10 йил олдин зилзила оқибатида деярли вайрон қилинган япон шаҳрида маҳаллий балиқ овлаш саноатида ишлайдиган йирик мусулмон жамоаси учун масжид қурилди, дея хабар беради Asahi нашри.
Мияги префектурасидаги Исиномаки шаҳри 2011 йилда зилзила натижасида деярли бутунлай вайрон бўлган. Йиллар ўтиб, ҳаёт аста-секин ўз ҳолига қайтмоқда ва минтақада ривожланаётган балиқ овлаш саноати Индонезия ва Бангладеш каби мусулмон мамлакатларидан ишчиларни жалб қилмоқда.
Масжиднинг қурилиши июль ойида якунланди ва энди юзлаб хорижий ишчилар жума кунлари Аллоҳнинг янги уйида жамоавий ибодат қилиш учун келишади.
Масжид ўз маблағлари ҳисобига қурилиш бизнесига эга бўлган бангладешлик тадбиркор томонидан қурилган. Тадбиркорга кўра, у японияликларнинг мусулмонларга нисбатан нохолис муносабатидан хавотирда бўлган, бироқ шаҳар маъмурияти ва аҳоли билан мулоқот қилгач, лойиҳани амалга ошира олишига ишонч ҳосил қилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:
"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.
Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.
Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.
Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.
У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.
Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.
Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.
Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."
Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).