Макка шаҳридаги Масжидул Ҳаромда мўминларга хизмат қилиш учун Қуръони каримни ўқувчи ва маъруза қилувчи роботлар ишга туширилди. Бу мусулмонларнинг асосий зиёратгоҳида сунъий интеллектдан фойдаланишга қаратилган сўнгги қадамдир. Бу ҳақда islam.ru маълум килган.
Роботлар штрих-кодлар орқали маълумотни ўқий олади. Бу эса фойдаланувчиларга шахсий смартфонларига керакли хизматларни юклаб олиш ёки маълумотларга кириш учун роботлардаги буйруқларни босиш имконини беради. Эндиликда, ташриф буюрувчилар нафақат исломий саволларга жавоб олишлари, Қуръон ўқишлари, балки кундалик ва жума маърузаларини ўқийдиган имом ва азон айтадиган муаззинларнинг исмларини ҳам билиб олишлари мумкин.
Илғор автомашиналар Икки Муқаддас масжид ишлари бўйича Бош раис Шайх Aбдурраҳмон ал-Судаис томонидан ишга туширилди. Унинг қайд этишича, бу “Смарт Ҳарам” лойиҳасини амалга ошириш бўйича кенг кўламли стратегиянинг бир қисмидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:
«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».
Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати