Мавзуъ арабча (الموضوع) шаклида бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган маъноларини англатади.
Истелоҳда эса, тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган хабардир. Бундай нарсанинг “мавзуъ” деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди. Бу нарсанинг ўзи ҳам паст нарса, ярамас нарса ҳисобланади[1].
Мавзуъ ҳадиснинг “мавзуъ” сўзи ортидан “ҳадис” сўзини ҳам қўшиб “мавзуъ ҳадис”, деб айтиш ҳақида уламолардан турли фикрлар келган.
Жумладан, Ибн Силоҳ тўқима ҳадис заиф ҳадисларнинг энг ёмонроғидир, деган фикрни айтади. Ҳофиз Ибн Хажар айтишича, Хаттобийнинг фикри ҳам шундай бўлган.
Имом Хаттобий яна шундай дейди: Аҳли ҳадислар наздида ҳадис уч турга бўлинади: саҳиҳ ҳадис, ҳасан ҳадис, сақим (иллатли, заиф) ҳадис. Сўзининг давомида саҳиҳ, ҳасан ҳадисни таърифлаб бўлганидан сўнг заиф ҳадис ҳақида шундай дейди: “Заиф ҳадиснинг табақаси кўп, энг паст табақаси мавзуъ сўнгра мақлуб ва ҳоказо” [2].
Ҳофиз Ибн Хажар мавзуъ ҳадис ҳақида шундай дейди: “Мавзуъни ҳадис деб аташни маъқулламайман, чунки у ҳадиси набавийдан эмас, мавзуъни заиф ҳадисларнинг ёмонроғи дейишлик, уни ҳадислар қаторида ҳисоблашни ифодаламайди”.
Доктор Моҳир Мансур Абдураззоқ шундай дейди: Ҳақиқатдан ҳам, мавзуъни ҳадис деб аташ тўғри эмас, аммо кўпчилик уламоларнинг уни ҳадис деб номлашларига қуйида уч сабабни келтирамиз:
Демак, мавзуъ заиф ҳадис бўлиши учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари айтган ҳадис бўлиши керак. Ваҳоланки, мавзуъ ҳадис ровийлар силсиласи ичидаги кишилардан бўлмаган мутлақо бошқа шахслар тарафидан тўқилган ҳисобланади. Шунинг учун мавзуъ ҳадисларни ҳадиснинг алоҳида бир тури сифатида ўрганилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Маълумки, саҳобалар ўз жонлари-ю молларини дин учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун фидо қилган зотлар бўлишган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бевосита шоҳид бўлганларки, уларнинг ҳадис тўқиши эҳтимолдан йироқ ишдир. Чунки, Ислом тарихидан биламизки, саҳобалар ҳар бир хато, ножўя ишларга, ёлғонга жим қараб турмаганлар, балки бу каби ҳолатларга жуда қаттиқ турганлар.
Аммо, тобеъинлар даврида илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши бази мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўла бошлади. Лекин, бу даврда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган.
Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш турли соҳаларда мавзуъ ҳадисларнинг кўпайишига олиб келди[5].
Мавзуъ ҳадислар тўқилишининг асосий сабаблари қуйидагича:
Бази олимлар мавзуъ ҳадислар ҳижрий 41йилига, яъни Али разияллоҳу анҳунинг халифалик даврига тўғри келади деган фикрни олға сурганлар. Шиалар ўз даъвосини қўллаб қувватлаш учун қуйидаги мавзуъ ҳадисларни тўқиб чиқардилар: “Менинг ўринбосарим, менинг сирдошим, аҳли байтимдан менинг халифам, мендан кейин халифаликка энг лойиқ одам Алидир”, “Ҳар бир Пайғамбарнинг васиятчиси ва вориси бўлгани каби менинг ҳам васиятчим ва ворисим Али ибн Абу Толибдир”, “Ким Алини инсонларнинг энг яхшиси демаса, кофир бўлади”, “Алига назар ташлаш ибодатдир” [6]
Шунингдек, шиалар Абу Бакр, Умар, Муовийа разияллоҳу анҳу ва умавийларни камситадиган ҳадисларни тўқиганлар. Айни пайтда бир қисм мусулмонлар хорижийлар номи остида алоҳида сиёсий фирқани ташкил қилдилар. Бироқ, бу сиёсий ихтилофлар диний тус олди ва исломда турли нотўғри диний оқимларнинг вужудга келишига улкан таъсир кўрсатди. Чунки, ҳар бир гуруҳ ўз мавқеъсини Қуръон ва Суннат билан қувватлашга ҳаракат қилар эди. Мана шу пайтда бази фирқалар орасида Қуръонни ўз даъволарига мувофиқ ўзгартириш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериб ҳадислар тўқиш ҳаракатлари пайдо бўлди.
Бу соҳадаги тўқилган ҳадисларнинг мазмуни асосан бази шахсларни улуғлаш маъносида бўлди. Ҳар бир тоифа ўз етакчиси, бошлиғининг фазилати ҳақида ҳадис тўқишга ҳаракат қилди.
Манбаъларда кўрсатилишича, бу ҳаракатни биринчи бўлиб “шиа” тоифаси бошлаган.
Шу ўринда, мазкур мазмундаги мавзуъ ҳадисларни базиларини мисол тариқасида айтиш мумкин:
“ Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир”,[7]
“ Сизларнинг қозингиз Алидир”.[8]
Халифалик Умавийларга ўтгандан кейин уларнинг тарафдорлари араб миллатига мансуб бўлмаган одамларга нисбатан менсимаслик ва камситиш туйғуси билан муомала қилганлар. Натижада, турли тўқима ҳадислар вужудга келди.
Ислом тарихидан маълумки, Хулафои Рошидинлар даврида юз берган яна бир фитналардан бири хорижийлар ва Али разияллоҳу анҳу ўртасидаги бўлган тўқнашувдир. Хорижийларнинг ҳадис тўқишлари масаласида олимлар турли фикр билдирганлар. Ибн Лаҳиъа, Убайдуллоҳ ибн Амр ва Имом Суютий хорижийларга мансуб бўлган ва умрининг охирида тавба қилган бир кишидан қуйидаги сўзни ривоят қилганлар: “Ҳадислар бир диндир. Шунинг учун динингни кимдан ўрганаётганингга эътибор бер. Чунки, биз бир фикрни амалга оширмоқчи бўлсак, уни ҳадисга айлантирар эдик”.[9] Бироқ, бошқа олимлар хорижийлар ёлғон гапиришни гуноҳи кабира ҳисоблагани учун уларнинг мавзуъ ҳадислар вужудга келишида ҳеч қандай ўрни йўқ деб ҳисоблайдилар.
Бобохон Бобохонов,
Тошкент ислом институти
Модуль таълим шакли талабаси,
Самарқанд шаҳар "Хўжа Нисбатдор"
жоме масжиди имом-хатиби
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. – Т.: Шарқ, 2011. – Б. 164.
[2] Али Қори. Ал-маснуъ мий маърифатил ҳадисил мавзуъ. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1969. – Б. 22.
[3] Мусталаҳул ҳадис, яъни ҳадис илми
[4] Али Қори. Ал-маснуъ мий маърифатил ҳадисил мавзуъ. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1978. – Б.14.
[5] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 26.
[6] –Ў ша асар, – Б. 356.
[7] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 138.
[8] – Ўша асар, – Б. 124.
[9] – Ўша асар, – Б. 89.
[10] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 90.
[11] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий. 1971. – Б. 89.
Шри-Ланканинг “Сolombo Times” нашрида “Ўзбекистонда Янги уйғониш даври: келажак технологиялари ёрдамида буюк ўтмишни қайта тиклаш” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Шри-Ланкалик таниқли журналист Фазан Наваз томонидан ёзилган ушбу материалда сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, “Учинчи Ренессанс” ғоясини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари хусусида сўз юритилган.
Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиё марказида сокин, аммо улкан аҳамиятга эга инқилоб юз бермоқда. Бу кураш қурол-яроғ билан эмас, балки қўлёзмалар, музейлар ва микрочиплар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар жаҳон илм-фани, шеърияти ва фалсафасининг етакчи марказлари бўлган Ўрта асрлардаги “Олтин аср” шон-шуҳратини қайта тиклашга интилмоқда.
Бу жараённинг ўзига хос жиҳати шундаки, Ўзбекистон минг йилдан зиёд тарихга эга маданий меросни асраш, қайта тиклаш ва кенг оммага етказиш учун сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқда.
Нашрда Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда уни сақлаш бўйича ислоҳотларга тўхталиб ўтилган. Қайд этилганидек, бу замин инсоният тарихидаги энг буюк алломаларга бешик бўлган. Астроном ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек Самарқандда юлдузларни ҳайратланарли даражада аниқ кузатиш имконини берган расадхона барпо этган. Хоразмдаги Маъмун академияси олимлари эса Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал математика ва тиббиёт соҳаларида юксак ютуқларга эришган эди.
Ўзбекистон етакчиси бу тарихий меросни тез-тез тилга олиб, Мирзо Улуғбекни нафақат буюк олим, балки илм-фанни энг юксак қадрият деб билган давлат арбоби сифатида таърифлайди. Давлат раҳбари бугунги янгиланиш жараёнини “Учинчи Ренессанс” деб атаб, уни Ўзбекистоннинг илму маърифат ва маданият маркази сифатидаги мавқеини қайта тиклашга қаратилган умуммиллий лойиҳа сифатида баҳолайди. Тарихчилар таъбири билан айтганда – бу атама минтақада аввал мавжуд бўлган икки буюк юксалиш давридан кейинги навбатдаги уйғониш босқичини англатади.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини амалга ошириш шунчаки гап эмас, балки давлат сиёсатига айланган.
“Бу улкан мақсаднинг энг ёрқин рамзи жорий йил Тошкентда қад ростлаган Ислом цивилизацияси марказидир. 2026 йил март ойида 40 мамлакатдан ташриф буюрган 1500 дан ортиқ мутахассис иштирокида қуриб битказилган мазкур марказ ўз бағрида ислом оламининг энг ноёб ёдгорликларидан бири – VII асрга мансуб Усмон Мусҳафини сақлайди. Шунингдек, бу ерда илмий лабораториялар, реставрация устахоналари ва архивлар фаолият юритади. Марказ аллақачон дунёдаги энг чиройли янги музейлардан бири сифатида эътироф этилган”, – дея қайд этган журналист.
Материалда таъкидланишича, Ўзбекистон ёндашувининг бошқалардан ажратиб турадиган муҳим жиҳати – бу сунъий интеллектдан иқтисодий тараққиёт воситаси сифатидагина эмас, балки маданий меросни муҳофаза қилиш воситаси сифатида ҳам фойдалаётганидадир.
Сунъий интеллект туризм соҳасини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Бу ташаббус 2026 йилда мамлакатга 12 миллион сайёҳни жалб қилиш режасининг бир қисми ҳисобланади.
Фазан Наваз ўз мақоласини “Учинчи Ренессанс” ўз олдига қўйган мақсадларга тўлиқ эришадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бироқ бугуннинг ўзидаёқ Ўзбекистон қандай йўлдан одимлаб бораётгани аниқ кўриниб турибди”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати