Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Шом вақти

15.08.2022   1906   3 min.
Шом вақти

Шом вақти. Деразадан ташқарига назар солар эканман, кўчада ёш болаларини олиб, сайрга чиққан келинларга кўзим тушади. Шом бўлгани боис кўчада чопаётган болаларнинг бир-бири билан урушиши, йиқилиб лат егани боис йиғи овозлари эшитилиб туради.

Болалик чоғларимизда бувим раҳматликнинг бот-бот қайтарадиган гаплари бўларди. “Шомда кўчага чиқманглар, жинлар кўпаядиган вақт”. Шу гаплари таъсир қилганидан бўлса керак, сал қоронғу тушиши билан уйларимизга чопар эдик.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Идишларингиз устини ёпинглар, қопнинг оғзини боғланглар, эшикларни қулфланг, кеч кирганида болаларингизни қайтаринг. Сабаби, (бу пайтда) жинларнинг тарқалиши ва тез ҳаракатланиши бор. Ётишдан олдин чироқларни ўчиринг. Сабаби сичқон пиликни олиб, хонадон соҳибларини ёқиб юбориши мумкин” (Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Бу ривоятда бир қанча фойдали маслаҳатлар берилмоқда. Жумладан, идишлар устини очиқ қолдирмаслик, қопнинг оғзини боғлаш ва кеч кирганда болаларни кўчага чиқармаслик ва шомдан кейин ташқари эшикни қулфлаш, ётишдан олдин шамни ўчириш таъкидланмоқда.
“Шомдан кейин кўчага чиқиб бўлмайди”, деган гап мана шу ҳадисга асосланиб айтилган бўлса, ажаб эмас. Бу гапларнинг асоси бор. Сабаби шом пайтида жинлар ер юзи бўйлаб тарқалади. Бу пайтда жинлар кўчада юрган болаларга зиён етказиб қўйиши мумкин.

Ҳозирги вақтда хасталикларнинг тури кўпайиб кетган. Аммо ҳар доим ҳам  касалликнинг келиб чиқишига асосий омил қилиб экологияни рўкач қилишимиз ноўрин.

Маҳалла келинларидан эшитиб қоламан: “Болам кечаси шайтонлаб чиқяпти, тез-тез касал бўлади”.  Энди мулоҳаза қилиб кўрайлик, ҳамма  хасталик  ҳам дори-дармон билан тузалавермагач, болаларнинг  соғлигини тиклаш учун, уларнинг руҳияти билан ҳам ҳисоблашишимиз зарур.

Шифокорлар ҳар қандай  касалликда гигиенага  жиддий эътибор беришни таъкидлашади. Ислом динида Қуръони карим, Набавий таълимотларида покликка тарғиб қилинади.  Шунинг учун ҳам  эмизикли боласи бор бўлган аёлларга доимо таҳорат билан болани эмизиш, эмизиш вақтида Қуръон оятларини ўқиш, саловатлар, тасбеҳлар айтиш тавсия этилади. Бундай амалнинг фазилатини кенгроқ тушунтирадиган бўлсак, таҳорат билан фарзандини қўлга олган аёл покиза руҳ билан боласини эмизишни бошлайди. Қуръон тиловати эса  гўдакдан шайтон ва жинларнинг таъсирини кетказади. Бундай болаларнинг уйқуси сокин, танаси соғлом,  руҳи тетик бўлади. Шундай экан ҳаётимизни Қуръони карим оятлари ва Суннати Набавий билан  нурлантиришимиз лозим. Токи фарзандларимизнинг имони мустаҳкам, ўзи саломат, эътиқоди юксак даражада бўлсин.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

13.01.2025   15626   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

Мақоланинг аудио шакли

Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:

– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:

– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.

– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.

Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:

– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.

Мен:

– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.

Улар:

– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.

– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.

“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар