Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июл, 2026   |   14 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:38
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:49
Хуфтон
21:16
Bismillah
28 Июл, 2026, 14 Сафар, 1448

Шахс камолотида тарбиянинг ўрни

05.06.2016   1956   5 min.
Шахс камолотида тарбиянинг ўрни

Юртимиз мустақиликка эришгандан сўнг халқимиз тинч ва осойишта ҳаёт кечирмоқда. Албатта бу неъматга қанча шукр қилсак арзийди. Муҳтарам президентимиз Ислом Каримов ёшлар тарбияси ва уларнинг саломатлиги борасида жуда катта ишлар амалга ошириб келмоқдалар. 
Бунга далил сифатида йилдан-йилга сони ва сифати ортиб бораётган илм даргоҳлари ва спорт иншоотларини келтиришимиз мумкин. Бундан ташқари Юртбошимиз ташаббуслари билан мустақиллик йилларидан бери ҳар бир йилга ўзига хос ном берилиб, жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016-йил “Соғлом она ва бола йили” деб номланди. Шу сабабли ҳар бир вилоят ва туманларда соғломлаштириш ишлари олиб борилди. Бу эса, Юртимизда фарзандлар соғлиги ва уларнинг комил инсон бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлигидан дарак беради. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Олий Мажлиснинг сессиясида қилган маърузасида ҳур Ўзбекистонда демократик тузумни барпо этишда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни асосий иштирокчилари бўлган жамиятимиз аъзоларининг маънавиятини бутунлай янгича қарор топтириш лозимлигини таъкидлаган эди. Чунки таълим тарбия - онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини хам белгилайдиган омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ўзгартирмасдан туриб онгни ўзгартириб бўлмайди. Онгни, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб эса биз кўзлаган олий мақсад озод ва обод жамиятни барпо этиб бўлмайди. 
Тарбия — шахсда муайян жисмоний, руҳий, ахлоқий, маънавий сифатларни шакллантиришга қаратилган амалий педагогик жараён; инсоннинг жамиятда яшаши учун зарур бўлган хусусиятларга эга бўлишини таъминлаш йўлида кўриладиган чора тадбирлар йиғиндиси.Тарбия инсоннинг инсонлигини таъминлайдиган энг қадимий ва абадий қадриятдир. Тарбиясиз алоҳида одам ҳам, кишилик жамияти ҳам мавжуд бўла олмайди. Чунки одам ва жамиятнинг мавжудлигини таъминлайдиган қадриятлар Тарбия туфайлигина бир авлоддан бошқасига ўтади. 
Маълумки, сўнгги йилларда глобаллашув турли туман қарашлар асосида, деярли барча ижтимоий ҳодисалар билан боғлиқ равишда талқин этилаётган муаммолардан бирига айланди. 
Ҳозирги кунда глобаллашув жараёни янги-янги ҳудуд ва минтақаларни, инсон фаолиятининг барча соҳаларини ўз домига тортаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, баъзи носоғлом кучлар, мафкуравий ва маънавий соҳада ўз ғоя ҳамда мафкураларини сингдириш, таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, ўз манфаатларини кўзлаб, глобаллашув жараёнидан кенгроқ фойдаланишга интилмоқдалар. 
Биз эса бундан ёшларизни ҳимоя қилишимиз учун уларнинг маънавиятларини юксак қилишимиз ва камолотга эришишлари йўлида барча шароитларни яратиб беришимиз зарур ҳисобланади. Одам боласига бериладиган тарбия, биринчи навбатда, илмга, фанга асосланмоғи, таълимий жиҳатдан тўғри ташкил этилмоғи лозим. Агар тарбия пала-партиш ҳолда саводсизларча ташкил этилса, тизимли ва мунтазам равишда олиб борилмаса, бундай «тарбия» инсон келажагига, шахснинг шаклланишига фақат зарар келтиради. Мана шу қоидаларга амал қилингандагина таълим-тарбия ўзининг пировард мақсадига эришиши - комил инсонни вояга етказиши мумкин. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад(а.с.) комил инсон сифатларига шундай таъриф берганлар: “Комил мусулмон шундай кишики, бошқа мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўладилар”. 
Ислом динида мукаммал комил инсон дея биз Муҳаммад (а.с.)ни олишимиз мумкин. У зот Аллоҳ таоло томонидан инсоният раҳмат қилиб юборилгандирлар. Улар барча инсоний фазилатлар зиёдаси билан жамланган юксак ахлоқ соҳиби бўлгандирлар. Уларнинг юксак ахлоқ соҳиби эканликларини Аллоҳ Таоло таъкидлаб: 

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ 
“Ва албатта, сен улкан хулқдасан ”(Қалам,4), 
дея марҳамат қилади. Расулуллоҳ (а.с.)нинг ўзлари ҳам: 
“Мен кишиларнинг ахлоқларини мукаммал қилиш учун юборилдим” дея марҳамат қилганлар. Ва жуда кўп бор фарзанд тарбияси ва унинг илм олишига эътибор қаратиб, бизга ўзларининг муборак ҳадиси шарифларини қолдирганлар. 
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир фарзанд тарбиясида доимо покизаликка ва ахлоққа эътибор қаратиш лозим. Албатта фарзандларимиз келажагига эътиборли бўлиш, уларнинг камолоти йўлида хеч нарсани аямаслик даркор. 
Зеро, Президентимиз Ислом Каримов: 
“Фарзандга меҳр қўйиш,уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин болаларнинг ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказиш биз учун доимо долзарб аҳамият касб этади” дея таъкидлаб ўтганлар. 


И.Зуҳриддинов, 
Андижон вилояти, Избоскан тумани 
“Аҳмадали хожи” масжиди имом ноиби 

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Токиода Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

28.07.2026   4883   2 min.
Токиода Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди

Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан жадидлар ҳаракати намоёндаси Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллик юбилейи муносабати билан тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбир Токио хорижий тиллар университети, “Mitsubishi” жамоат фонди ҳамда етакчи жадидшунос олим, профессор Хисао Комацу кўмагида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон, Япония ва Туркиядан келган етакчи олимлар иштирок этди.

Учрашувда олимлар Марказий Осиё давлатларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жадидлар меросини чуқур ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилди.

Иштирокчилар Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва ижоди ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек халқининг буюк маърифатпарвари, жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, ёзувчи, драматург, публицист ва жамоат арбобидир. У ўз ҳаётини халқни илм-маърифатли қилиш, таълим тизимини ислоҳ этиш ва миллий тараққиёт ғояларини тарғиб қилишга бағишлаган.

Беҳбудий 1875 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. У ёшлигидан диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштириб, араб, форс ва турк тилларини мукаммал ўрганган. Кейинчалик жадидчилик ғояларини қўллаб-қувватлаб, янги усулдаги мактабларни ташкил этиш, замонавий таълимни йўлга қўйиш ва ёш авлоднинг билимли бўлиб вояга етишига катта ҳисса қўшган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ижод соҳасида ҳам салмоқли мерос қолдирган. Унинг “Падаркуш” драмаси ўзбек адабиётидаги илк драматик асарлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, у газета ва журналларда халқнинг маърифати, илм-фан, миллий тараққиёт ва озодлик ғояларига бағишланган кўплаб мақолалар ёзган. Бундан ташқари, саёҳатномалар, дарсликлар ва публицистик асарлар яратиб, халқни замонавий билимларни эгаллашга даъват этган.

Тадбир доирасида махсус китоблар кўргазмаси ҳамда “Маҳмудхўжа Беҳбудий” фильми намойиш этилди. Дипломатлар япониялик ижодкорларга ўзбек жадидчилик ҳаракатига бағишланган 20 дан ортиқ фильмлар тўпламини тақдим этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Токиода Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари