Икки Муқаддас Ҳарам масжидлари раҳбарияти идорасининг маълум қилишича, янги ҳижрий сана бошланиши муносабати “Каъбапўш – Кисва” шанба куни янгисига алмаштирилади. Мазкур йиллик тадбирда Икки Муқаддас Ҳарам масжидлари идораси раҳбари, шайх Абдурроҳмон Ас-Судайс бошчилигидаги 166 нафар техник ходимлар ва ҳунарманд иштирок этди.
Ас-Судайс Саудия Арабистони раҳбариятининг Каъбани асраб-авайлашга катта эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Подшоҳ Абдулазиз номидаги “Каъбапўш – Кисва” мажмуасида турли бўлимларда, жумладан, бўяш ва автоматик тўқиш, қўлда тўқиш, босмалаш, тикиш ва йиғиш бўлимлари ҳамда Каъба камари ва олтин бўлимида 200 га яқин ҳунарманд ва маъмурлар меҳнат қилди.
Тикув устахонасида узунлиги 16 метр бўлган, комьпютер тизими билан ишлайдиган дунёдаги энг узун тикув машинаси жойлашган.
“Каъбапўш – Кисва” тайёрланиш жараёнида қора рангга бўялган 670 кг хом ипак, 120 кг олтин сим ва 100 кг кумуш симдан фойдаланилди.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати