Саҳобалардан кейин ҳадисларни тўплаш тарихи ҳам жуда кенг ва маълумотларга бой. Ҳадисларни ривоят қилган ҳар бир саҳобий ўзидан эшитганларини тўплаган кўплаб талабаларга эга эди. Саҳобаларнинг ўқувчилари “тобеин” деб аталарди.
Аксарият тобеинларнинг тўплаган ҳадислари умумий бир мавзуга бағишланмаган. Аммо уларнинг баъзилари ҳадисларни мавзулар остида жамлаган. Бу тартибда ёзилган илк ҳадис китоби Имом Шабъининг “Ал-Абвоб” китобидир. Бу китоб турли бўлимларга бўлинган. Ҳар бир бўлим закот, намоз каби бир мавзуга оид ҳадисларни ўз ичига олган.
Бундан тизимли равишда ёзилган илк ҳадис китоби илк ҳижрий асрдаёқ мавжуд бўлгани маълум бўлади. Бошқа бир китоб Ҳасан Басрий (ваф. 110) томонидан ёзилган бўлиб, унда Қуръони карим тафсир ва шарҳларига оид ҳадисларни жамланган. Бу бир мавзу асосида тизимли ёзилган илк китоб эди.
Тобеинлар даврида ҳадисларни тўплаш расмий равишда ҳалифа Умар ибн Абдулазиз (99-101)нинг буйруғи билан амалга ошди. У ҳукмдорлиги остидаги барча волийларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва уларнинг шогирдларидан ҳадис тўплаб, уларни алоҳида китобга ёзишга буйруқ берди[1].
Бу расмий амрнинг натижасида бир қанча ҳадис китобларининг ёзилишига ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалишига эришилди. Ибн Шиҳоб Зуҳрий бу даврда ҳадис тўплаш борасида йўлбошчилардан бири эди. У кўплаб китоблар ёзди.
Ушбу даврда ёзилган қўлёзмалар одатда, ҳар қандай фаннинг ривожланишида бўлгани каби, кейинчалик ёзилган катта ҳадис китобларига киритилган.
Шундай қилиб, ҳижрий 2-3 асрларда ёзилган катта китоблар ўз ўрнини эгаллади ва тобора кенг қамровли, батафсил ва тўлиқ бўлиб борди. Улар шу қадар кенг тарқалдики, тобеинларнинг китоблари саҳнадан ғойиб бўлди, бироқ улардан баъзилари сақланиб қолган ва кейинги китобларни солиштириш ва тасдиқлаш учун фойдаланилди.
Тобеинлар замонида ёзилган китоблардан бири, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ўзидан эшитган ҳадисларни ўз ичга олган, унинг шогирдларидан бири Ҳаммон ибн Мунаббиҳ (ваф. 101/719) саҳифасидир. Бу китоб ҳозирда “Ас-Саҳифа ас-Саҳиҳа” деб ном қозонган. Бу китобнинг барча ҳадислари, кейинги ҳадис тўпламларидан жой олган. Бунинг тўлиқ матни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (ваф. 241/855) Муснад китобида келтирилган. Китобнинг асл нусхаси мавжуд эмас ва анча олдин йўқолган.
1954 йилда бу китобнинг икки ёзма нусхаси Доктор Муҳаммад Ҳамидуллоҳ томонидан Берлин ва Дамашқ кутубхоналаридан топилди ва тўлиқ шаклда, муқаддима билан нашр қилинди. Доктор Муҳаммад Ҳамидуллоҳ узоқ асрлар аввал ёзилган бу ёзувларни тадқиқ қилди. Шу билан бирга бу матнларни Имом Аҳмаднинг Муснадидаги ривоятлар билан солиштириб чиқди. Икки матн орасида ҳеч қандай бир фарқ топилмади. Фақатгина бир хил китобнинг иккита қўлёзмасида учрайдиган бир нечта кичик тафовутлар бундан мустасно.
Бу тобеинлар тўплаган китоблар кейинги ҳадислар тўпламларида жуда эҳтиёткорлик билан киритилганлигини исботлайди.
[1] Фатҳ ал-борий. Ж. 1. – Б. 174.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, 9-қисм, 10-қисм, 11-қисм, 12-қисм, 13-қисм, 14-қисм, 15-қисм, 16-қисм, 17-қисм. Давоми бор...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ