Қуръони каримда пайғамбарлар алайҳимуссаломга итоат этишга оид келган иккинчи ибора бу иттибо (эргашиш)дир.
﴿قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ﴾
“Айтинг (эй, Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
﴿الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ﴾
“Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят).
﴿فَآَمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ﴾
“Бас, Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирингиз! У (расули) Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган саводсиз пайғамбардир. Унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсиз!” (Аъроф сураси, 158-оят).
﴿لَقَدْ تَابَ اللَّهُ عَلَى النَّبِيِّ وَالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ فِي سَاعَةِ الْعُسْرَةِ﴾
“Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул этди. Улардан бир гуруҳининг диллари чалғиёзгандан кейин оғир (бир) соатда унга эргашган эдилар” (Тавба сураси, 117-оят).
يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ حَسۡبُكَ ٱللَّهُ وَمَنِ ٱتَّبَعَكَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ ٦٤
“Эй, Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир” (Анфол сураси, 64-оят).
﴿رَبَّنَا آَمَنَّا بِمَا أَنْزَلْتَ وَاتَّبَعْنَا الرَّسُولَ فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ﴾
“Эй, Роббимиз, нозил қилган нарсангга иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Шундай экан, бизни гувоҳлик берувчилар билан бирга (қўшиб) ёзгин!” (Оли Имрон сураси, 53-оят).
﴿قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي﴾
Айтинг: “Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз” (Юсуф сураси, 108-оят).
﴿إِنَّ أَوْلَى النَّاسِ بِإِبْرَاهِيمَ لَلَّذِينَ اتَّبَعُوهُ﴾
“Одамлар ичида Иброҳимга дўстроғи – унга эргашганлар” (Оли Имрон сураси, 68-оят).
﴿وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً﴾
“...унга эргашган кишиларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик” (Ҳадид сураси, 27-оят).
﴿وَأَنْذِرِ النَّاسَ يَوْمَ يَأْتِيهِمُ الْعَذَابُ فَيَقُولُ الَّذِينَ ظَلَمُوا رَبَّنَا أَخِّرْنَا إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ نُجِبْ دَعْوَتَكَ وَنَتَّبِعِ الرُّسُلَ﴾
“(Эй, Муҳаммад!) Одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келадиган куни (қиёматда) зулм қилганлар: «Эй, Раббимиз! Бизларга озгина муҳлат бергин, Сенинг даъватингга ижобат қилурмиз ва пайғамбарларга эргашурмиз», – дейдилар” (Иброҳим сураси, 44-оят).
﴿وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ﴾
“Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик. Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик)” (Бақара сураси, 143-оят).
﴿قَالَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُوا الْمُرْسَلِينَ﴾
“...деди: “Эй, қавмим! (Бу) элчиларга эргашингиз!” (Ёсин сураси, 20-оят).
﴿وَإِنَّ رَبَّكُمُ الرَّحْمَنُ فَاتَّبِعُونِي وَأَطِيعُوا أَمْرِي﴾
“Шубҳа йўқки, сизларнинг Раббингиз Раҳмондир. Бас, менга эргашингиз ва амримга итоат қилингиз!...» (Тоҳо сураси, 90-оят).
﴿فَقَالُوا أَبَشَرًا مِنَّا وَاحِدًا نَتَّبِعُهُ إِنَّا إِذًا لَفِي ضَلَالٍ وَسُعُرٍ﴾
“Бас, айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашамизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва нодонликда бўлурмиз-ку!” (Қамар сураси, 24-оят).
Юқоридаги барча оятлар пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш лозимлигини кўрсатади. Зеро, пайғамбарлар башариятга гўзал намуна ўлароқ юборилгандирлар. Уларнинг вазифалари фақатгина сўз орқали даъват қилиш билан чекланмайди. Пайғамбарларнинг ҳатти-ҳаракатлари инсонларга ҳаёт йўлини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:
﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا﴾
“(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Маълумки, фақатгина назарий таълим билан инсонларни ислоҳ қилиб бўлмайди. Бу борада одамларга эргашишлари (тақлид қилишлари) учун амалий намуна лозим. Зеро, инсон соҳа мутахассисидан амалий кўникмаларни ўрганмай туриб, фақатгина китобдан назарий билимларни ўрганиш билан муваффақиятга эриша олмайди. Масалан, тиббиёт соҳасида амалиётни кўрмай, ўрганмаган, фақат назарий билим олган шахсга инсон ҳаётини топшириб бўлмайди. Бу мисол ҳар бир билим соҳасига тегишли.
Ҳатто таом пиширишда ҳам фақатгина таомни қандай тайёрлаш йўриқномасини ўқиш билан бирор натижага эришиб бўлмайди, балки бунда ҳам амалиёт муҳим саналади. Бир сўз билан айтганда, инсонлар бирор нарсани ўрганишда ҳамиша амалий намунага муҳтождирлар. Айниқса, диний таълимда жуда муҳим.
Шу сабабли, Аллоҳ таоло бутун башариятга юборган пайғамбарларига муқаддас каломини ҳам қўшиб жўнатди. Тўғри, Аллоҳ таоло кўплаб пайғамбарларини юборди, лекин уларнинг барчасига ҳам илоҳий китоб нозил қилмади. Аммо ҳеч бир китоб пайғамбарсиз нозил бўлгани йўқ. Макка мушриклари бир неча бор пайғамбарсиз китоб нозил қилинишини сўрадилар, аммо уларнинг бу сўровлари рад этилди. Сабаби эса – оддий. Чуни инсонлар фақатгина китобга эмас, балки муаллимга ҳам муҳтождирлар. Шу сабабли, одамлар Аллоҳ таоло юборган пайғамбарга итоат этишлари ва эргашишлари шарт.
Юқорида таъкидланганидек, пайғамбарга итоат Аллоҳ таолога итоат этишдир. Бири иккинчисиз бўлмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари ва қилган амаллари шак-шубҳасиз Аллоҳ таолонинг ваҳийига асосланган. Ҳатто Қуръони каримда у ҳақда бирор оят келмаган бўлса ҳам.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати