Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари биринчи марта ҳижрий III асрда тадвин[1] қилинганини даъво қилиш мутлақо хатодир. Ҳадисларни тўплаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларидан бошланган. Ҳадислар фақатгина ёзиб қўйиш орқали сақланмаган, балки унинг янада бошқа бир қанча усуллари ҳам бўлган.
ҲАДИСНИНГ УЧ ТУРИ
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари ҳадис саналади. Ҳадислар нақл қилиш йўлларига кўра учта асосий турга бўлинади:
А. Лафзан мутавотир. Лафз эътиборидан, мутавотир учун талаб қилингани каби кўп миқдордаги ровий томонидан ҳамма ровийлари жиддий бир чалкашликка йўл қўймай, айни лафзларни ривоятда иттифоқ қилган ҳолда ривоят қилган бир ҳадисдир.
Б. Маънавий мутавотир. Ровийлар томонидан айни лафзлар билан ривоят қилинмаган ҳадисдир. Ровийларнинг лафзлари фарқлидир. Ҳатто баъзида нақл қилинган ҳодисалар ҳам айни ҳодиса бўлмайди. Фақат барча ровийлар ҳамма ривоятларда умумий бўлган бир ишни нақл қилишда иттифоқ қилганлар. Масалан , Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
من كذب علي متعمداً فليتبوأ مقعده من النار
“Ким менга қасддан ёлғонни нисбат берса, жаҳаннамдаги жойига тайёрланаверсин”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Бу биринчи турга кирадиган мутавотир ҳадисдир. Чунки бу ҳадиснинг энг камида 74 та та ровийси бор. Бошқача қилиб айтганда, 74 та саҳоба фарқли ҳолатларда, аммо барчалари айни лафзлар билан ривоят қилишган.
Бу ҳадисни у саҳобалардан олганларнинг адади янада кўп. Чунки ўша 74 нафар саҳобанинг ҳар бири буни бир неча шогирдига етказган. Шундай қилиб, бу ҳадиснинг ҳар бир табақадаги ровийлари янада ортиб боради ва асло етмиш тўрттадан камаймаган. Энди рақамда юзтача бўлган бу ровийлар, ҳадисни энг кичкина бир ўзгариш киритмасдан, айни лафзлар билан ривоят қилмоқдалар. Шу сабабли бу ҳадис “лафзан мутавотир”дир. Чунки бу қадар кўп саҳобанинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғонни нисбат бериш учун ёлғонга келишиб олишлари ақлга сиғмайди.
Бошқа томондан, кўпчилик ровийлар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бомдод намозида икки, пешин, аср ва хуфтон тўрт, шом намозида уч ракъат намоз ўқишни буюрганлари ривоят қилинган. Аммо ракъатлар сонини айтган ҳамма ровийларнинг лафзи бир хилда эмас. Уларнинг лафзлари фарқли. Ҳатто улар томонидан нақл қилинган ҳодисалар ҳам фарқлидир. Аммо барча ривоятларнинг мақсади айни. Бу умумий мақсаднинг, яъни ракъатларнинг аниқ сони “маънавий мутавотир” ўлароқ қабул қилинган.
Бу атама фақиҳлар томонидан бироз фарқли тарзда таърифланади: “Машҳур ҳадис асҳоби киром даражасида мутавотир бўлмаган, аммо улардан кейин тавотур даражасига етган ҳадисдир”.
Келинг энди бу уч турдаги ҳадисларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганиб чиқайлик.
Мутавотирга келсак, ҳеч ким унинг аниқ ишончлигига ҳеч қандай шубҳа қилмайди. Мутавотир бир санад билан нақл қилинган воқеа, кундалик ҳаётимиз билан боғлиқ бўлганларини ҳам ўз ичига олган ҳолда ҳар доим аниқ ҳақиқат ўлароқ қабул қилингандир. Мутавотир бир ривоятга суянган ҳар қандай хабар ҳамма томонидан иккиланмасдан қабул қилиниши шартдир. Мен Москва шаҳрини ҳеч кўрмаганман, аммо Москванинг бир шаҳар экани инкор қилиб бўлмас аниқ бир ҳақиқатдир. Бу ҳақиқат менга шаҳарни кўрган кўп миқдордаги ровийлар томонидан исботланмоқда. Бу доимий ривоят қилинган, яъни “мутавотир” бир ҳақиқатдир-ки унга инкор ҳам, шубҳа ҳам қилинмайди.
Биринчи ва иккинчи жаҳон урушларини ҳам кўрмаганман, аммо бу икки жангнинг рўй берганини, ҳеч қандай шубҳага суянмайдиган хабарлар, улар билан боғлиқ мутавотир хабарлар нақл қилмоқда. Соғлом ақл эгаси бўлган ҳеч ким, бу жангларнинг рўй берганини билдирган инсонларнинг ёлғон бир хабар тўқиш учун иттифоқ қилганларини ва бу жангларнинг бўлмаганини даъво қила олмайди. Жангнинг ҳақиқатда бўлган ҳодисалиги “мутавотир” хабарга суянилмоқда.
Айни шаклда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳақидаги мутавотир хабарлар ҳам унинг ишончлилиги ҳеч қандай шубҳасиз қабул қилиниши керак.
Хуллас, хоҳ лафзан мутавотир, хоҳ маънан мутавотир бўлсин мутавотир ҳадислар Қуръони карим каби ишончга эгадир ва иккаласи орасида ривоят йўлининг ишончлилиги томонидан ҳеч қандай фарқ йўқдир.
Мутавотирнинг биринчи гуруҳига кирувчи, яъни “лафзан мутавотир” бўлган ҳадислар сон жиҳатдан оз бўлса ҳам, иккинчи гуруҳ билан боғлиқ ҳадислар, яъни “маънан мутавотир” ҳадислар кўпдир. Тўғрироғи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг муҳим бир қисми мутавотирнинг бу турига киради, ҳеч қандай ҳолатда уларнинг ишончлилигига шубҳа қилинмайди.
Иккинчи гуруҳи, яъни машҳур ҳадисга келсак, унинг ишончлилик даражаси мутавотирга қараганда пастроқ. Шу билан бирга ровийлар сони ҳар табақада ишончли бўлган уч кишидан кўпроқ бўлгани учун ривоят ишончлидир.
Учунчи гуруҳ ҳадис “хабари воҳид”дир. Бу гуруҳнинг ишончлилиги ровийларининг тўғрисўз бўлишига боғлиқдир. Агар ровий ишончли бўлса, унинг хабари қабул қилиниши мумкин. Аммо биргина ровийнинг шубҳали бўлса, бутун хабар эҳтиётан шубҳали қолишда давом этади. Бу қоидага ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида амал қилинмоқда.
Нимага Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати билан боғлиқ хабарларга қўлланилмаслиги керак? Аксинча хабар ровийлари ривоят қилган нарсаларининг нозик томонларидан хабардор бўлганлари учун ҳам “ҳадислар” мавзусида бу қоидани энг аъло ҳолатда қўллаш мумкин.
Бу ҳар қандай бир ҳуқуқий ё диний бир таъсирга эга бўлмаган, тасодифий бир ҳодисага оид, оддий бир хабар эмас. Бу миллионлаб инсоннинг ҳаётига чуқур таъсир кўрсатган ҳодисага оид бўлган бир воқеанинг ривоятидир.
Ҳадис ровийлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир сўз ёки амални нисбат бериш ўйин эмаслигини жуда яхши билишарди. Бу нақл қилиш жараёнида ҳар қандай қасддан хато ё ҳар қандай иккиланиш, Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ва жаҳаннамда азоб бўладиган ҳолатга олиб борарди. Ҳар бир ровий ушбу машҳур ва мутавотир ҳадисни яхши билган: “Ким қасддан менинг номимдан ёлғон гапирса, жаҳаннамдаги жойига тайёрланаверсин”.
Бу ҳадис ровийларнинг қалбида шу қадар кучли масъулият ҳиссини пайдо қилганки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ҳар қандай нарсани нақл қилганда бирор хато аралашмасин деб қўрқиб, ранглари оқариб кетарди.
Бундай масъулият – ҳадис ровийларининг, бир ҳадиснинг муҳофазаси ва нақлида эҳтиёткор бўлишларининг асосий сабаби эди. Бу эҳтиёт чораси бошқа тарихий ҳодисаларнинг нақл қилинишида топилмайди.
Энди келинг ҳадисларни соф ҳолатда муҳофаза қилиш учун уммат томонидан татбиқ қилинган фарқли усулларни баён этайлик.
[1] Китоб шаклида ёзиш.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, 9-қисм, 10-қисм, 11-қисм, 12-қисм, 13-қисм, Давоми бор...
Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.
Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.
Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.
Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.
Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.
Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.
Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати