Ислом шариатда суннатнинг тутган ўрнини янада яхшироқ англаб олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони карим оятларини қилган тафсирларидан мисоллар келтирайлик.
Тўғри, намоздаги: руку, сажда, қиём каби айрим ҳаракатлар ҳақида оятлар бор, аммо намозни тўлиқ адо этиш тартиби ҳақида ҳеч қандай оят учрамайди. Бу борада, фақатгина суннат орқали намоз ўқишни ўрганиш мумкин. Суннатдан бошқа бирор манба орқали уни ўрганиб бўлмайди.
Демак, Аллоҳ таоло 70 дан ортиқ оятларда намоз ўқишга буюриб, уни қандай адо этишни тўлиқ баён этмаганлигининг сабаби бу – суннатнинг аҳамияти ва унинг ўрнини билдириш учундир. Зеро, Қуръони каримда илмларнинг асоси баён этилади, уларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, изоҳлаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифасидир.
إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا ١٠٣
“Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир” (Нисо сураси, 103-оят).
Аммо бирорта оятда намозни қачон ўқиш кераклигининг аниқ вақти баён этилмаган. Ҳатто фарз намози беш маҳал экани ҳам Қуръонда келмаган. Намознинг беш маҳаллиги ва бир кеча-кундузда уларнинг ўқилиш вақтларини фақатгина суннат орқали билиш мумкин.
وَلِلَّهِ عَلَى ٱلنَّاسِ حِجُّ ٱلۡبَيۡتِ مَنِ ٱسۡتَطَاعَ إِلَيۡهِ سَبِيلٗاۚ ٩٧
"Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир" (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ушбу оятда ҳаж амалини неча маротаба бажариш лозимлиги баён этилмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам банда умри давомида соғлом ва молиявий жиҳатдан қодир бўлганда бир маротаба адо этиши фарз эканини таъкидлаганлар.
وَإِن كُنتُمۡ جُنُبٗا فَٱطَّهَّرُواْۚ ٦
"Агар жунуб бўлсангиз, обдон покланингиз (чўмилингиз)!" (Моида сураси, 6-оят).
Бошқа оятда эса, жунуб ҳолатда намозга яқинлашмаслик айтилади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تَقۡرَبُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنتُمۡ سُكَٰرَىٰ حَتَّىٰ تَعۡلَمُواْ مَا تَقُولُونَ وَلَا جُنُبًا إِلَّا عَابِرِي سَبِيلٍ حَتَّىٰ تَغۡتَسِلُواْۚ ٤٣
"Эй, иймон келтирганлар! Токи гапираётган гапингизни (ўзингиз) биладиган бўлгунингизгача, маст ҳолларингизда намозга яқинлашмангиз! Яна жунуб (нопок) ҳолларингизда ҳам, то покланмагунча (намозга яқинлашмангиз)" (Нисо сураси, 43-оят).
Аммо оятларда жунубнинг таърифи ва жунуб одам қандай покланиши лозимлиги баён этилмаган. Албатта бу саволларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам батафсил жавоб берадилар.
وَٱلَّذِينَ يَكۡنِزُونَ ٱلذَّهَبَ وَٱلۡفِضَّةَ وَلَا يُنفِقُونَهَا فِي سَبِيلِ ٱللَّهِ فَبَشِّرۡهُم بِعَذَابٍ أَلِيمٖ ٣٤
«Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида "хушхабар" беринг!» (Тавба сураси, 34-оят).
Ушбу оятда мол-дунёни Аллоҳ ризолиги йўлида сарфлаш мақталмоқда, аммо уларни тўплаб қўйиш, сарфламаслик қаттиқ қораланмоқда. Лекин қанча мол-дунёни йиғиш мумкин ва уни қаерларга сарфлаш кераклиги баён этилмаган. Бу саволларга ҳам суннат орқали жавоб топиш мумкин.
وَأَن تَجۡمَعُواْ بَيۡنَ ٱلۡأُخۡتَيۡنِ ٢٣
"Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди)" (Нисо сураси, 23-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни кенгроқ шарҳлаб, бу тақиқ нафақат икки опа-сингилга, балки она ва ота томондан хола ва жиянга[1] ҳам тегишли эканининг хабарини берганлар.
ٱلۡيَوۡمَ أُحِلَّ لَكُمُ ٱلطَّيِّبَٰتُۖ ٥
"Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди" (Моида сураси, 5-оят).
Нималар покиза нарсалар эканини билиш, уларнинг рўйхати билан танишиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мурожаат қилиш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол бўлган нарсалар билан бирга ҳалол бўлмаган нарсаларнинг ҳам хабарини берганлар. Агар у зот алайҳиссалом уларнинг рўйхатини умматларига эълон қилмаганларида ҳар бир инсон ўзича бу оятни талқин қилган бўларди. Оқибатда ҳалол билан ҳаром нарсаларнинг чегараси бузилиб кетарди.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, лекин юқорида келтирилган далиллар мавзунинг моҳиятни кўрсатиш учун етарли.
[1] Бир киши бир вақтнинг ўзида опа-сингилни, жиян билан амма, холаларни никоҳига олиши мумкин эмас. Ҳадисда "Бир аёлнинг устига аммаси ёки ҳоласи ёхуд ака-укаларининг қизлари, опа-сингилларининг қизлари никоҳ қилинмайди" дейилади (Имом Бухорий ривояти).
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
1-қисм, 2-қисм, 3-қисм, 4-қисм, 5-қисм, 6-қисм, 7-қисм, 8-қисм, Давоми бор...
Бугун, 13 май куни муборак ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи муқаддас замин томон йўлга чиқишди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.
Муборак сафар олди Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон Ҳаж амалларини бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин!