Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2026   |   16 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:54
Пешин
12:29
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:45
Bismillah
01 Июл, 2026, 16 Муҳаррам, 1448

Закотга доир масалалар

08.06.2016   2050   31 min.
Закотга доир масалалар

كتاب الزكوة

الزكاة واجبة على الحرّ العاقل البالغ المسلم إذا ملك نصاباً ملكاً تاماً وحال عليه الحول

 “Закот озод, ақлли, балоғатга етган мусулмонга, нисобга тўла эга бўлса ва нисобга эга бўлганига бир йил тўлса, вожиб бўлади. Закотнинг вожиб бўлиши Аллоҳ таолонинг:

 وآتوا الزكاة

 Закотни беринглар", ояти каримасига ва Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

 أدوا زكاة أموالكم

  Молларингизнинг закотини адо этинглар, деганларига биноандир. Бутун Ислом уламолари закотнинг вожиблигига иттифоқ қилишган.

 Бу ўринда вожибдан мурод фарз”дир. Чунки уннинг фарзлигига ҳеч қандай шубҳа йўкдир.

 Закот вожиб бўлиши учун нисоб миқдоридаги мулк бўлиши лозим. Чунки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) закот вожиб бўлишининг сабабини нисоб билан белгилаганлар. (Закот вожиб бўлиши учун нисобга) бир йил тўлиши лозим, чунки мол ўсадиган муддат бўлиши керак. Шариат уни бир йил билан белгилаган. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Молда, унга бир йил ўтмагунча закот йўқ”, деганлар. Зеро, йил, ҳар фаслларни ўз ичига олгани учун, унга молни ўстириш имконни беради. Ва кўпинча фаслларда нархлар ўзгаради, шу боисдан ҳукм кўпига боғланган. Сўнг, закотни дарҳол (бериш) вожиб дейилган, чунки мутлақ (бирор нарсага боғланмаган) буйруқ тақозоси ана шундай. Баъзи ривоятда дарҳол бериш вожиб эмас, чунки бутун умр адо қилиш вақтидир, дейилган. Шунинг учун бепарволик натижасида нисоб нобуд бўлиши сабабли зомин бўлмайди (закот бермайди).

 وليس على الصبي والمجنون زكاة

 “Балоғатга етмаганларга ва мажнунларга закот вожиб бўлмайди”.

 ومن كان عليه دين يحيط بماله فلا زكاة عليه

 "Кимнинг зиммасида молини қамраган (нисоб миқдоридаги молига тенг ё ошиқ) қарзи бўлса, унга закот вожиб бўлмайди".

 وإن كان ماله أكثر من دينه زكى الفاضل إذا بلغ نصاباً

 Агар моли қарзидан ошиқ бўлса ошгани агар нисобга етса, шундан закот беради.

Молини қамраган қарздан мурод бандалар томонидан талаб қилувчиси бўлган қарзлардир. Назр ва каффорат қарзлари бунга кирмайди.

ومن له على آخر دين فجحده سنين ثم قامت له به بينة لم يزكه لما مضى

"Кимнинг биров зиммасида қарзи бўлиб, қарздор йиллар мобайнида қарзини инкор қилган бўлса, сўнг қарзга ҳужжат топилса, ўтган йиллари учун закот бермайди".

 Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу): "Беркитилган ва топилишига умид бўлмаган молда закот йўқдир", деганлар. Чунки, закот вожиб бўлишининг сабаби ўсувчи молдир. Яъни, молнинг эгаси унинг тасарруфига қодир бўлсагина молда ўсиш бўлади.

 Йўқолган  мол, тортиб олинган мол, денгизга тушиб кетган мол, чўлга кўмилган мол, агар жойи эсдан чиқарилган бўлса, беркитилган ва топилишига умид бўлмаган мол кабидир.

 Уйда кўмиб қўйилган мол, уни топиш осонлигидан нисоб бўлади (йўқолган ҳисобланмайди).

 

Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН 

тайёрлади. 

 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Беморларга дори ёзиб бериши орқали дорихоналардан бонус олиш

30.06.2026   2707   3 min.
Беморларга дори ёзиб бериши орқали дорихоналардан бонус олиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Ҳозирги кунларда шифокорлар беморларга дори ёзиб берадилар ва дорихоналар ана шу дорини ёзган шифокорларга бонус сифатида маълум миқдорда пул беради. Шу пул улар учун ҳалол ҳисобланадими?

Шунингдек, соҳадаги айрим шифокорлар тиббий текширув ўтказадиган жиҳоз (аппарат) ўрнатишган ва келадиган ҳар бир бемор учун юборган шифокорларга маблағ беришади. Бунинг ҳукми қандай?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар шифокор беморнинг манфаати ва яхшилигини кўзлаган ҳолда, тўлиқ холис ва омонатдорлик билан бемор учун энг фойдали ҳамда мос келадиган дорини тавсия қилса, қолаверса, қуйидаги шартларга риоя этса, у ҳолда шифокор учун дорихонадан бонус олиши жоиз бўлади:

1. Шифокор шунчаки бонус олиш илинжида сифатсиз, кераксиз ва қиммат дори-дармонларни тавсия қилмаслиги керак.

2. Беморга нисбатан ҳеч қандай алдов бўлмаслиги лозим, яъни ҳақиқатан ҳам ундаги касалликнинг ушбу дорига эҳтиёжи бўлсин. Шунингдек, шифокорнинг мазкур фирма билан ҳамкорлиги ошкора қилиб қўйилиши керак.

3. Дори ишлаб чиқарувчи компания ёки дорихоналар шифокорга бериладиган бонуслар харажатини дори нархини қимматлаштириш орқали беморнинг зиммасига юкламасликлари керак.

4. Бемор фақат шифокор ўзи келишиб олган ўша дорихона ёки фирманинг дорисини сотиб олишга мажбурланмаслиги лозим.

5. Дори ишлаб чиқарувчи компаниялар бонус, ҳадя ва имтиёзлар тўловининг харажатини қоплаш учун дориларнинг сифатини тушириб юбормасликлари керак.

Саволнинг иккинчи қисмидаги тиббий жиҳозларга текширув учун юбориш орқали олинадиган бонусларнинг ҳукми ҳам юқоридаги ҳукм билан бир хил бўлади. Яъни, беморни муайян бир шифокорда кўрикдан ўтишга мажбурламаслик, пул илинжида керак бўлмаса ҳам юбормаслик, тиббий кўрик қилувчи шифокор унга юборган шифокорга бермоқчи бўлган маблағи беморга кўрсатадиган хизмат ҳақига қўшмаслиги, хизматининг сифати ва нархи бошқа шифокорларники билан бир хил бўлиши шарт.

Лекин ушбу шартларга риоя қилмасдан  айрим шифокорларнинг ўз бурч ва вазифаларини бажариш эвазига фирма ва дорихоналардан бонус олишлари пора бўлиб қолади. Натижада маблағни уларга бераётганлар ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолади. Чунки Исломда порани бериш ҳам, олиш ҳам ҳаромдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”.

Шунингдек, Набийи карим соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини, пора олувчини ва пора ишида воситачилик қилувчини лаънатлаганлар.

Демак, саволда айтиб ўтилган ҳолатда, агар юқоридаги шартларга риоя қилинмаса, бу ҳам айни пора бўлар экан. Валлоҳу аълам.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар