Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Июн, 2025   |   22 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
18 Июн, 2025, 22 Зулҳижжа, 1446

Саудия Арабистонида “Ўзбекистон – мутафаккирлар мамлакати. Имом Бухорий Ватанига саёҳат” номли китоб нашрдан чиқди

16.08.2022   908   3 min.
Саудия Арабистонида “Ўзбекистон – мутафаккирлар мамлакати. Имом Бухорий Ватанига саёҳат” номли китоб нашрдан чиқди

Китоб арабистонлик таниқли журналист, ёзувчи, аждодлари асли Фарғона водийсининг Қўқон шаҳридан бўлган Абдулазиз Муҳаммадамин Қосим томонидан ёзилган. 

У 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида ота-боболари юрти – Ўзбекистонга сафар қилиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлган, миллий урф-одатлар билан яқиндан танишиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилган. 

Бунинг натижасида Ўзбекистоннинг тарихи, иқтисодиёти, жўғрофий жойлашуви, этнографияси, миллий ўзига хослиги ва миллатлараро муносабатлари, халқаро алоқалари, ўзбек халқининг маданияти, урф-одат ва анъаналари атрофлича ёритилган асар дунёга келди. Муаллиф мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, унда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувлик муҳити, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган тинчликпарварлик ва умуминсоний қадриятларга асосланган ташқи ва ички сиёсат, Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларни атрофлича қаламга олган. Ҳар бир бўлим буюк ва машҳур мутафаккирлар, шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, жамоат арбоблари ижодидан иқтибослар билан якунланади. Китоб саҳифаларидан Қуръон оятлари ва ҳадислар ҳам ўрин олган. 

Муаллиф жаҳон цивилизацияси, жумладан, Ислом олами ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз ҳаётини атрофлича тасвирлаб берган. 

“Китобни ўқир экансиз, жаҳонга Ислом цивилизациясининг қатор аллома ва намояндаларини тақдим этган, тарихда ўчмас из қолдирган, адоғи йўқ муваффақиятларга эришган, тарихи бугунги кунга қадар муҳрланиб қолган кўҳна бир халқнинг буюк тарихига шоҳид бўласиз. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, биз бу улуғ юртда яшаб ижод қилган, шуҳрати олис-олис уфқларни забт этган алломалардан айримларининг номларини, афсуски,  ҳанузгача эшитмаган эканмиз, ҳолбуки Ғарбда бу сиймоларга катта қизиқиш билан қарашмоқда, инсоният маданияти ривожига уларнинг қўшган ҳиссаси ҳамда илм-фан тараққиётига хизмат қилувчи ихтиро ва асарлари эътирофи ўлароқ, юлдуз ва сайёралар уларнинг исми  билан аталмоқда”, деб ёзади муаллиф. 

Шу билан бирга, китобда мамлакатимиз тарихи, Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти йўлида эришилган муваффақиятларига оид муҳим маълумотлар келтирилган. 

Муаллиф ўтган аср бошларида катта қийинчиликлар билан бир қанча давлатлар орқали Подшоҳликка келиб, жойлашиб қолган, анъанавий равишда “Бухороликлар” деб аталадиган ватандошларимизнинг бугунги авлодлари ҳақида ҳам сўз юритган. 

Абдулазиз Муҳаммадамин Қосим ўз таассуротлари ва ҳикояларини сарҳисоб қилар экан, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги сиёсий-иқтисодий муносабатларнинг замонавий ривожи, икки давлатнинг турли йўналишлардаги, жумладан, диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлиги, ўзбекистонликларнинг Ҳаж ва Умра зиёратлари амалларини бажариш учун яратилган янги имкониятлар ҳақида ҳам тўхталган. 
“Хотима ўрнида шуни ишонч билан айтаманки, Ўзбекистонга уюштирган сафарларим давомида бу юртда кўрганларим мен учун Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тутган мавқеи, элининг ҳиммати, ақл-заковати ва улуғвор ўтмиши туфайли илдамлаб бораётган, яқин келажакда улкан шаъну шавкатга сазовор давлат даражасига қадар юксалишини бот-бот таъкидлашим учун асос бўлади”, деб ёзади Абдулазиз Муҳаммадамин Қосим. 

Бир сўз билан айтганда, ушбу китоб Саудия Арабистонидаги йирик ўзбек диаспораси вакилларига ўз аждодлари Ватанининг тарихи ва замонавий ҳаёти билан яқиндан танишиш имкониятини беради. Шунингдек, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони халқлари ўртасидаги биродарлик, дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантиришга хизмат қилади. 

ЎзА

 

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Самарқанд шаҳри 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилади

16.06.2025   3886   1 min.
Самарқанд шаҳри 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилади

Саудия Арабистонининг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеларни ёритишда давом этаяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 
 

Хусусан, ушбу мамлакатдаги оммабоп "Sahm News" электрон нашрида Ўзбекистон 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиши ҳақидаги маълумотни тарқатди.

 

"Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри 2026 йилги Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиш учун танланди. Ассамблея Марказий Осиёда иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградациясига қарши курашиш учун маблағ йиғиш платформасига айланиши кутилмоқда", – дейилган материалда.

 

Қайд этилишича, 2026 йилда Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг саккизинчи йиғилиши ва Глобал экологик фонд кенгашининг етмиш биринчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. "Бу қарор АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Кенгашнинг олтмиш тўққизинчи йиғилишида қабул қилинди", дея урғуланган мақолада.

 

Саудиянинг етакчи "Watan News" нашри эса Ўзбекистон Президентининг яқин келажакда Брюсселга ташриф буюриши ҳақида ёзди. "Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тобго Клан тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумда маълум қилди", дея таъкидланган манбада.

 

"Бундай ташриф тарихий воқеа ҳамда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун ноёб имконият яратади", – дея Тобго Клан фикрларидан иқтибос келтирилган мақолада.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати