Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир Набийнинг ҳамроҳи бор, менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмондир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
* * *
Нубувват сўнг мушрикларнинг мусулмонларга зулми ортиб борди. Ҳазрати Усмон ўн тўрт кишилик гуруҳ билан Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Ўн уч кишининг қўлида ҳассасидан бўлак ҳеч нарсаси йўқ эди. Уларнинг барча харажатларини кўтарди.
Муҳожирлар Мадинага кўчиб ўтганларидан кейин аҳолининг сувга эҳтиёжи кучайди. Ўша вақтда энг катта қудуқлардан бири Румо бўлиб, у бир яҳудийга тегишли эди. Яҳудий қудуқнинг қатра сувини ҳам сотарди. Сув танқислигидан фойдаланиб нархини қимматлатди.
Буни кўриб Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Бу қудуқни сотиб олиб, халқ билан бирга фойдаланган кишига жаннатда хайрлироқ мукофот бор”, дедилар (Имом Насоий ривояти). Усмон розийаллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, мен сотиб оламан”, деди.
* * *
Табук ғазотида мусулмонлар қўшинини тўлиқ жиҳозлантирган инсон Усмон розийаллоҳу анҳудир. Ибн Исҳоқ: “Усмон розийаллоҳу анҳу Табук жангчиларига шунчалик кўп пул сарфладики, ҳеч бир киши у зотчалик сарфлаган эмас”, деган. Усмон розийаллоҳу анҳу минг динор, 950 та туя ва 50 та от ҳадя қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Усмон бу иши билан асло зарар қилгани йўқ”, деганлар. Кейин: “Ким ночор аскарни қуроллантирса, унга жаннат насиб бўлади”, деб башорат қилганлар.
* * *
Абу Бакр розийаллоҳу анҳу даврида қурғоқчиликдан одамлар қаттиқ изтиробга тушди. Шу вақтда Мадинага етиб келган ҳазрати Усмон карвони кўпчиликнинг эркин нафас олишига сабаб бўлди. Ҳазрати Усмон имкониятдан фойдаланиб молларини юқори баҳода сотишни хаёлига ҳам келтирмасди. Мадина савдогарлари юкларни катта фойда эвазига кўтарасига сотиб олиш учун бир неча бор келишди. У зот ҳар гал: “Сиздан кўпроқ фойда берувчи Зот бор”, деган жавобни берди. Охири савдогарлар халифа Абу Бакр розийаллоҳу анҳуга шикоят қилишди. Халифа: “Эй Усмон, булардан ҳам кўпроқ фойда таклиф этган зот кимлигини мен ҳам билмоқчиман?” деб сўради. Усмон розийаллоҳу анҳу: “Эй Халифа, ўша юксак зот – Аллоҳдир. Аллоҳнинг бир яхшилик эвазига ўн баробар фойда бериш ваъдаси бор. Одамлар ҳам гувоҳ бўлсин, карвонни Аллоҳ ризоси учун садақа қилдим. Уни хоҳлаганингиздек тарқатишингиз мумкин”, деди. Бундай воқеалар ҳазрати Усмон ҳаётида кўп бўлган.
Ҳижратнинг 26-йили Макка аҳолиси Эсон денгиз портини янгидан Жидда яқинидаги соҳилга кўчириш тўғрисида маслаҳатлашишди. Чунки шундай қилса, порт Маккага яқинроқ жойлашарди. Ҳазрати Усмон саҳобаи киромлар билан бирга Жидда соҳилига борди. У ерни синчиклаб ўрганиб, порт қуриладиган жойни кўрсатиб берди ва: “Бу ер муборак соҳил бўлсин”, деб дуо қилди. Ўша даврда барпо этишга асос солинган Жидда порти ҳанузгача Маккаи мукаррамага хизмат қилмоқда.
Яна ўша йили Каъба атрофидаги ҳовлиларни сотиб олиб Байтуллоҳга қўшди. Катта кошонали хоналарни барпо эттирди. Аллоҳнинг Байтул Ҳарамини биринчи бўлиб кенгайтирган шахсга айланди. Шунингдек, жоҳилиятда теридан қилинган Каъбапўшни олдириб, ўрнига Миср ипак пахтасидан тўқилган оқ мато ёптирди.
Ҳижратнинг 24-йилида Мадина аҳолиси Усмон розийаллоҳу анҳу билан Масжиди Набавийни кенгайтириш хусусида маслаҳат қилдилар. Ҳаммалари эски масжидни бузиб, ўрнига кенг ва каттароқ масжид бино қилишга иттифоқ этишди. Сўнг ҳазрати Усмон пешин намозини халқ билан ўқиди. Намоз тугагач хутба қилди, сўнг: «Эй халойиқ! Мен ушбу масжидни бузиб, ўрнига янги, кенг, катта масжид қурмоқчиман. Гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: «Кимки бир масжидни бино қилса, унга жаннатда бир уй бино қилинади», деганларини жуда кўп бор ўз қулоғим билан эшитганман. Мендан аввалроқ ўтган Умар ибн Хаттоб ҳам масжидни кенгайтирди. Бу ишим билан мен ўшаларга эргашган бўламан», деди. Қурилиш ҳижрий 29 йилнинг Рабиул аввал ойида бошланиб, бир йилга бормай ниҳоясига етказилди.
Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ўқувчиси Сарвинисо
ШАМСУДДИНОВА тайёрлади.
Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган.
Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ.
Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.
Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани
"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби