Закот, каффорат, фитр садақаси, ушр, назр каби тўловларда бериладиган нарса ёки ҳайвон ўрнига уларнинг қиймати миқдорида пул билан тўлаш ҳам мумкин. (Фатовойи Оламгирия”)
2. Туялардан закот берилганда эркагидан эмас, урғочисидан берилади. Қўйлардан берилганда эса, эркак-урғочисининг фарқи йўқ. (“Фатовойи Оламгирия”)
3. Бойдан закот пули (қирқдан бир) миқдорида қарзи бор камбағалга ўша пулни закот нияти билан ҳадя қилиб юборса, закотга ўтмайди. Қарзни ундириб олишнинг шаръий йўли қуйидагича: Унга закот нияти билан пул бериб, сўнгра қарзини ундириб олади. (“Сирожия”)
4. Қўлида ярим нисоб бойлиги бўлиб, одамларда ҳам ярим нисоб миқдорида қарзга берган пули бор одам зиммасига закот беришлик вожибдир. (“Фатовойи Баззозия”)
5. Бир неча ҳовлиси, дўконлари ва кўп миқдорда ғалласи бўлса ҳам ўзи ва оиласининг бир йиллик харажатига етиб етмай турган бўлса, шундай одам ҳам закот олиши жоиз. Бу имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи сўзларидир. (“Фатовойи Баззозия”)
6. Фиқҳ илми билан шуғулланадиган олимнинг уйидаги китоблари жуда катта маблағга тенг бўлса ҳам агар улардан фойдаланиб туришга муҳтож бўлса, бу китоблардан закот бериши вожиб эмас. Лекин зарур бўлмайдиган китобларнинг қиймати нисобга етса, улардан закот бериши вожибдир. (“Фатовойи Оламгирия”).
7. Қарздор узоқ жойга қочиб кетса, қаралади – агар қарз берган одам уни топиб келишга қодир бўла туриб, ҳаракат қилмаса, закот соқит бўлмайди. Топиб келишга имконияти бўлмаса, ундаги қарз пулдан закот бермайди. (“Фатовойи Оламгирия”).
8. Закотда йил ҳижрий-қамарий сана билан ўлчанади (354 кун). Йилнинг боши ва охирида закот нисоби мавжуд бўлиб, ўртасида нисобдан камайиб туриши закотнинг соқит қилмайди. (“Фатовойи Оламгирия”).
9. Йил давомида фойда ва қўшимча даромадлар нисобга етган бойлигига қўшилади. Нисобга етмаган бойлигига қўшиб ҳисобланмайди. Агар нисобга етмаган молига янги даромадни қўшганида нисобга етадиган бўлса, қўшиб шу кундан бошлаб йил ўтишини кутади. (“Фатовойи Оламгирия”).
10. Бировга омонатга пул қўйгандан кейин ўша одам ким эканини унитиб қўйган бўлса, закот берадиган вақти ўтиб кетганидан кейин омонат сақловчи одамнинг кимлиги эсига келса ва у нотаниш одам бўлса, ўтган йил учун закот бермайди. Борди-ю, у одам эскидан ўзининг таниши бўла туриб, эсидан чиқарган бўлса, эсига тушгандан кейин ўтган йил учун закот беради. (“Фатовойи Баззозия”).
11. Бир неча ҳовлиси, дўконлари ва кўп миқдорда ғалласи бўлса ҳам ўзи ва оиласининг бир йиллик харажатига етиб-етмай турган бўлса, шундай одам ҳам закот олиши жоиз. Бу Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи сўзларидир. (Фатовойи Баззозия”).
12. Закотни қарздор кишига бериш уни фақир кишига бергандан кўра яхшироқдир. (“Фатовойи Баззозия”).
13. Ҳовлидаги мевали дарахтларнинг мевасидан ушр берилмайди, балки даласидаги – боғидаги дарахтларнинг мевасидан ушр берилади. Зеро, ҳовлидаги нарсалар ундаги иморатларга тобе ҳисобланиб, улардан закот ёки ушр олинмайди. (“Фатовойи Баззозия”).
14. Бойлигини даладаги ерига яшириб кўмиб қўйиб, сўнгра бир неча йил топа олмай юргандан кейин топса, ўтган йиллар учун ундан закот берилмайди. Аммо уйининг бирор жойига яшириб қўйган бойлигини бир неча йил топа олмай юрган одам топгач, ўтган йиллар учун учун ундан закот беради. (“Фатовойи Қозихон”).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати
Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, унинг ислом илмлари ривожидаги беқиёс ўрнини халқаро миқёсда кенг ёритишга бағишланган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини давом эттирмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди. Сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар ва диний идоралар вакиллари табрик сўзлари билан иштирок этдилар.
Шунингдек, Макка шаҳридаги “Масжид ал-Ҳаром” масжиди Бош имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд, ICESCO Бош директори Салим ал-Малик, Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари, Ислом фиқҳи академияси Бош котиби Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Зайд, Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Оллошукур Пошшозода ҳам анжуман иштирокчиларини қутладилар. Марокаш Қироллиги Вақф ва ислом ишлари вазири Аҳмад Тавфиқ эса иштирокчиларга видеомурожаат йўллади.
Форум доирасида “Имом Бухорий камолотига таъсир кўрсатган географик, ижтимоий ва оилавий муҳит” мавзусида илмий маърузалар тингланди. Унда Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Туркия, Ливия ва Жазоирдан ташриф буюрган олим ва тадқиқотчилар Имом Бухорий шахсиятининг шаклланишида Бухоро ва Самарқанд илмий муҳити, оилавий тарбия, устоз-шогирд анъаналари, ҳадис илмининг ривожланиш жараёни ҳамда IX аср Мовароуннаҳр маънавий-маърифий ҳаётининг аҳамияти ҳақида маърузалар қилдилар.
Маърузаларда Имом Бухорий меросининг нафақат ислом илмлари тараққиётидаги ўрни, балки бугунги кунда илм-маърифат, бағрикенглик ва маънавий юксалишни тарғиб этишдаги аҳамияти ҳам кенг таҳлил этилди.
Самарқандда давом этаётган ушбу нуфузли анжуман Имом Бухорий меросини халқаро илмий майдонда янада кенг тарғиб этиш, ислом илмлари бўйича тадқиқотларни ривожлантириш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш тадқиқотчилар учун янги илмий мулоқот майдонларини яратишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати