1. Чорва молларининг эркагу урғочисидан нисобга етгач, закот берилади.
Лекин шарти ярим йилдан ортиқ далада, ўтлоқда боқилган бўлиши ва мақсади сутидан фойдаланиш, наслини кўпайтириш, баҳосини ошириш бўлиши керак. Ҳайвонларни боқишдан мақсад уларда юк ташиш, миниш бўлса, закот вожиб бўлмайди.
2. Чорва молларини сотиб фойдаланиш, яъни тижорат нияти билан боқаётган бўлса, уларнинг қийматини пулга ҳисоблаб, закот чиқаради, неча бош эканига қараб эмас. (“Фатовойи Оламгирия”)
3. Чорва молларининг турига ва ададига қараб закот белгиланади. Масалан, ҳар бешта туяга бештадан қўй, 25 та туяга битта бир ёшдан иккинчи ёшга қадам қўйган бўталоқ, 36 та туяга икки ёшдан ўтиб, учинчи ёшга қадам қўйган бўталоқ берилади ва ҳоказо.
Қўй ва эчкининг 40 тасига бир ёшлик битта қўй, 120 тага етгач, иккита қўй ва ҳоказо. Сигир 30 тага етгач, бир ёшлик бузоқ, 40 тага етгач, икки ёшдан уч ёшга қадам қўйган ғунажин ва ҳоказо.
Ҳар бир урғочи отдан-биядан бир динор ёки нисобга етадиган қийматнинг 40 дан бир фоизи берилади. Отлар эркак-урғочи аралаш бўлса, улардан закот берилади. Аммо фақат эркак отлар бўлса, улардан закот берилмайди. Лекин тижорат учун боқаётган бўлса закот беради. (“Фатовойи Оламгирия”)
4. Эшак, хачир, қоплон, ўргатилган итлардан тижорат учун сақланаётган бўлсагина закот берилади.
Туя, сигир, қўй ва эчкиларнинг бир ёшга тўлмаган болалари алоҳида боқилаётган бўлса, улардан закот берилмайди. Аммо уларга битта катта ёшлиси қўшилса ҳам барчаси унга тобе бўлиб қолади ва нисоб учун ҳисобга олинади. Масалан, 3 та қўзи билан битта уч ёшга қадам қўйгани бўлса, бир қўй закотга ажратилади. (“Фатовойи Оламгирия”, “Сирожия”)
5. Закот фарз бўлган одам уни адо этмай туриб вафот топса, закот соқит бўлади.
“Фатовойи Оламгирия”
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ