Шу йил 17-18 октябрь кунлари Қоҳирада ўтказилган халқаро анжуман доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом жаноблари билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Самимий мулоқот чоғида Шавқий Аллом ҳазратлари Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжумандаги фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, у киши томонидан халқаро анжуманда билдирилган муҳим масала ва таклифлар эътирофга лойиқ эканини изҳор қилди.
Ўз навбатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Миср муфтийси Шавқий Аллом жанобларига халқаро анжуманга таклиф этганлари ва унинг юқори даражада ташкил қилгани учун ташаккур айтдилар.
Сермазмун учрашув чоғида икки давлат муфтийлари Миср ва Ўзбекистон қадимдан Ислом дини марказлари бўлгани, бу диёрлардан етишиб чиққан алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Косоний ва «Соҳиби Ҳидоя» Бурҳониддин Марғиноний каби мутафаккирларнинг бутун дунёда Исломнинг ёйилиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшганлари, бу қадим анъана бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидладилар.
Хусусан, Ўзбекистон ва Миср давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари бутун дунё Ислом олами мамлакатлари учун бугунги куннинг долзарб мавзуларига бағишланган мана шундай халқаро анжуманлар ўтказаётганларини қайд этдилар.
Учрашувда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда анжуманлар ўтказиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларга алоҳида диққат қилинди.
Учрашув дўстон ва самимий руҳда ўтди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бемор шифокорнинг ҳузурига борди. Қабул бўлимида ўтирган ходима ундан навбатсиз киритиш эвазига қўшимча 50 минг сўм олди.
Шифокор беморга муайян бир компания ишлаб чиқарган дорини ёзиб берди, чунки унинг сотувдан ўз улуши бор эди.
Ҳамшира беморга дорини ён атрофдаги дорихонадан сотиб олишни тайинлади, чунки бундан унга ҳам воситачилик ҳаққи (комиссия) бериларди.
Шифокор билан тил бириктирган ўша фармацевт (дорихоначи) ишини тугатиб, уйига қайтиш учун таксига ўтирди. Вақт кеч бўлиб қолгани сабабли, ҳайдовчи ундан икки баравар ҳақ талаб қилди.
Ҳайдовчининг гувоҳномаси муддати ўтган эди. Йўлда ЙПХ (йўл патрул хизмати) тўсиғига дуч келди. ЙПХ ходими унга 500 минг сўм жарима солмаслик эвазига ундан 50 минг сўм олди.
Эртаси куни ЙПХ ходими касал бўлиб қолди ва ўша шифокорнинг ҳузурига борди... ва шу тариқа воқеа қайтадан такрорланди.
Мана шундай қилиб, ҳаром топилган пул бебарака ва бесамар ишларга сарф бўлиши билан бирга, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган кимсаларнинг кундалик ҳаёти ана шундай муаммолар гирдоби ичида қолади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ