Ривоят қилинишича, одамзотнинг кўнглига уч нарса ҳеч урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. Биринчиси эр учун аёл, аёл учун эр. Чунки, аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан. Иккинчиси эса нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан. Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён. Башарият фарзанди учун учинчи улуғ нарса бу китобдир. Зеро, Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!» («Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказгани, мусулмонлар дилига сингдиргани маълумдир.
Китобнинг Муқаддаслиги шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи – Инсон, унинг ризқ-рўзи Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.
Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан, демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»; «маориф» деган маъноларни англатади.
Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.
Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:
1) ота;
2 ) она;
3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);
4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);
5) Қуръони каримдан хабардор киши;
6) мўйсафид одам;
7) адолатли раҳбар.
Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ Таолонинг ўзидир. Бунга қуйидаги оят мисолдир:
“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!” (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),
Мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!
Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Ундан кейингиси эса хат қаламни ўргатган, оқ-қорани танитган устозлардир.
Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.
Ўзгаларга илм ўргатиш, маърифат зиёсини тарқатиш, ниҳоятда савобли амалдур. Бундай маъсулиятли вазифага мутасадди бўлган инсонларнинг даражаси ҳам буюкдир. Дарҳақиқат, кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Aлбатта, бунинг учун устоз зарурдир. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яни устозлик килишининг фазилати ундан буюкдир.
Ўқитувчи ва мураббийлар ана шундай етук мутахассис ёшларни тарбиялаб вояга етказади. Дунёда минг-минглаб касблар борки, уларнинг орасидаги буюк касблардан бири ўқитувчиликдир. Қуръони Карим оятларида ва Ҳадиси шарифларда илмига амал қилувчи олимлар, устозларни ҳурмат, қилиш, эъзозлаш ҳақида жуда кўп кўрсатмалар берилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларнинг даражаларини юқорига кўтарур. Албатта Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордур”. (“Мужодала” сураси (11- оят.)
Ушбу ояти карима тафсирида Иби Аббос (р.а) бундай деганлар: “Олимларнинг даражаси илмсиз инсонларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенгдир”.
Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар. Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига эътибор беришни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.
Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади. Устознинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Алишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:
“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.
Яна бир шоир «Устоз» ҳақида бундай қалам тебратади:
Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий
Сайр айламакни қилди ихтиёр.
Мулозимлар ила чиқдилар йўлга
Ва кичик болага келдилар дучор.
Ўшанда Навоий отидан тушиб,
Ўша ёш болага қилибди таъзим.
Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол –
Бундай учрашувдан қолибдилар жим.
Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,
Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?
Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,
Салом бериши душвор!»
Навоий дебдики, мен кўрган бола
Устозим – боланинг бобоси эди.
Олисларда қолиб кетган дамларнинг
Узоқлардан келган садоси эди…
Устозим мен учун отадан улуғ,
Шунингчун болага қилдим мен таъзим.
Устозимдан қолган неварасига
Салом бермаслигим – гуноҳу азим!
Халқимизда “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг неча минг элагидан ўтиб, кейин муомалага қўйилган.
Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтганларимизни рухлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!
Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Исломий молиянинг моҳияти нимада? Бошқа молия турларидан уни нима ажратиб туради? Нега ҳатто Ғарб мамлакатлари уни ўзида жорий қиляпти? Банклар қошида ташкил қилинадиган шариат кенгашлари учун Ўзбекистонда кадрлар етарлими? Мазкур саволларга Kun.uz'нинг “Ислом молияси дарслари” рукнининг навбатдаги сонида Сирож Солиҳ жоме масжиди имом-хатиби Ҳасан Қодиров жавоб беради.
Исломий молиянинг асл негизида, моҳиятида нима ётади? Уни бошқа институтлардан нима фарқи бор?
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ислом молияси Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни суннатларига асосланган тамойилларга таянади. Қуръони карим ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни суннатларидаги молиявий масалаларда нималар назарда тутилган? Баъзиларига тўхталиб ўтамиз. Ислом молиясида мол-мулк, бутун коинот Аллоҳники. Бандалар бу мол-мулкларни қандай ишлатиш ҳуқуқига эга деган бир тамойил бор. Мана шу тамойилни инсонлар бир-бирлари билан молиявий муомалалар қилган пайтларида эътиборга олишади: “мулк менинг қўлимда омонат экан” деган тушунчага, ғояга эга бўлади. Шунинг натижасида бошқа одамларга хиёнат қилмайди.
Демак биринчи асос – мулк Аллоҳники, шундайми?
Шундай. Бандага мулк тасарруф қилиши учун омонат қилиб топширилган деган бир тамойил бор бу ерда. Иккинчи тамойил шуки, шариат тақиқлаган ишлар Ислом молиясида бўлмаслиги керак. Фақат ўзини ўйламайди ўшанда инсон, жамиятни ўйлайди, юртини ўйлайди, халқни ўйлайди, фарзандларини ўйлайди, келажакни ўйлайди. Демак, мол-дунёни тўғри тасарруф қилишда инсон яшаб турган жамиятнинг ривожланиши ва катта-катта тараққиётлар бор.
Яна бу асослардан биттаси шуки, кўпинча биз қиладиган тижоратларда ёки бошқа молиявий битимларимизда қимор услублари аралашиб қолади. Қимор услуби деганда нимани тушунишимиз керак? Яъни таваккалчиликка қурилган бўлади. Шариат бундан ҳам қайтаради. Чунки бунда бунда бир томоннинг куйиб қолиши бор. Шариат тамойилларидан биттаси шуки, биз тижорат қилган пайтимизда алдов бўлмаслиги керак. Пайғамбаримиз жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни Мадинайи Мунаввара бозорида айланиб юрганларида, дон маҳсулотини сотиб турган бир кишини кўрдилар ва муборак қўлларини ҳалиги маҳсулотнинг тагига тиқиб, шундоқ қўлларига бир ҳовуч донни олиб чиқсалар, ҳалиги нам экан. Намлик бор экан. Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом айтдиларки, “ман ғашша фалайса минна – ким фирибгарлик қилса, алдаса, биздан эмас” дедилар. Шунга ўхшаган жудаям кўп тамойиллар бор, ана шу тамойиллар асосида Ислом молияси шакллантирилган.
Исломий молиянинг концепция бўлиб шаклланиши қандай кечган?
Ислом молияси 1967 йилда биринчи Мисрда шаклланади. 1969 йилда Малайзияда, 1975 йилда Бирлашган Араб Амирлигида шаклланади. Ҳозир бир қанча ташкилотлар бор. Буларнинг номини зикр қиламиз десак, вақтимиз етмайди.
Тарихда бўлган воқеага қисқача тўхталиб ўтишимиз жоиз деб биламан. 1973 йилда қирол Файсал АҚШ ва Европа мамлакатларига нефт сотишни тақиқлагандан кейин, бир куннинг ичида нефтнинг нархи уч баробар ошиб кетади. Араб давлатлари энди улар билан олди-берди қилиш борасида ўзларининг диний эътиқодларига кўра савдо битимларини, ижара битимларини тузишга қарор қабул қилади. Аввал АҚШдаги денгиз портларини сотиб олиб, ижарага беришни йўлга қўяди.
АҚШнинг бутун шарқий соҳилидаги барча денгиз портларини сотиб олганларидан кейин, АҚШ сенати денгиз портларини миллийлаштиради, яъники мажбурий АҚШга қайтиб сотдиради. Шундан кейин, 1975 йилда биринчи Исломий банк – Дубай Исломий банки очилади. Кейинчалик Англия, Баҳрайн, Қувайт, Абу-Даби, Малайзия, Таиланд, Австралия, Сингапурда исломий молия соҳасига йўл очилади.
Ислом молияси Қуръон ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни суннатларидаги тамойилларга асосланганлиги сабабидан бу битимларда, Ислом молиясида адолат бор, барака бор, яхшилик бор. Шунинг учун бугунги кунда мусулмон бўлмаган халқлар ҳам Ислом молиясидан тўлиқ фойдаланяпти. Нима учун? Улар буни ўрганиб чиқди, ўрганиб чиқишлик натижасида Ислом молияси нақадар адолатли асослар устига қурилганлигини англаб етди. Шунинг учун улар бугун Ислом банклари билан ишлаяпти ва Ислом молиясини тўлиқ йўлга қўйишган.
Мана мамлакатимизда исломий молияси инструментлари жорий бўлиб бошлаяпти. Қонун-қоидалар қабул қилиняпти. Мана шу концепцияни ишлаб чиқилишида ўзимизда етишиб чиққан уламоларнинг роли қандай?
Тарихга назар соладиган бўлсак, аслида Ислом молиясининг асослари, унинг усуллари бизнинг аждодларимиз томонидан ишлаб чиқилган. Ислом фиқҳи бўйича энг мўътабар асар Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ҳидоя” асари. Ислом фиқҳи бўйича ёзилган энг мўътабар асар бу. Бутун дунёда ўқитилади. Ҳаттоки ҳанафий бўлмаган бошқа мазҳаблар ҳам Бурҳониддин Марғилонийнинг “Ҳидоя”сини, керак бўлса, ёдлаб, шундан тўлиқ фойдаланади. “Ҳидоя” асарида Ислом молияси боби ҳам жуда зўр очиб берилган. Мисол учун савдо китоби, ижара китоби, шерикчилик китоби, музораба китоби ва ҳоказо ҳамма китоблар гўзал баён қилинган. Гўзал баён қилиниши билан биргаликда унинг асл илдизлари, усуллари ва қоидалари ҳам китобда зикр қилиб ўтилган. Асосий қоидалар устига қурилган бу.
Энди ҳозирги кунда яна бир савол туғилиши табиий: Ислом молияси кириб келди, шариат кенгашлари тузилмоқда, уламоларимиз талабга жавоб берадими, йўқми, деган савол туғилиши ҳам табиий. Иншааллоҳу таоло, шариат кенгашларини ўзимизни уламоларимиз тўлиқ таъминлаб беради. Чунки Ислом молиясидан биз бутунлай узилиб қолганимиз йўқ. Агарчандики Ислом молияси бизларда амалиёт сифатида қўлланмаган бўлса-да, аммо назарий билимлар етарли. Мисол учун, ҳозир мен сизга зикр қилиб ўтган “Ҳидоя” асари бизни маъҳадларимизда, Ислом олийгоҳларимизда ўқитилади. Ёки мадрасаларимизда, фиқҳ бобида Ислом молияси тўлиқ ўргатилади. Шу билан биргаликда, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари тириклик пайтларида Ислом молияси бобида бир қанча китобларни ўқитганлар. Жумладан, бизнинг ўзимизга “Фиқҳул Муамалатул Малия” – “Молиявий муомалалар ҳақидаги фиқҳ” деган китобни ўргатиб, таълим берганлар.
Ислом молияси адолат устига қурилган. Бунда барака бор, бунда яхшилик бор, бунда хайр бор. Мен мен битта мисол келтираман. Мисол учун, музораба шартномаси. Бунда бир киши мол-мулк билан таъминлайди, яъни инвесторлик қилади, иккинчи киши иш қилади, яъники тадбиркорлик қилади. Мана шу пайтда нима бўлади, деса, инвестор пулни беради иш қилувчига, яъни тадбиркорга. Пулни олгандан кейин бу киши ишга киришади, ишни бошлайди. Дейликки, бир йил тўлди, бир йиллик шартнома тузилди. Бир йилдан кейин ҳисоб-китоб бўлади. Ҳисоб-китоб бўлиб, инвестор пулининг ҳаммаси чиқарилади, ундан қолгани энди фойда бўлади. Мана шу фойдани келишилган тарзда инвестор билан тадбиркор бўлиб олади. Агар 50 га 50 деб келишилган бўлса, 50 га 50 бўлиб олади. Агар 70 га 30 бўлса, 70 га 30. Бу келишувга боғлиқ. Агар фойда бўлмаса, фойдага кирилмаган бўлса, нима қилади, деса, ҳеч бир томон фойда олмайди. Агар зарарга кирган бўлса-чи, деса, инвестор пулига куяди, тадбиркор бир йиллик қилган меҳнатига куяди. Мана адолат.
Ислом молиясининг бошқа битимлари ҳам худди шунга ўхшаш адолат устига қурилганлиги учун бугун номусулмон бўлган халқлар ҳам бундан тўлиқ фойдаланяпти.
Шариат кенгашлари дейиляпти, уларнинг ишлаш механизми қандай бўлади?
Шариат кенгашлари икки хил бўлади. Биттаси Марказий банк қошида бўлади. Қолганлари ҳар бир банкнинг қошида бўлади. Марказий Ислом молия кенгаши (у “шариат кенгаши” ҳам дейилади) умумий тартиб қоидаларни стандарт шаклида тузиб беради.
Ҳамма учун.
Ҳа, ҳамма учун. Қолган ҳамма банклар шу стандарт билан ишлаши керак бўлади. Шариат кенгаши жуда юқори ташкилот ҳисобланади. Деярли банк билан тенглашади. Шариат кенгашининг қиладиган иши нимадан иборат деса, банкнинг маҳсулоти ва унинг амалиёти шариатга мувофиқ боряптими ёки йўқми, шариат доирасида турибдими ёки шариат доирасидан чиқиб кетяптими, ана шуни назоратга олади. Шартномалар, битимларни ҳали амалга ошишидан олдин кўради, ўз хулосасини бергандан кейин улар амалга оширилади.
Экспертиза қилади.
Ҳа, экспертиза қилади. Шариат мезонига солиб кўради. Энди, бир йил ўтди. Бир йилдан кейин, бир йил ичида бўлган шартномаларнинг ҳаммасини яна қайтадан кўриб чиқади. Яъни шариат доирасига тушдими, йўқми, мувофиқ келдими, келмадими? Буни ҳам қайтадан яна бир текширувдан ўтказади. Шариат кенгашининг мустақиллиги бор. Яъники у банкнинг тижорий манфаатларидан келиб чиқиб хулоса бермайди, балки шариатга мувофиқ ёки номувофиқ эканлигини эътиборга олган ҳолатда имзо чекади, рухсат беради ёки рухсат бермайди. Демак, бу борада шариат кенгашининг эътибори жудаям катта. Жудаям катта омонат ҳам уларни зиммасига юклатилган бўлади.
Яъни Исломий молия доирасида қилинаётган ҳар бир ҳаракатнинг устида назоратчи бор.
Ҳа, назоратчи бор. Шу билан биргаликда, яна битта нарсани эътиборга олиб қўйишимиз керак. Бошқа мамлакатларда амалда қўлланиладиган Ислом молиясининг асосларидан қайси биринидир олишимиз мумкин, оламиз, лекин шу билан биргаликда ўзимизнинг юртимиздаги кенгаш аъзолари, яъни шариат кенгаши аъзолари бизнинг яшаб турган шароитимиздан ва бизнинг ҳанафий мазҳабда эканлигимиздан келиб чиққан ҳолда, баъзи бир бошқа мамлакатларда жорий бўлиб турган моддаларни ўзгартириш ҳуқуқига ҳам эга. Мана шу ҳам шариат кенгашининг мустақиллигига киради.
Исломий молия унга амал қиладиган шахснинг руҳиятига қандай таъсир қилади?
Ислом молияси пулни ахлоқий қадриятлар ва шариат мақсадлари билан бирга боғлаб амалиётга киргизади ва шу билан биргаликда инсон қиладиган мана шу молиявий муомаласини ибодат даражасига кўтаришлиги билан инсоннинг руҳиятига жуда ҳам кучли таъсир қилади. Демак, Ислом молиясида инсоний ахлоқий қадриятлар эътиборга олинади. Энг асосийси, шариатнинг мақсадларига кўра Ислом молияси амалга оширилади.
Шариатнинг мақсади нима деса, шариатнинг мақсади инсонларга фойдани жалб қилиш ва зарарни даф қилиш устига қурилади. Бундан ташқари яна қанча-қанча тамойиллар бор. Ислом молиясида инсон муомалавий масалаларни амалга оширганда, тижорат қилади, ёки ижара шартномасини тузади, ёинки бошқа-бошқа шартномаларни тузади. Бундоқ қараганингда бу ишлар дунёвий бир ишга ўхшайди-ю, аммо мана шу ишлар ибодат даражасига ва мақомига кўтарилади.
Мисол учун, бир киши тижорат қиляпти, ёки ижара шартномасини тузяпти. Мана шунда ниятини тўғри қилиб, “мана, қиладиган ишим шариатга мувофиқ” деб ниятини гўзаллаштириб, “мана, қилган тижоратимдан мусулмонларга, ҳаммага фойда бўлсин, менга ҳам фойда бўлсин, мен билан шартнома тузадиган инсонга ҳам фойда бўлсин” деган мақсадда, ибодатни, савобни умид қиладиган бўлса, Аллоҳу таоло бунга ажр-савоб ато қилади. Нима учун? Чунки бу шариат асосига кўра бўляпти. Бу биринчидан. Иккинчидан, энди ниятини тўғрилаб олса бўлди, бу савобли амалга айланиб бўлади.
Чунки уламоларимиз айтадиларки, инсон бир қилган амалида савобга муяссар бўлиши учун иккита шарт бор. Биринчи шарт, шу қиладиган амали шариат мезонига тўғри келиши керак.
Иккинчиси, нияти гўзал бўлиши керак, яъники савоб умидида қилиш керак. Шунда инсон қилган амалидан ажрга, савобга муяссар бўлади. Бунда Ислом молиясига киришадиган дўстларимиз кўнгилларини хотиржам бўлади, шунда уларнинг қалбида бир кўтаринки руҳ бўлади, руҳияти кўтарилади. Чунки қиладиган иши – тўғри иш. Одамларга ҳам зарар қилмайди, ўзига ҳам зарар қилмайди. Ана шу нарсанинг ўзи инсоннинг руҳиятига жуда ҳам катта таъсир ўтказади, киши қиладиган ишида биринчидан, иккиланмайди, иккинчидан, Аллоҳга таваккал қилади, учинчидан, бу қилган ҳаракатига агар бордики молиявий фойда кўролмаса ҳам, Аллоҳнинг ҳузуридан ажр-савоб олишни умид қилганлиги сабабидан, савоб олади.
Инсон оддий қиладиган дунёвий ишини гўзал амаллар сарасига ва савобга айлантириши мумкин экан. Инсон бир хўплам сув ичади ёки бир бурда нон ейди, ана шунда яхши ният қилса, ибодатга айланади. “Ибодатимга қувват оламан” ёки “оиламни боқишим учун қувват топаман” деса, ўша “оддий” нарса ҳам ибодатга айланади. Пайғамбаримиз Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки, омонатдор, ростгўй тижоратчилар қиёмат кунида набийлар билан, сиддиқлар билан, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлади, деганлар.
Мана шу молиявий ишни амалга оширишим билан ҳалол мол дунё топаман, болаларимга ҳалол ризқ едираман, бунинг баракаси бўлади, ўзимга ҳам, юртимга ҳам барака бўлади, деган юқори кайфият билан киришади бу муомалага.
Видеолавҳа