Саудия Арабистони ҳукумати 2024 йилги ҳаж зиёратига тайёргарлик кўриш билан бир қаторда ҳаж мавсумида мусулмон зиёратчиларни жойлаштириш учун Макка шаҳрида 166 та бинога лицензия берди.
Ҳаж уй-жой қўмитаси кейинги ойгача бинолар учун кўпроқ аризаларни қабул қилади. Биноларни рўйхатга олиш жараёни беш мингтадан ошиб кетиши кутилмоқда.
Шунингдек, қўмита ҳар бир бино эгасидан уларнинг конструкцияларини муҳандислик идоралари томонидан тасдиқланишини ва бинонинг талабга жавоб беришига ишонч ҳосил қилишини сўради.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда 2 миллионга яқин зиёратчи ҳаж ибодатини адо этган бўлса, бу йил бундан ҳам кўпроқ зиёратчилар ташриф буюриши тахмин қилинмоқда.
Пандемиядан кейин вазият барқарорлашгани сабабли Саудия Арабистони ҳаж мавсуми учун янги қоидаларни ошкор қилди.
Саудия Арабистонининг ҳаж вазири Тавфиқ Ал-Рабиаҳнинг сўзларига кўра, мамлакатлар учун жойлар биринчи келганлар учун банд қилинади. Шартномани муддатидан аввал тугатган мамлакат энг яхши жойларни танлашда устунликка эга бўлади.
Расмийлар юқори сифатли хизматлар ва муаммосиз жараённи таъминлаш учун мамлакатларга 2024 йилги ҳажга тайёргарликни бошлашни таклиф қилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳаж ибодатига визалар бериш 2024 йилнинг 1 мартидан бошланиб, шу йилнинг 29 апрель куни тугайди. 2024 йилда ҳажга тайёргарлик анча осонлашади. Онлайн ариза бериш тизими йўлга қўйилади. Бу эса ўз навбатида зиёратчиларга керакли маълумотларни юклаш ва ўзларига қулай вақтда Ҳажга рўйхатдан ўтиш имконини беради.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД