Бугун, Муфтий ҳазратлари абитуриентлар учун овозли чатда дастлаб, диний таълим муассасаларида кириш имтиҳонларига қандай тайёргарлик кўрилгани, холислик, шаффофлик ва адолатни таъминлаш учун қилинган ишлар ҳақида маълумот бердилар.
Марафонда Муфтий ҳазратлари ўзларининг ўқишга кириш жараёнлари, талабалик йиллари ва бошга тушган синовлар борасида ҳам тўхталдилар.
Бўлғуси талабаларга илм олишнинг фазилати, Ислом динида илм талаб қилувчиларга берилган хушхабарлар ҳақида оят ва ҳадисларни баён этдилар.
Cуҳбатда абитуриентлар ҳаяжонни енгиши учун нима қилиши, натижа ўзлари кутгандек бўлмаса ўзини қандай тутиши ҳақида насиҳатлар қилдилар.
Фарзандини турли қинғирликлар билан ўқишга олиб кирмоқчи бўлган ота-оналарга мурожаат қилдилар ва бу ножоиз йўллардан қайтардилар.
Мулоқот сўнггида абитуриентлар ҳақларига дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов