Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Термиз шаҳар бош имом-xатиби Расулжон домла Абдуллаевнинг волидаи муҳтарамаларининг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Расулжон домла Абдуллаевга ва марҳума онахоннинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Жаноза намози Термиз шаҳар “Кокилдор ота” маҳалласи, Султон саодат кўчасида соат 11:00 да ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Покистоннинг оммабоп “Discover Pakistan” телеканалида Ўзбекистонда бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бағишланган махсус кўрсатув эфирга узатилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Урду тилида намойиш қилинган мазкур телелойиҳа I Халқаро ислом цивилизацияси форумида иштирок этган “Discover Pakistan” ижодий жамоаси томонидан тайёрланган.
Унда форумнинг асосий натижалари, унинг халқаро аҳамияти ва Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлари хусусида сўз юритилди.
Эфир давомида форум турли мамлакатлардан келган таниқли олимлар, диншунослар, давлат ва жамоат арбобларини бир майдонга жамлаган нуфузли халқаро мулоқот платформаси сифатида эътироф этилди. Муаллиф таъкидланганидек, анжуман диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, маърифий ислом ғояларини кенг тарғиб қилиш, экстремизм ва радикализмга қарши маънавий-маърифий ёндашувларни мустаҳкамлашга қаратилган долзарб ташаббусларни илгари сурди.
Кўрсатувда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, буюк алломалар меросини чуқур ўрганиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ислом маданияти ва цивилизациясига оид бой меросни халқаро майдонда тарғиб этиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Самарқанд, Тошкент ва Термиз каби илм-фан марказларининг жаҳон ислом цивилизацияси тараққиётида тутган ўрни ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Кўрсатувда форум иштирокчилари бўлган бир қатор хорижий олимларнинг интервьюлари ҳам ўрин олган. Хорижий экспертлар мазкур форум мамлакатлар ва турли халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этганини қайд этди.
Теледастур бошловчиси айтганидек, форум доирасида қабул қилинган ташаббуслар халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланмоқда ва улар илм-фан, таълим ва маданий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади. “Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда халқаро мулоқот майдонларини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди”, – дея таъкидлаган муаллиф.
“Discover Pakistan” телеканали орқали эфирга узатилган мазкур кўрсатув Покистон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой маънавий-маърифий мероси ва I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништиришга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати