Муносабат
Жорий йил 15–16 сентябрь кунлари бутун дунёнинг диққати кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрига қадалди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, дипломатлар, сиёсатшунослар ШҲТнинг навбатдаги 22-саммитида иштирок этиш учун Шарқ гавҳари Самарқандда жам бўлишди.
Ойнаи жаҳон, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали ШҲТ саммитини кузата туриб, бундан олти аср олдин Соҳибқирон бобомиз Амир Темур юритган одилона сиёсатнинг мантиғий давомини кўрдим.
Муҳтарам Президентимиз ШҲТ саммитда нутқ сўзлаб, бундай дедилар: “Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда”.
Дарҳақиқат, яхшилик узра ҳамкорлик қилиш муқаддас динимизнинг ҳам талабидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси 2-оят).
Ушбу оятдаги яхшиликдан мурод унинг ҳар қандай кўринишидир. У бандаларнинг дунё ва охиратдаги барча манфаатини қамраб олган. Унда бандаларнинг ўзлари ва Парвардигорлари билан боғлиқ ҳолатлари ҳақида сўз кетяпти. Чунки банда мана шу икки ҳолат ва икки мажбуриятдан айро эмас. Бири ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги мажбурият бўлса, кейингиси ўзи билан одамлар ўртасидаги мажбуриятдир.
Инсон табиатан ижтимоий мавжудот бўлгани учун бу оламда ёлғиз ҳаёт кечиришга қодир эмас. Шу боис ҳаёти бардавом бўлиши учун айрим масалаларда ўзгалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Аллоҳ таоло одамлар бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиши учун уларни турли миллат ва элатлар қилиб яратган. Чунки ўзаро ҳамкорлик Одам болалари орасидаги ҳаёт тарзининг энг яхшиси ҳисобланади. Зеро, у саодат, ютуқ ва фаол ижодкорлик учун асосдир.
Ўзаро ҳамкорликда иш юритиш юксак ижтимоий қадрият бўлиб, муваффақият сиридир. Шу орқали инсонлар ўз мақсадларига эришади, жамият фаровонлик ва саодатда ҳаёт кечиради. Бундай жамиятда меҳр-оқибат, дўстлик ва аҳллик ҳукмрон бўлади. Унинг аъзолари фаровон ҳаёт, бахтли келажак учун ўзаро ҳамкорликда ва елкама-елка туриб курашади. Ёмонлик ва зулмнинг тизгинини тийиб қўяди. Ўзаро ҳамкорлик туфайли ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган халқ ва жамиятда қадр-қиймати ва ўрни борлигини ҳис қилиб яшайди.
Ана шу жиҳатларни бугун ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳамкорлигида яққол кўриш мумкин. 3,5 миллиарддан зиёдроқ аҳолига эга ШҲТга аъзо давлатлар бугунги кунда ҳар жиҳатдан мустаҳкам алоқа ўрнатиши томонлар манфаатига хизмат қилади.
Мусулмон киши ўз биродари билан ҳамкорлик қилар экан, иккисининг ҳаракатига фаоллик қўшилади. Шу боис кўзланган мақсадга тез ва ишонч билан эришади. Чунки ҳамкорлик вақт ва меҳнатни тежайди.
Кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам яхшилик ва тақво ишларида ҳамкорликка тарғиб қилинганини кўрамиз. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар ўзаро раҳму шафқатда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган бутун жасад бедорлик ва иситма билан оғриққа жавоб беради”; яна: “Аллоҳнинг қўли жамоат биландир”; яна: “Мўмин мўмин учун бир-бирини тутиб турадиган бино кабидир”, деб марҳамат қилганлар.
Мусулмонлар ўзаро ҳамкорликда яшаши учун Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари барчамизга амалий ибрат ва намуна бўлиб берганлар. У Зот барча ишларда, шодликда ҳам, қайғули вазиятларда ҳам сафдошлари билан бирга бўлганлар. Макка мушрикларининг барча тазйиқлари чоғида ҳақиқий иймон эгаларига қўшилиб озор-азият чекканлар. Илк масжид қурилишида уларга қўшилиб елкаларида ғишт, тупроқ ва тош ташиганлар. Ҳандақ жанги куни эл қатори ер қазиганлар.
Ҳамкорлик яхшилик ва тақво ишларида бўлади. Яъни ҳар бир инсон илми ва амали билан бошқаларга ёрдамчи бўлади. Чунки одам ёлғиз ўзи ҳамма ишга ҳам қодир эмас. Зеро, Аллоҳ таоло инсониятни бир-бирига боғлиқ ва кўмакчи қилиб яратган.
Борлиқни яратган Аллоҳ таоло инсонларнинг куч-қудрати ва имкониятларини, иқтидори ва эҳтиёжларини ҳам бир-биридан фарқли қилиб яратди. Шу боис кимдир кучли, кимдир ожиз, бирови бой, бошқаси камбағал. Ҳамма вақт ва ҳамма замонларда, ҳар бир жамиятда бадавлат ва қашшоқ, олим ва жоҳил, кучли ва кучсизлар табақаси мавжуд бўлган. Шу боис инсонлар ўзи яшаб турган жамиятни саодатли қилишни истаса, бир-бири билан ҳамкорликда яшаши лозим.
Ўзаро ҳамкорликнинг самараси жамият ҳаётида намоён бўлади. Аъзолари иқтисод, фарзанд тарбияси ва ота-онага меҳрибонлик борасида бир-бирига ҳамкор бўлган жамоа бахтли бўлади. Одамлари камбағалга ёрдам, илмсизга таълим, беморга шифо, етимга кафиллик берадиган, зулмга қарши курашадиган ва фисқ-фасод тарқалишининг олдини оладиган жамият саодатга эришади. Унда фаровонлик, хотиржамлик барқарор бўлади. Фуқаролар ўртасида меҳр-оқибат кенг тарқалади.
Ҳақиқатан, ШҲТ саммитини кузатиб, бу тадбирда қабул қилинган қирқдан зиёд ҳужжатлар, келишувлар, меморандумлар – барчаси ташкилотга аъзо давлатларнинг манфаатларига бирдай хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Муҳтарам Юртбошимиз ўз нутқларида: “Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янада изчил ривожланишига ҳамда Ташкилотимиз нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади”, дея таъкидлаганлари ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларини руҳлантириб, янгидан-янги зафарларга, муваффақиятларга ундаши шубҳасиз.
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жаъфарнинг кимлигини биласизми?! Унга Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен менга яратилиш жиҳатидан ҳам, хулқинг жиҳатидан ҳам ўхшайсан», деганлар.
Бу баҳо унинг учун икки томондан буюкликдир. У чиройли, хушбичим инсон эди. Жаъфар Ҳабашистонга ҳижрат қилган муҳожирларга бош бўлган фасоҳатли ва ақлли инсон. Жаъфар Нажошийнинг ҳузурида Қурайшнинг доҳийси (ақлли кишиси) ва элчиси бўлмиш Амр ибн Осни мот қилган!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ниҳоятда яхши кўрар эдилар. Унинг Ҳабашистондан қайтиши Хайбарнинг фатҳ қилинишига тўғри келди. Ўшанда Набий алайҳиссалом: «Қай бирига хурсанд бўлай: Хайбарнинг фатҳигами ёки Жаъфарнинг қайтишигами?!» деган эдилар.
Жаъфар буюк ва қўрқмас баҳодир, Мута жангида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан кейин мусулмонлар қўшинига қўмондон бўлди. Унда учта муҳожирлик, саҳобалик, шаҳидлик буюклик жамланган эди. Аллоҳ таоло унинг Мута жангида кесилган икки қўли ўрнига жаннатда парвоз қиладиган икки қанот берди!
Мадинада эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий орқали кишиларга Мута жанги тафсилотиларини айтиб, шаҳид бўлган асҳобларига бир-бир марсия ўқиётган эдилар. Ниҳоят, Набйимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг яланғочланган қиличи туғилгани, мусулмонларни бу қийин вазиятдан осонлик билан суғуриб олгани хабарини бердилар. Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг ҳарбий тактикаси бугунги кунгача ҳарбий факультетларда дарс сифатида ўргатилади!
Ўша куни инсонлар суюкли инсонларини йўқотганлари учун йиғлашди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаъфарнинг оиласига таом қилиб беринглар. Уларнинг бошига машғул қиладиган нарса келди», дедилар.
Қандай буюк пайғамбар!
Қандай буюк дин!
«Жаъфарнинг оиласига таом қилиб беринглар».
Бу дунё йўқотадиган дунёдир. Бугун ким биландир видолашсак, эртага биз билан видолашишади. Бугун бировларнинг тобутини кўтарсак, эртага бизнинг тобутимизни кўтаришади.
Аммо бу дин қийинчиликда ҳам, кенгчиликда ҳам раҳмат динидир.
Бу дин елкадош бўладиган, ҳамдард бўладиган диндир. Инсонлар яқинларини йўқотганида бошқалар уларнинг ёнида туриши, бир-бирларига раҳм қилиши жароҳатларига малҳам бўлади!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитнинг оиласига таом қилиб беришни бизга таълим беряптилар. Чунки уларнинг бошига тушган мусибат таом пишириш каби энг зарур ишлардан ҳам чалғитиб қўйди.
Ҳаёт қарз олди-бердиларидан иборат! Кимлардир бизнинг бошимизга мусибат тушганида таом қилиб беришади. Биз ҳам уларнинг бошига мусибат тушганида таом етказамиз. Аслида, иш ошқозонга овқат туширишдан олийроқдир. Бу яраланган қалбнинг елкасини силашдир. Бу маҳзун кўнгилнинг бошини силашдир!
Мусибатзадаларнинг оғирини енгил қиладиган барча ишлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаъфарнинг оиласига таом қилиб беринглар», деган сўзлари остига киради!
Аза аҳлининг гоҳида маросим ўтказиш учун уйи торлик қилиб қолади. Қани энди уларга кенг уйингизни бўшатиб берсангиз!
Аза аҳлининг гоҳида таъзия маросимини ўтказиш учун маблағи бўлмай қолади. Қани энди уларнинг ёнида пулингиз билан тура олсангиз!
Гоҳида азадорлар қарздор бўлади ёки дафн туфайли харажатлари кўпайиб қолади. Қани энди уларнинг ёнида туриб, тирикка ҳам, ўликка ҳам ёрдам берсангиз!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди