Кеча, 12 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ислом маърифати ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган Бобохоновлар сулоласи меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш” мавзусида илмий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази етакчи илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиласи, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Мухлиса Зиёвуддин қизи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов ҳамда Диний идора ходимлари иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Маърифий учрашув аввалида Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари юртимиз мўмин-мусулмонлари томонидан катта эҳтиром билан ёдга олинадиган Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари ўта машаққатли йилларда юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожи йўлида беқиёс хизматлар қилганлари ҳақида сўз юритди.
Шундан сўнг Мухлиса Зиёвуддин қизи Муфтий Бобохоновлар сулоласи вакиллари, диний идора асосчилари, марҳум муфтийлар – Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсиддинхон Бобохоновлар фаолияти шўролар давлатида қалтис бир даврда минтақамиздаги бешта республика мусулмонларининг муфтийси бўлиб, бу муҳим ва масъулиятли вазифани ҳам аъло даражада бажарганлари, Собиқ иттифоқ даврида диний уламолар тақибга учраб, турли тазйиқларга қолган дамларда ҳам у зотлар ёпилган масжидларни очиш, бузилиб ётганларни таъмирлаш, диний тадбирларни ўтказиш, фуқароларнинг ҳаж сафарларига рухсат олишга эришганлари ҳақида гапириб берди.
Тадбир давомида Муфтий Бобохоновларнинг улкан хизматларидан бири Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси ва Тошкентда Ислом олий маъҳадининг очилиши, бу илму фан ўчоқлари нафақат Ўрта Осиё ва Қозоғистон, балки Россиянинг Европа қисми ва Сибир, Кавказорти, Шимолий Кавказ диний муассасалари учун ҳам кадрлар тайёрлагани, мазкур ўқув юртларини битириб чиққанлар орасида таниқли дин арбобларининг борлиги, Муфтий Бобохоновлар халқаро алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантиришга ҳам эътибор берганлари, бунда улар, биринчидан, турли мусулмон мамлакатларида ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этиб, ўша даврларнинг долзарб масалалари юзасидан маъруза қилган бўлсалар, иккинчидан, кўплаб дин ва давлат арбоблари билан алоқа ўрнатганлари, Муфтий Бобохоновлар иштироки билан ўша даврларда араб мамлакатлари ва ислом дини тарқалган 80 та давлат билан мамлакатимиз ўртасидаги муносабатлар яхшиланиб, диний алоқалар кенгайгани таъкидланди.
Маънавий-маърифий тадбир давомида кейинги йилларда ҳукуматимиз кўмагида Муфтий Бобохоновлар сулоласи ҳақида ҳужжатли фильм, кўрсатув, китоб, оммабоп рисола ва туркум мақолалар чоп этилиб, уларнинг динимиз, юртимиз равнақи йўлида қилган ишларини кенг оммаган тарғиб қилинаётгани, бу эса у зотларнинг ёрқин хотирасига ҳурмат-эҳтиром ва уларнинг хайрли амаллари доим эл ёдида эканлиги қайд этилди.
Тадбир сўнгида Иброҳимжон домла Иномов муҳтарам меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг эсдалик совғаларини топширди.











Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» мавзусидаги I илмий-амалий анжумани бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу нуфузли тадбирда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар ва ОАВ вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманга жами 700 нафарга яқин педагог ва соҳа вакиллари жалб этилган бўлиб, уларнинг 300 нафари бевосита залда, 400 нафари эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш ва замонавий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга тўхталиб ўтмоқда. Таъкидланганидек, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий ислом институти ва мадрасаси ҳамда 4 та халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши илм аҳлига кенг имкониятлар эшигини очди. Тошкент ислом институтида магистратура очилди, тизимдаги 510 нафар педагогнинг 50 нафардан ортиғи PhD ва DSc илмий даражаларига эга бўлди.
Шунингдек, юртимиздаги диний таълим муассасаларига Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси устозлари жалб этилди. 90 та фан дастури ва янги авлод дарсликлари яратилди. Мир Араб, Хадичаи Кубро, Ҳидоя ва Кўкалдош мадрасалари замонавий биноларга эга бўлиб, Иордания, Миср ва Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар ривожланмоқда.
Ушбу нуфузли анжумандан кўзланган мақсад ҳам профессор-ўқитувчилар учун илмий-амалий мулоқот майдонини яратиш, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш, таълим жараёнига рақамли ва инновацион усулларни кенг жорий этишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати