси, 25-оят).
Пок ва Муқаддас Зот хурмони унинг қучоғига шунчаки ташлаб қўймади. Балки энг қийин лаҳзада — тўлғоқ азобида бўлишига қарамай, унга:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит», — деб буюрди.
Демак, ҳаракат қилиш ва интилиш — матлубдир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ