Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июл, 2025   |   10 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
05 Июл, 2025, 10 Муҳаррам, 1447

Устоз ким?

06.09.2022   3445   7 min.
Устоз ким?

Ривоят қилинишича, одамзотнинг кўнглига уч нарса ҳеч урмас, яъни инсон 3 нарсадан асло безор бўлмас, доимо ардоқлар экан. Биринчиси эр учун аёл, аёл учун эр. Чунки, аёл Одам Атонинг қовурғасидан, яъни бир вужуддан яралган. Вужудда эса ошиқча аъзо йўқ. Ҳеч ким бирон аъзосидан воз кечолмагани каби аёл жинси эрдан, эр жинси аёлдан айри кеча олмас экан. Иккинчиси эса нарса – ризқ-рўзи, яшаш омили бўлган нон экан. Мана неча минг-минг йиллар ўтса ҳам Одам Ато ва Момо Ҳаво илк бор таъмини татиб кўрган буғдой ҳамон уларнинг авлодлари насибаси бўлиб хизмат килиб келаётир. Дунёдаги не бир ширинликлар, таомлар нон ўрнини босолмаслиги барчага аён. Башарият фарзанди учун учинчи улуғ  нарса бу китобдир. Зеро, Қуръондаги дастлабки оят «Иқра!»Ўқинг!») эканлиги, улуғ Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқишни ўрганиб, Аллоҳнинг сўзларидан хабардор бўлиб, уларни халққа етказгани, мусулмонлар дилига сингдиргани маълумдир.

Китобнинг Муқаддаслиги шундаки, одамлар у орқали фикран бойийдилар, ақлан ўсадилар, маънан соғлом бўладилар, ахлоқий камол топадилар. Шу боисдан ҳам Ислом динимиз саҳифаларидан асосий ўринни ёруғ оламнинг гултожи  – Инсон, унинг ризқ-рўзи Нон ва ақл-идроки маҳсули – Китоб одобномаси ва ибратномасининг ўрин олиши бежиз эмас.

Модомики Ислом динининг энг биринчи буйруғи «Ўқинг!» экан,  демак Ислом дини – энг аввало маърифат дини экан. «Маърифат» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кишиларнинг онг-билимини, маданиятини оширишга қаратилган таълим-тарбия»; «маориф» деган маъноларни англатади.

Ислом динининг асосий ва Муқаддас Китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг еттидан бир қисми фақат илм мавзусига доир масалалардан иборатдир.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг Каломи мажиди – Қуръони каримда ва Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида улуғлаб эъзозлаган етти тоифа инсонларни ҳар бир мўмин-мусулмон киши қадрлаб, ҳурмат қилиши лозим:

1) ота;

2 ) она;

3) устоз (манфаатли илм ё касб-хунар ўргатган инсон);

4) олим (фақат диний йўналишдагина эмас, балки инсон учун манфаатли барча соҳалардаги олимлар. Чунки ҳамма соҳаларнинг ҳам эгаси – Аллоҳ таолонинг Ўзидир);

5) Қуръони каримдан хабардор киши;

6) мўйсафид одам;

7) адолатли раҳбар.

Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққиёт этишида устознинг ўрни беқиёс. Чунки, ҳаммага маълумки, инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ Таолонинг ўзидир. Бунга қуйидаги оят мисолдир:

“Аллоҳ Одамга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга бирма-бир кўрсатиб деди: “Агар эътирозингизда ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!”  (Қуръони карим Бақара сураси 31 оят),

Мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устозиПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса энг биринчи устозиунинг ОТА-ОНАСИДИР! Ундан кейингиси эса хат қаламни ўргатган, оқ-қорани танитган устозлардир.

Шунинг учун ҳам ҳар бир ақл-заковатли, фаҳм-фаросатли одам «Устозлар ва мураббийлар» байрам кунида ҳам энг биринчи бўлиб ўзининг доимий пешқадамлари бўлмиш ўз ота-онасидан бошлаб, устоз ва мураббийларини кўнгилларини шод қилиб, бебаҳо, бетакрор ва беқиёс дуоларидан баҳраманд бўлишга шошилади.  

Ўзгаларга илм ўргатиш, маърифат зиёсини тарқатиш, ниҳоятда савобли амалдур. Бундай маъсулиятли вазифага мутасадди бўлган инсонларнинг даражаси ҳам буюкдир. Дарҳақиқат, кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Aлбатта,  бунинг учун устоз зарурдир. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яни устозлик килишининг фазилати ундан буюкдир.

Ўқитувчи ва мураббийлар ана шундай етук мутахассис ёшларни тарбиялаб вояга етказади. Дунёда минг-минглаб касблар борки, уларнинг орасидаги буюк касблардан бири ўқитувчиликдир. Қуръони Карим оятларида ва Ҳадиси шарифларда илмига амал қилувчи олимлар, устозларни ҳурмат, қилиш, эъзозлаш ҳақида жуда кўп кўрсатмалар берилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларнинг даражаларини юқорига кўтарур. Албатта Аллоҳ нима қилаётганларингиздан хабардордур”. (“Мужодала” сураси (11- оят.)

Ушбу ояти карима тафсирида Иби Аббос (р.а) бундай деганлар: “Олимларнинг даражаси илмсиз инсонларнинг даражасидан 700 даража юқоридир. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик масофага тенгдир”.

Янги ўқув йили ҳам бошланиб, фарзандларимиз улуғ ва муқаддас, машаққатли ва серсавоб иш бўлмиш – илм олишга киришдилар. Биз, ота-оналар, фарзандларимизни улғайишида, илм олиб, билимли бўлишларида кўп жиҳатларига эътибор беришни муқаддас динимиз амр-фармон қилиб буюради.

Муқаддас Ислом динимиз ҳукмлари ҳам, жаннатмакон юртимиз буюк ва маърифатпарвар, улуғвор ва донишманд халқининг Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга уйғунлашиб кетган, ҳатто мақоллари ҳам инсонларни илм-фан тараққиётига, илмли кишиларни улуғлашга ундайди, устозларни ҳурматлашга тарғиб этади. Устознинг мақомини мутафаккирларнинг мутафаккири Алишер Навоий ҳазратлари қуйидагича тавсифлаганлар:

“Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,

      Айламоқ керак онинг ҳаққин юз минг ганж ила”.

 

Яна бир шоир «Устоз» ҳақида бундай қалам тебратади:

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий

Сайр айламакни қилди ихтиёр.

Мулозимлар ила чиқдилар йўлга

Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий  отидан тушиб,

Ўша ёш болага қилибди таъзим.

Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол

Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,

Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?

Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,

Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики, мен кўрган бола

Устозим боланинг бобоси эди.

Олисларда қолиб кетган дамларнинг

Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадан улуғ,

Шунингчун болага қилдим мен таъзим.

Устозимдан қолган неварасига

Салом бермаслигим гуноҳу азим!

Халқимизда “Устоз отадек улуғ!” ва “Устоз отангдан улуғ!” деб айтишларида ҳам жуда кўп маънолар бор. Зеро, бу улуғ ҳикматлар элнинг неча минг элагидан ўтиб,  кейин муомалага қўйилган.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюрган, Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида тавсия этган, ўтганларимизни рухлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ, 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

“Сафарга кетдилар...”

04.07.2025   6983   2 min.
“Сафарга кетдилар...”

Аёли вафот этганидан кейин эри жуда маюс бўлиб қолди. Бир куни унинг яқин дўсти уни койиди:

– Ҳалиям уйланмадингми?

– Йўқ, – деди у.

– Нега, наҳотки бошқа аёллар ичида сенга ёқадигани бўлмаса?

– Раҳматли аёлимга ўхшагани топилмаса керак...

– Қўйсанг-чи, аёлларнинг бари бир-бирига ўхшайди-ку!..

– Мен зоҳирини айтмаяпман. Ички оламини, ботинини айтяпман.

Йигит ҳайрон бўлиб қараб турган дўстига ҳаётида бўлган биргина воқеани гапириб берди:

“Бир куни аёлим жаҳлимни чиқарди. Қаттиқ уришдим ва уни ота уйига ҳайдадим. Жимгина кетди. Орадан бир неча кун ўтгач, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Аслида айб ўзимдан ўтганини англадим. Минг андиша билан қайнотамникига бордим. Эшик олдида бироз туриб қолдим. Сўнг эшикни тақиллатдим. Аёлим очди ва мени ҳайратда қолдириб, худди орамизда ҳеч гап ўтмагандай, баланд овозда:

– Ассалому алайкум дадажониси, сафарингиз яхши ўтдими? – дея табассум билан кўзини қисиб қўйди. Унга бир нималар демоқчи бўлган эдим, у мени қаттиқ бағрига босиб, бундай деди:

– Гапирманг, ота-онамга сизни “сафарга кетдилар”, дедим...

Ана шундай фаҳмли, оқила эди аёлим. Шунинг учун ҳам унга ҳеч бирини ўхшатолмай, уйланолмай юрибман, дўстим”.

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таоло эркакни аёл учун, аёлни эркак учун неъмат қилиб берган. Тўғри, баъзилар бир-бирларининг камчиликларидан шикоят қилиб қолишади. Аммо ҳеч ким бенуқсон эмас. Мукаммал аёлни ҳам, эркакни ҳам ахтарманг бу дунёда. Ҳикояда келганидек, баъзида эр учун бир жуфти ҳалол бутун дунёдаги аёллардан афзал бўлиши мумкин. Шундай экан, аҳли аёлимизни қадрлайлик. Зеро, у ҳам кимнингдир фарзанди, болаларимизнинг онаси. Энг муҳими, Аллоҳнинг бизга берган омонатидир.

Акбаршоҳ РАСУЛОВ