Кубанинг Саудия Арабистонидаги элчиси Қироллик мамлакатдаги биринчи масжид қурилишини молиялаштириш ниятида эканлигини айтди.
"Саудия томонининг ушбу хайр-эҳсони туфайли Гаванада илк масжид барпо этилмоқда. У ерда мусулмонлар кўп бўлмаса-да улар аҳил ва иноқдирлар. Кубада мусулмонлар учун шароит яратишда иштирок этиш мен учун шарафдир", - дея хабар берди элчи Владимир Гонсалез.
Қизиғи шундаки, Саудия Арабистони 1956 йилда Куба билан дипломатик алоқаларни ўрнатган биринчи араб мамлакатидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати