Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” дейилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги муҳтасиби Иқболжон домла Аҳмадалиевнинг волидаи муҳтарамасининг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ марҳумани мағфират қилсин, савобли амаллари билан қабрларини нурга тўлдириб, жойларини жаннатда қилсин! Қолган барча яқинларига Аллоҳ сабри жамил берсин! Марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига, хусусан, Иқболжон домлага чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Жаноза намози 30 декабрь куни соат 12:00 Риштон тумани Воҳим қишлоғида марҳуманинг хонадонида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон ва Иорданияни бой исломий маънавий мерос, илм-фанга ҳурмат ва маданий анъаналарни асраб-авайлашга интилиш боғлаб туради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими Сарвар Камолов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бу умумийлик етакчи олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликда амалий ифодасини топмоқда.
"Хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Иордания Бутунжаҳон ислом фанлари ва таълими университети ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди," - деди С.Камолов.
Унинг фикрича, академик алмашинувлар ва қўшма тадқиқотлар ислом цивилизацияси, тарихи ва арабшунослигини ўрганиш учун қўшимча имкониятлар очиб, икки мамлакат олимларининг илмий салоҳиятини бирлаштиради.
"Бундай формат илғор методикаларни алмашиш ва халқаро майдонда исломнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилувчи мутахассисларнинг янги авлодини шакллантиришга хизмат қилади," - дея хулоса қилди у.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати