Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Пайғамбар алайҳиссаломга итоат раҳбарга итоат этишдан фарқлидир (6-қисм)

27.07.2022   6363   7 min.
Пайғамбар алайҳиссаломга итоат раҳбарга итоат этишдан фарқлидир (6-қисм)

Суннатни инкор этувчилар: “Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этишни буюрар экан, бунда пайғамбар сифатида эмас, балки раҳбарга итоат қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар раҳбари бўлганлари учун у зотга итоат қилинади ва эргашилади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг эса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш мажбур бўлинмайди. Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринларига ким раҳбар бўлса, мусулмонлар унга эргашадилар”, деган иддаони қилишади.

Бу ердаги хато тушунча шундан иборатки, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбар деб эмас, балки раҳбар сифатида эргашиш лозим дейдилар. Бунга юқорида кўрсатилган оятларга нотўғри ёндошув сабаб бўлган. Унинг сабаблари қуйидагилардан иборат:

  1. Қуръони каримнинг қатор оятларидаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга буюрилган, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари ёки раҳбарга эмас. Агар бир кишига: “Отангга итоат қил!” дейилса, оталик мавқеи отага итоат килишнинг асоси бўлади. Агар “Устозингга эргаш!” дейилса, устозлик мақоми эргашишликни тақозо қилган бўлади.

Худди шунингдек, Аллоҳ таоло “Пайғамбарга итоат этинг! деб амр қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбар бўлганлари учун итоат этиш лозимлигини англатади.

  1. Қуръони карим итоатэтишни нотўғри талқин қилинишидан қайтаради:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз(Нисо сураси, 59-оят).

Оятда Пайғамбар алайҳиссаломга итоат бошлиқ (раҳбар)ларга итоатдан алоҳида зикр қилинди. Зеро, Пайғамбарга ва раҳбарга итоат этишнинг ўзига хос алоҳида хусусиятлари мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда эса ҳар икки хусусият ҳам жамланган эди. Чунки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар, ҳам раҳбар эдилар.

Агар Аллоҳ таоло Пайғамбарга итоатни фақат ҳаётлари билан чеклаганда эди, Қуръони каримда аниқ ва равшан қилиб "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этинг!" деган буйруқ бўларди. Қуръони каримда бу икки хусусият бир-биридан ажратилиб, алоҳида зикр қилинди ва нотўғри талқин қилиш бартараф этилди.

Шунингдек, оятда нозик бир жиҳат бор, яъни ишбошилар лафзи кўплик шаклида, "Пайғамбар" сўзи эса бирлик шаклида келган. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги Пайғамбар эканликлари ва у зотдан кейин пайғамбар келмаслиги очиқ-ойдин равшанлашади.

Пайғамбарга итоат фақат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга хос хусусият эканига далолат қилади. Келажакда ҳеч ким бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тенг келолмайди. Қолаверса, ишбоши (раҳбар)лар пайғамбардан фарқли ўлароқ кўп келиши табиий ҳолдир. Бу кўринишдаги бўйинсуниш, яъни ишбошиларга итоат этиш ваҳий замонидагина эмас, балки барча замонлардаги ишбошиларга ҳам тегишлидир.

Демак, Пайғамбар алайҳиссаломга итоат Аллоҳга итоат экан. Бунга қарши бирор раҳбар ёки давлат бошлиғи ваҳий олганини даъво қилолмайди. Раҳбар ишхона буйруқлари асосида ўз қўлостидаги ишчиларини бошқара олади, лекин раҳбарлик мақомида шариат қоидаларини чиқариб, уни қўллай олмайди.

Раҳбар Қуръони карим ва суннатдан олинган шаръий аҳкомларни ҳукмсиз қўллай олмаганидек, ўз буйруқларини шаръий аҳкомлар каби бутун замонлар учун риоя қилиниши мажбурий қоида сифатида қўллай олмайди. Шаръий аҳкомлар Аллоҳ таолодан келган ва турли кўринишдаги ваҳийга асосланган бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари эса тамомила фарқли бўлиб, Аллоҳ таолодан тиловат қилинадиган ва тиловат қилинмайдиган ваҳий оладилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набавий амрлари шахсий хоҳиш-иродаларига асосланган буйруқ эмас, балки ваҳий, ваҳий тарафидан тасдиқланган буйруқдир.

Ушбу икки ҳолатни янада кенгроқ таҳлил қилиб кўрайлик:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари баъзан асл манба матлув ва ғойри матлув шаклида ваҳий қилинишини айтдик. Ваҳий бўлмаса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқ бермасдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илоҳий хулқларига ишора қилишига асло шубҳа йўқ. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқлари шариатнинг бир бўлаги саналади.

Шунингдек, айрим ўринларда буйруқлар ваҳийга эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг воқеалар таҳлилига асосланишлари ташкил этади. Бироқ улар ҳам вақти билан ваҳий орқали ўз тасдиғини топади.

Тасдиқлар ҳам икки турли бўлади: Гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарорлари ваҳий тарафидан очиқ-ойдин тасдиқланиши билан намоён бўлади, айрим ҳолларда, яширин тасдиқлаш (қўллаб-қувватлаш) орқали ўз тасдиғини топади.

Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум бир ҳаракат (амал)ларини Аллоҳ таоло ислоҳ этмаётган бўлса, бу ўша амал (ҳаракат)нинг тасдиқланганини англатади.

Бунинг боиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси (пайғамбари), У Зотнинг иродасининг етказувчиси ўлароқ илоҳий кузатув остидадирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нима десалар ёки қандай амал қилсалар Аллоҳ таоло тарафи (иродаси)дан эканига ишонч ҳосил қилишимиз лозим. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амал, ниятлари ўз тасдиғини топгани баён этилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилганларида ёки бирор нарсага амр этганларида ҳеч қандай ваҳий келмаса ҳам, буюрилган буйруқ ёки амал Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланганини билдиради. Агар ўша буйруқ ёки амал нотўғри бўлганда, албатта ваҳий орқали маълум қилинган бўларди: Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хато-камчиликларни тузатиш учун ҳам алоҳида ваҳий келарди.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ишга буюрганларида ёки бирор амал қилганларида уларнинг зиддига ваҳий келмаса, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқ ёки ҳаракатлари маъқуллангандир.

Мухтасар қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча айтган сўз ва қилган амаллари ваҳийга асосланган. Улар баъзан очиқ-ойдин ёки махфий ваҳий орқали ўз тасдиғини топган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин бирорта раҳбар бу каби бошқарувга эга бўла олмайди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг ваҳий келиши тўхтагандир.

Шу боис, Қуръони карим оятларида раҳбарларга бўйсунишдан фарқли равишда Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этишлик алоҳида таъкидланган. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш мажбурийдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбардирлар ва хулқ-атворларида Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасини намоён этадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз ва феъллари тасдиқланган суннат, Аллоҳ ва Унинг Каломига иймон келтирган барча мўмин-мусулмонларни бирдамликка бошловчи дастурул амалдир.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм, 6-қисм, Давоми бор...

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   23861   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари