frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Мавзуъ ҳадислар: ҳадис тўқиш паст ва ярамас ишдир!

17.10.2022   4807   9 min.
Мавзуъ ҳадислар: ҳадис тўқиш паст ва ярамас ишдир!

Мавзуъ арабча (الموضوع) шаклида бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган  маъноларини англатади.

Истелоҳда эса, тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган хабардир. Бундай нарсанинг “мавзуъ” деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди. Бу нарсанинг ўзи ҳам паст нарса, ярамас нарса ҳисобланади[1].

Мавзуъ ҳадиснинг “мавзуъ” сўзи ортидан “ҳадис” сўзини ҳам қўшиб “мавзуъ ҳадис”, деб айтиш ҳақида уламолардан турли фикрлар келган.

Жумладан, Ибн Силоҳ тўқима ҳадис заиф ҳадисларнинг энг ёмонроғидир, деган фикрни айтади. Ҳофиз Ибн Хажар айтишича, Хаттобийнинг фикри ҳам шундай бўлган.

Имом Хаттобий яна шундай дейди: Аҳли ҳадислар наздида ҳадис уч турга бўлинади: саҳиҳ ҳадис, ҳасан ҳадис, сақим (иллатли, заиф) ҳадис. Сўзининг давомида саҳиҳ, ҳасан ҳадисни таърифлаб бўлганидан сўнг заиф ҳадис ҳақида шундай дейди: “Заиф ҳадиснинг табақаси кўп, энг паст табақаси мавзуъ сўнгра мақлуб ва ҳоказо” [2].

Ҳофиз Ибн Хажар мавзуъ ҳадис ҳақида шундай дейди: “Мавзуъни ҳадис деб аташни маъқулламайман, чунки у ҳадиси набавийдан эмас, мавзуъни заиф ҳадисларнинг ёмонроғи дейишлик, уни ҳадислар қаторида ҳисоблашни ифодаламайди”.

Доктор Моҳир Мансур Абдураззоқ шундай дейди: Ҳақиқатдан ҳам, мавзуъни ҳадис деб аташ тўғри эмас, аммо кўпчилик уламоларнинг уни ҳадис деб номлашларига қуйида уч сабабни келтирамиз:

  1. Ҳадис дейишлик билан унинг луғавий маъноси назарда тутилади.
  2. Мавзуъ ҳадис тўқувчиларнинг наздидаги эътибор билан шундай дейилади.
  3. Мавзуъни таниб, ажратишда ҳадисга, унинг усулларига[3] мурожаат қилинганлиги сабаби шундай дейилади[4].

Демак, мавзуъ заиф ҳадис бўлиши учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари айтган ҳадис бўлиши керак. Ваҳоланки, мавзуъ ҳадис ровийлар силсиласи ичидаги кишилардан бўлмаган мутлақо бошқа шахслар тарафидан тўқилган ҳисобланади. Шунинг учун мавзуъ ҳадисларни ҳадиснинг алоҳида бир тури сифатида ўрганилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Маълумки, саҳобалар ўз жонлари-ю молларини дин учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун фидо қилган зотлар бўлишган. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига бевосита шоҳид бўлганларки, уларнинг ҳадис тўқиши эҳтимолдан йироқ ишдир. Чунки, Ислом тарихидан биламизки, саҳобалар ҳар бир хато, ножўя ишларга, ёлғонга жим қараб турмаганлар, балки бу каби ҳолатларга жуда қаттиқ турганлар.

Аммо, тобеъинлар даврида илк сиёсий ихтилофлар вужудга келиши бази мавзуъ ҳадисларнинг пайдо бўлишига сабаб бўла бошлади. Лекин, бу даврда адолатпеша саҳобаларнинг ҳаётликлари бу ҳаракатларнинг кенг тус олишига тўсқинлик қилган.

Тобеъинлардан кейинги даврда Ислом динининг турли халқлар орасида кенг тарқалиши, сиёсий ихтилофларнинг кенг тус олиши, ҳақиқий диний илмлардан узоқлашиш турли соҳаларда мавзуъ ҳадисларнинг кўпайишига олиб келди[5].

Мавзуъ ҳадислар тўқилишининг асосий сабаблари қуйидагича:

  1. Сиёсий ихтилофлар: Саҳобалар ва тобеъинлар даврида юз берган фитналар турли хил сиёсий ва диний оқимлар учун қўл келган. Тарихдан маълумки, бу ихтилофлар Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ўлдирилишлари ва Али разияллоҳу анҳунинг халифаликни қўлга олишларидан сўнг бошланган. Мусулмонлар турли тоифа ва гуруҳларга ажралиб кетди. Кўпчилик мусулмонлар Али томонида туриб, Муовия разияллоҳу анҳуга мухолиф бўладилар.

Бази олимлар мавзуъ ҳадислар ҳижрий 41йилига, яъни Али разияллоҳу анҳунинг халифалик даврига тўғри келади деган фикрни олға сурганлар. Шиалар ўз даъвосини қўллаб қувватлаш учун қуйидаги мавзуъ ҳадисларни тўқиб чиқардилар: “Менинг ўринбосарим, менинг сирдошим, аҳли байтимдан менинг халифам, мендан кейин халифаликка энг лойиқ одам Алидир”, “Ҳар бир Пайғамбарнинг васиятчиси ва вориси бўлгани каби менинг ҳам васиятчим ва ворисим Али ибн Абу Толибдир”, “Ким Алини инсонларнинг энг яхшиси демаса, кофир бўлади”, “Алига назар ташлаш ибодатдир” [6]

Шунингдек, шиалар Абу Бакр, Умар, Муовийа разияллоҳу анҳу ва умавийларни камситадиган ҳадисларни тўқиганлар. Айни пайтда бир қисм мусулмонлар хорижийлар номи остида алоҳида сиёсий фирқани ташкил қилдилар. Бироқ, бу сиёсий ихтилофлар диний тус олди ва исломда турли нотўғри диний оқимларнинг вужудга келишига улкан таъсир кўрсатди. Чунки, ҳар бир гуруҳ ўз мавқеъсини Қуръон ва Суннат билан қувватлашга ҳаракат қилар эди. Мана шу пайтда бази фирқалар орасида Қуръонни ўз даъволарига мувофиқ ўзгартириш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериб ҳадислар тўқиш ҳаракатлари пайдо бўлди.

Бу соҳадаги тўқилган ҳадисларнинг мазмуни асосан бази шахсларни улуғлаш маъносида бўлди. Ҳар бир тоифа ўз етакчиси, бошлиғининг фазилати ҳақида ҳадис тўқишга ҳаракат қилди.

Манбаъларда кўрсатилишича, бу ҳаракатни биринчи бўлиб “шиа” тоифаси бошлаган.

Шу ўринда, мазкур мазмундаги мавзуъ ҳадисларни базиларини мисол тариқасида айтиш мумкин:

“ Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир”,[7]

“ Сизларнинг қозингиз Алидир”.[8]

Халифалик Умавийларга ўтгандан кейин уларнинг тарафдорлари араб миллатига мансуб бўлмаган одамларга нисбатан менсимаслик ва камситиш туйғуси билан муомала қилганлар. Натижада, турли тўқима ҳадислар вужудга келди.

Ислом тарихидан маълумки, Хулафои Рошидинлар даврида юз берган яна бир фитналардан бири хорижийлар ва Али разияллоҳу анҳу ўртасидаги бўлган тўқнашувдир. Хорижийларнинг ҳадис тўқишлари масаласида олимлар турли фикр билдирганлар. Ибн Лаҳиъа, Убайдуллоҳ ибн Амр ва Имом Суютий хорижийларга мансуб бўлган ва умрининг охирида тавба қилган бир кишидан қуйидаги сўзни ривоят қилганлар: “Ҳадислар бир диндир. Шунинг учун динингни кимдан ўрганаётганингга эътибор бер. Чунки, биз бир фикрни амалга оширмоқчи бўлсак, уни ҳадисга айлантирар эдик”.[9] Бироқ, бошқа олимлар хорижийлар ёлғон гапиришни гуноҳи кабира ҳисоблагани учун уларнинг мавзуъ ҳадислар вужудга келишида ҳеч қандай ўрни йўқ деб ҳисоблайдилар.

  1. Ислом душманлари: Булар мусулмонларни ақидаларидан ва Ислом динидан узоқлаштириш мақсадида ҳадислар тўқиб, уларга асосланган ботил ақидаларни мусулмонлар орасида тарғиб қилганлар. Айтиш мумкинки, Ислом душманлари ўша даврда кенг тарқалган турли диний оқимларнинг ниқоби остида фаолият кўрсатганлар. Бундай кишилардан бири Муъалло ибн Абдурроҳман вафот етиши олдидан шундай деган:“Мен Алининг фазли тўғрисида 70 ҳадис тўқиганман”.[10] Одамларнинг Ислом динини қабул қилмасликлари, қабул қилганларни эса, ундан совутиш мақсвадида зиндиқлар (дин душманлари яъни, динсизлар) мантиқсиз, ақл бовар қилмайдиган ва эртакка ўхшаган ҳадисларни тўқий бошдаганлар. Жаъфар ибн Сулаймон айтади: “Ислом душманларидан бири одамлар орасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган 400 ҳадисни тарқатганига иқрор бўлди”. [11]
  2. Қасддан эмас, балки бази ровийларнинг хато гумонлари туфайли вужудга келган мавзуъ ҳадислар: Бунинг кўриниши, саҳиҳ ҳадис матнига бази иборалар ёки сўзларнинг қўшилиб қолиш шаклида бўлади.

 

 

Бобохон Бобохонов,

Тошкент ислом институти

Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар "Хўжа Нисбатдор"

жоме масжиди имом-хатиби

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мусталаҳул ҳадис. – Т.: Шарқ, 2011. – Б. 164.

[2] Али Қори. Ал-маснуъ мий маърифатил ҳадисил мавзуъ. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1969. – Б. 22.

 

[3] Мусталаҳул ҳадис, яъни ҳадис илми

[4] Али Қори. Ал-маснуъ мий маърифатил ҳадисил мавзуъ. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1978. – Б.14.

[5] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 26.

[6] –Ў ша асар, – Б. 356.

[7] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 138.

[8] – Ўша асар, – Б. 124.

[9] – Ўша асар, – Б. 89.

[10] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий, 1971. – Б. 90.

[11] Али Қори. Асрорул марфуъа фил ахбарил мавзуъа. – Байрут: Ал-мактабатул-илмий. 1971. – Б. 89.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муқаддас масканга муносабат қандай бўлиши керак?

14.08.2026   41597   2 min.
Муқаддас масканга муносабат қандай бўлиши керак?

Имом Бухорий мажмуаси нафақат Озбекистон, балки бутун ислом олами учун улугва муқаддас қадамжолардан бири ҳисобланади.

Ҳазрат Имом Бухорийдек буюк муҳаддис номи билан бог‘лиқ ушбу мажмуа бугун юртимизнинг энг йирик ма’навий ва маданий марказларидан бирига айланган. Ҳар куни минглаб зиёратчилар бу ерга келиб, аждодлар мероси, ма’рифат ва муқаддас тарих билан юзлашмоқда.

Мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки халқимизнинг бой ма’навий мероси, миллий ме’морчилиги ва ислом цивилизациясидаги о‘рнини намоён этувчи ноёб маданий об’ектдир. Уни барпо этиш учун катта меҳнат, юксак маҳорат ва қимматбаҳо қурилиш материаллари сарф этилган. Шу боис бу қутлуг‘ масканни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.

Яқинда Маданий мерос агентлиги томонидан айрим зиёратчиларнинг мажмуа ҳудудида бепарво муносабатда бо‘лаётгани ҳақида ма’лумот берилди. Айрим ҳолатларда устунлар, айвонлар ва музей экспонатларига эҳтиётсиз муносабатда бо‘лиш, чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса нафақат зиёратгоҳ ко‘ркига, балки унинг ма’навий муҳитига ҳам салбий та’сир ко‘рсатади.

Бу ҳолат барчамизни сергакликка чақириши керак. Зеро, муқаддас қадамжога келган инсон аввало о‘зини муносиб тутиши, тозалик ва тартиб-қоидаларга амал қилиши лозим. Чунки зиёратгоҳ — оддий сайргоҳ эмас. Бу ерда асрлар нафаси, буюк аждодлар руҳи ва ма’рифат зиёси мужассам.

Тозалик эса инсон маданиятининг энг муҳим ко‘рсаткичларидан бири. Ислом та’лимотида ҳам покликка алоҳида аҳамият берилган. Пайг‘амбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Тозалик — иймоннинг ярмидир”, дея та’кидлаганлар. Демак, зиёратгоҳ ҳудудида озодаликни сақлаш нафақат фуқаролик бурч, балки ма’навий мас’улият ҳамдир.

Айниқса, чет эллик меҳмонлар О‘збекистон ҳақидаги илк таассуротни айнан шундай муқаддас масканлар орқали олади. Агар зиёратгоҳ озода, тартибли ва файзли бо‘лса, бу халқимизнинг юксак маданияти ва ма’навиятини намоён этади. Аксинча, бепарволик ва тартибсизлик мамлакатимиз нуфузига салбий та’сир ко‘рсатиши мумкин.

Ёш авлодни зиёратгоҳ маданияти руҳида тарбиялаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болалар катталардан ибрат олади. Агар ота-она муқаддас жойда тартибга амал қилса, эҳтиёткор бо‘лса, фарзанд ҳам шу руҳда тарбия топади. Шу боис ҳар бир инсон о‘з ҳаракати билан бошқаларга намуна бо‘лиши керак.

Имом Бухорий мажмуаси — миллатимиз г‘урури ва ма’навий бойлиги. Уни асраш, тозалигини сақлаш ва эҳтиром билан муносабатда бо‘лиш ҳар бир инсоннинг виждоний бурчидир. Зиёратгоҳларга бо‘лган муносабатимиз орқали биз о‘з маданиятимиз, ма’навиятимиз ва аждодлар меросига бо‘лган ҳурматимизни намоён этамиз.

Аслиддин Мустафоев, мажмуа ахборот хизмати раҳбари.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари