Тақво узун соқол, жунли жубба, бирон иш қилмай масжидда узоқ қолмоқ, ўзингдан зоҳидни ясаб олиб, одамларни сенга берадиган садақасига кўз тутиб ўтириш эмас. Тақво булардан кўра баландроқ, улуғроқ ва олийроқдир. Тақво илм ва амални ўзида жамлагандир. Илм тақводадир... Уни тушунибгина олиш ишларингизда фойда бермайди. Балки, фаҳмлаганингдек унинг тақозосига кўра амал қилишдир.
Шайх Аҳмад Кафтару
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Биргина гуноҳим учун беш ой таҳажжуддан маҳрум бўлдим". “У қайси гуноҳ эди?” деб сўрашди. "Йиғлаб дуо қилаётган кишини кўриб, ичимда: "Бу киши риё қиляпти", дегандим…".
Имом Макҳул раҳматуллоҳи алайҳи: "Бир кишини намозда рукуъ ва сажда қилиб, йиғлаётганини кўрдим ва ичимда "у риё қиляпти!" деб унга туҳмат қилдим ва ўзим бир йил йиғлашдан маҳрум бўлдим".