Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига Ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан, ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим.
Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади.
Бугунги кунда барчаларимиз муборак Рамазон ойида Аллоҳнинг бизга ато этган неъматларидан бахраманд бўлиб турибмиз. Ўзига шукр, ушбу ойни сизу бизлар тинчлик, хотиржамликда, осойишталикда ўтказмоқдамиз. Бу ойнинг дастлабки ўн куни “раҳмат” даҳаси ҳам ўтиб, иккинчи ўн кунлиги, яъни “мағфират” даҳаси бошланди. Бу даҳада холис ният билан рўза тутган бандаларини Аллоҳ таоло аввалги қилган гуноҳларини кечиради, мағфират қилади. Бу даҳаларда рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ила мағфирати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этган бандасига албатта Ўз раҳмат ва мағфиратини ато этади.
Ислом дини беш асос устида қурилган бўлиб, шулардан бири бу – Закот ибодатидир. Закот Аллоҳ таоло мўмин бандаларига фарз қилган амалларидандир. Ҳақ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз...”.
Бошқа бир оятда эса, “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба, 103), деб марҳамат қилган.
Закотнинг жорий этилиш ҳикмати шуки, закот туфайли жамиятда бир қадар тенглик пайдо бўлиб, бой ва фақир табақалар ўртасида илиқ муносабатларни вужудга келади, қолаверса, закот берувчининг молини поклаб, уни талофатдан асрашига замин тайёрланади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Сизлар молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.
Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закот тилло ва кумуш, пул мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонларидан қатъий белгилаб берилган.
Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр.) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни, қирқдан бири демакдир.
Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисобга бир йил тўлиши керак.
Чорва моллари жумласига туя, қора мол ҳамда қўй-эчкилар киради. Туянинг сони бешта бўлса нисобга етган ҳисобланиб, ундан битта қўй закот учун ажратилади. Қора молнинг нисоби 30 та бўлиб, ундан битта бир ёшли бузоқ закотга чиқарилади. Қўй ва эчкининг сони 40 тага етганида нисоби тўлган ҳисобланиб, ундан битта қўй ёки эчки закотга чиқарилади. Чорва молларидан закот вожиб бўлиши учун тилла ва кумуш учун айтилган шартлар бўлиши, яъни бир йил давомида камаймаслиги, бундан ташқари чорва моллари ярим йилдан кўпроқ вақт давомида яйловда ўтлатилган бўлиши шарт. Аммо, ем-хашакни 6 ойдан ортиқ ташиб келиб боқилган бўлса, закот вожиб бўлмайди. Магар тижорат нияти бўлса, худди бошқа буюмлар қатори ҳисобланади.
Деҳқончилик агар лалми ер маҳсулоти бўлса, ундан ушр (яъни ўндан бир), суғориладиган ердан чиққан маҳсулот бўлса, ушрнинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисми миқдорида закот чиқарилади. Ушр – ҳосил териб олинган вақтда берилади.
Бундан ташқари нақд пул ва тижорат учун олинган моллардан ҳам закот берилади. Уларнинг нисоби эса тилло ва кумушнинг нисобига қиёсан белгиланади. Яъни тилло ва кумушнинг қиймати аниқланиб, шуларга таққосланади.
Шуни яхши англамоқ лозимки, юқорида зикр қилинган нисоб миқдорлари закотни вожиб қиладиган қийматнинг энг паст чегараси бўлиб, маблағ миқдори ортган сари ундан чиқариладиган қирқдан бир қисмининг миқдори ҳам ортиб бораверади.
Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга бериш жуда муҳимдир. Қуръони каримда закот бериладиган ўринлар аниқ баён қилинган:
“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”(Тавба, 60).
Бу саккизта ўриндан ғайридинлар, қуллар чиқариб ташланган. Ғайридинлар Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) даврида саҳобалар ижмои ила, қуллар эса, ҳозирги асримизда мавжуд эмаслиги ила бекор қилинган. Айни пайтда юртимизнинг турли билим юртларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув шартнома тўловларига ёрдам беришлик энг мустаҳиқ ўринлардан биридир. Зеро улар юртимиз учун келажакда етишиб чиқаётган мутахассислардир. Закотни ота-она ва фарзандлар, шунингдек, эр билан хотин бир-бирларига бериши мумкин эмас. Лекин уни бошқа қариндошларга берса бўлади.
Закот ва бошқа садақаларни авваламбор яқин қариндошлар орасидаги эҳтиёжмандларига, қўни-қўшни, маҳалладаги муҳтож, кам таъминланган оилаларга бериш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, меҳрибонлик уйлари, меҳр-мурувват уйларига, ногиронларнинг махсус муассасаларига бериш ўринлидир. Бунда ўша муассасалар, уларда парвариш қилинаётган инсонларнинг нималарга эҳтиёжи бўлса, закоти ҳисобига ўша нарсаларни муҳайё қилиб бериш тўғри бўлади.
Закотни кам таъминланган оилалар фарзанди бўлган талабаларнинг контракт-шартнома тўловлари учун ўтказиб берилса ҳам жуда ўринлидир. Айниқса, бу садақаи жория ҳисобланиб, ўша талабанинг келажакда қилган савобли амаллари, амалга оширган яхши ишларидан закот берувчига ҳам савоб етиб туради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни муборак ойда эзгу амалларни кўпроқ қилишга муяссар айласин!
Шайх Абдулазиз МАНСУР
Шарқшунос тадқиқотчи М.Хадр томонидан эълон қилинган ва кейинчалик таниқли олим О.Большаков томонидан атрофлича тадқиқ этилган XI аср ўрталарига оид иккита вақф ҳужжати Ғарбий Қорахонийлар хоқонлигининг ҳукмдори Иброҳим Тамғачхон даврига тааллуқлидир. Ўрта асрлар араб муаррихи Ибн Фуватийнинг гувоҳлик беришича, Иброҳим фақиҳларнинг қатъий хулосасисиз бирор кимсага жазо тайинламаган ҳамда ҳеч кимнинг мол-мулкини мусодара этмаган одил ҳукмдор тимсоли бўлган. Шу боис у Бағдод халифаси Қоим томонидан “Давлат таянчи” ҳамда “Шарқ ва Чин подшоҳи” каби олий даражали унвонлар билан шарафланган.
Ушбу маърифатпарвар ҳукмдор ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида фаолият бошлаган “Дор ал-марзо”, яъни Беморлар уйи шаҳар фуқаролари билан бирга мусофирлар учун ҳам бепул тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик ижтимоий марказ бўлган. Вақфнома матнида мазкур дорушшифонинг жўғрофий ўрни, ички меъморий тузилиши, хизматчилар сафи, уларга ажратиладиган маош ҳамда муассасани муттасил маблағ билан таъминлаб турувчи кўчмас мулклар тафсилоти баён этилган.
Тарихий ҳужжатларга кўра, шифохона Самарқанднинг гавжум савдо чорраҳаларидан бирида – Сўғд бозори ва Заргарлар маҳалласи туташган ҳудудда қад ростлаган. Хастахонанинг кундалик харажатларини, беморларнинг тўлақонли овқатланиши ва зарур дори-дармонлар таъминотини кафолатлаш мақсадида хоқон ўз шахсий мулки ҳисобланган “Тими палос” карвонсаройини ҳамда бешта ёрдамчи хона, учта ҳужра ва уч дўкондан иборат савдо расталарини вақф мулки сифатида муассаса ихтиёрига топширган. Вақфнома шартига биноан, ушбу тижорат иншоотларидан тушадиган барча ижара даромадлари муайян ҳиссаларга – тенг юз қисмга тақсимланиб, шифо маскани эҳтиёжларига йўналтирилган.
Мазкур масканда фаолият юритган мутахассислар таркиби ва хизмат ҳақининг тақсимланиш тартиби ўша давр жамиятининг маънавий ва табақавий қиёфасини англашда қимматли далилдир. Жумладан, умумий тушумнинг юз қисмдан иборат ҳисобидан энг катта улуш – нақ ўн қисми бевосита бош табибга тайинланган. Эътиборга молик жиҳати шундаки, шифохонанинг умумий маъмурий бошқарувчиси ва молиявий назоратчиси бўлган мутасаррифга саккиз қисм маош ажратилган. Илм ва амалиёт соҳиби бўлмиш ҳозиқ табибга ижрочи бошқарувчидан юқорироқ ҳақ тўлангани қорахонийлар жамиятида юқори малакали тиббиёт мутахассислари меҳнати юксак қадрланганини кўрсатади. Бундан ташқари, муассасада қон олувчи муолажачи – фассод, моҳир пазандалар ҳамда хизматчилар ҳам меҳнат қилган. Вақф тушумидан алоҳида хизматчига беш қисм, ошпазга уч қисм маош белгиланган.
Ҳужжатда хасталарнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишга устувор аҳамият қаратилган. Вақфнома талабига кўра, даволанаётган кишилар хасталикдан бутунлай фориғ бўлгунига қадар уларни шифохонадан чиқариб юбориш ёки безовта қилиш қатъиян ман этилган. Шаҳарнинг ерлик фуқароси ва ташриф буюрган мусофирлар бирдек бепул тиббий кўмак олиш ҳуқуқидан фойдаланган. Бемор соғайгачгина ўрнини бошқа муҳтож хастага бўшатиб бериши лозим бўлган. Мазкур низом талабларини ўзгартириш ёки бекор қилиш тақиқланиб, вақф шартларининг абадий кучда қолиши муҳрланган.
Таниқли тарихчи ва тангашунос олим Е.Давидович вақфномадаги пул муомаласига оид тафсилотларни тадқиқ этар экан, ҳужжат тасдиқланган пайтда Самарқандда амалда бўлган тангаларнинг аниқ қиймати қайд этилганини таъкидлайди. Унга мувофиқ, бир мисқол соф олтин қиймати айнан қирқ етти кумуш дирҳамга тенглаштирилган. Ҳужжатда тангалар харид қувватининг пасайиши, яъни пул қадрсизланиши эҳтимолига қарши махсус муҳофаза банди киритилган бўлиб, агар истиқболда дирҳамнинг бозор баҳоси ўзгарса, ходимларнинг иш ҳақи ва шифохона харажатлари ҳужжат тузилган кундаги соф олтин ўлчов мезони бўйича янги муомаладаги дирҳамларда қайта ҳисоблаб тўланиши шарт қилиб қўйилган. Бу эса ўрта асрлар ҳуқуқий амалиётида молиявий барқарорликни асраш ва муассасани моддий таназзулдан ҳимоя қилишнинг илғор тизими мавжуд бўлганини кўрсатади.
Иброҳим ташаббуси билан расмийлаштирилган иккинчи вақф ҳужжати Самарқанднинг “Бобулҳадид”, яъни Темир дарвоза мавзесида барпо қилинган мадрасага тегишлидир. Атрофида Хотун Малика майдони ва хонақоҳлар жойлашган мазкур таълим даргоҳи ҳам талабалар ва мударрислар учун моддий шароитларни кафолатлаган. Агар даврлар ўтиб шифохона ёки мадраса бинолари табиий офат ёки замонлар эврилиши сабаб яроқсиз ҳолга келса ва уларни тиклаш имконсиз бўлиб қолса, вақфнома шартига кўра, ажратилган кўчмас мулкларнинг барча даромадлари абадий равишда Самарқанддаги бева-бечора ва камбағал қатлам эҳтиёжларига сарфланиши белгилаб қўйилган.
Манбашунос олимларнинг қайд этишича, фақиҳ Бурҳониддин Маҳмуднинг “Муҳит ал-Бурҳоний” асари таркибида сақланиб қолган мазкур вақф ҳужжатлари XI асрда Туронда шаҳарсозлик маданияти, ижтимоий институтларни барқарор молиялаштириш ва тиббий ёрдам тизими юқори даражада бўлганидан далолат берувчи муҳим тарихий ёдгорликдир. Иброҳим Тамғачхоннинг бу хайрли амали ўзбек давлатчилиги тарихида ижтимоий адолат ва фуқаролар муҳофазаси бош мезон бўлганини намоён этади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА