Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш (4-қисм)

22.07.2022   7401   6 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш (4-қисм)

Қуръони каримда пайғамбарлар алайҳимуссаломга итоат этишга оид келган иккинчи ибора бу иттибо (эргашиш)дир.

﴿قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ﴾

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

 

 

﴿الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِي التَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ﴾

“Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят).

 

﴿فَآَمِنُوا بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ النَّبِيِّ الْأُمِّيِّ الَّذِي يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَكَلِمَاتِهِ وَاتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ﴾

Бас, Аллоҳга ва Унинг расулига иймон келтирингиз! У (расули) Аллоҳга ва Унинг калималари (илоҳий китоблари)га ишонадиган саводсиз пайғамбардир. Унга эргашингиз, токи ҳидоят топгайсиз!(Аъроф сураси, 158-оят).

 

﴿لَقَدْ تَابَ اللَّهُ عَلَى النَّبِيِّ وَالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ فِي سَاعَةِ الْعُسْرَةِ﴾

Аллоҳ Пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул этди. Улардан бир гуруҳининг диллари чалғиёзгандан кейин оғир (бир) соатда унга эргашган эдилар(Тавба сураси, 117-оят).

 

يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّبِيُّ حَسۡبُكَ ٱللَّهُ وَمَنِ ٱتَّبَعَكَ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ ٦٤

“Эй, Пайғамбар! Сизга ва Сизга эргашган мўминларга Аллоҳ кифоядир” (Анфол сураси, 64-оят).

 

﴿رَبَّنَا آَمَنَّا بِمَا أَنْزَلْتَ وَاتَّبَعْنَا الرَّسُولَ فَاكْتُبْنَا مَعَ الشَّاهِدِينَ

Эй, Роббимиз, нозил қилган нарсангга иймон келтирдик ва Пайғамбарга эргашдик. Шундай экан, бизни гувоҳлик берувчилар билан бирга (қўшиб) ёзгин!(Оли Имрон сураси, 53-оят).

 

﴿قُلْ هَذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّهِ عَلَى بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي

Айтинг: Менинг йўлим – шу! Мен ва менга эргашганлар аниқ ҳужжат билан Аллоҳга даъват этамиз(Юсуф сураси, 108-оят).

 

﴿إِنَّ أَوْلَى النَّاسِ بِإِبْرَاهِيمَ لَلَّذِينَ اتَّبَعُوهُ

Одамлар ичида Иброҳимга дўстроғи – унга эргашганлар(Оли Имрон сураси, 68-оят).

 

﴿وَجَعَلْنَا فِي قُلُوبِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ رَأْفَةً وَرَحْمَةً

“...унга эргашган кишиларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик” (Ҳадид сураси, 27-оят).

 

﴿وَأَنْذِرِ النَّاسَ يَوْمَ يَأْتِيهِمُ الْعَذَابُ فَيَقُولُ الَّذِينَ ظَلَمُوا رَبَّنَا أَخِّرْنَا إِلَى أَجَلٍ قَرِيبٍ نُجِبْ دَعْوَتَكَ وَنَتَّبِعِ الرُّسُلَ

“(Эй, Муҳаммад!) Одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келадиган куни (қиёматда) зулм қилганлар: «Эй, Раббимиз! Бизларга озгина муҳлат бергин, Сенинг даъватингга ижобат қилурмиз ва пайғамбарларга эргашурмиз», – дейдилар(Иброҳим сураси, 44-оят).

 

﴿وَمَا جَعَلْنَا الْقِبْلَةَ الَّتِي كُنْتَ عَلَيْهَا إِلَّا لِنَعْلَمَ مَنْ يَتَّبِعُ الرَّسُولَ مِمَّنْ يَنْقَلِبُ عَلَى عَقِبَيْهِ

“Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик. Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик)(Бақара сураси, 143-оят).

 

﴿قَالَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُوا الْمُرْسَلِينَ

“...деди: Эй, қавмим! (Бу) элчиларга эргашингиз!(Ёсин сураси, 20-оят).

 

﴿وَإِنَّ رَبَّكُمُ الرَّحْمَنُ فَاتَّبِعُونِي وَأَطِيعُوا أَمْرِي

“Шубҳа йўқки, сизларнинг Раббингиз Раҳмондир. Бас, менга эргашингиз ва амримга итоат қилингиз!...» (Тоҳо сураси, 90-оят).

 

﴿فَقَالُوا أَبَشَرًا مِنَّا وَاحِدًا نَتَّبِعُهُ إِنَّا إِذًا لَفِي ضَلَالٍ وَسُعُرٍ

“Бас, айтдилар: «Бизлар ўзимизнинг орамиздаги бир одамга эргашамизми?! У ҳолда бизлар ҳақиқатан ҳам гумроҳлик ва нодонликда бўлурмиз-ку!” (Қамар сураси, 24-оят).

Юқоридаги барча оятлар пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш лозимлигини кўрсатади. Зеро, пайғамбарлар башариятга гўзал намуна ўлароқ юборилгандирлар. Уларнинг вазифалари фақатгина сўз орқали даъват қилиш билан чекланмайди. Пайғамбарларнинг ҳатти-ҳаракатлари инсонларга ҳаёт йўлини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:

﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

(Эй, иймон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Маълумки, фақатгина назарий таълим билан инсонларни ислоҳ қилиб бўлмайди. Бу борада одамларга эргашишлари (тақлид қилишлари) учун амалий намуна лозим. Зеро, инсон соҳа мутахассисидан амалий кўникмаларни ўрганмай туриб, фақатгина китобдан назарий билимларни ўрганиш билан муваффақиятга эриша олмайди. Масалан, тиббиёт соҳасида амалиётни кўрмай, ўрганмаган, фақат назарий билим олган шахсга инсон ҳаётини топшириб бўлмайди. Бу мисол ҳар бир билим соҳасига тегишли.

Ҳатто таом пиширишда ҳам фақатгина таомни қандай тайёрлаш йўриқномасини ўқиш билан бирор натижага эришиб бўлмайди, балки бунда ҳам амалиёт муҳим саналади. Бир сўз билан айтганда, инсонлар бирор нарсани ўрганишда ҳамиша амалий намунага муҳтождирлар. Айниқса, диний таълимда жуда муҳим.

Шу сабабли, Аллоҳ таоло бутун башариятга юборган пайғамбарларига муқаддас каломини ҳам қўшиб жўнатди. Тўғри, Аллоҳ таоло кўплаб пайғамбарларини юборди, лекин уларнинг барчасига ҳам илоҳий китоб нозил қилмади. Аммо ҳеч бир китоб пайғамбарсиз нозил бўлгани йўқ. Макка мушриклари бир неча бор пайғамбарсиз китоб нозил қилинишини сўрадилар, аммо уларнинг бу сўровлари рад этилди. Сабаби эса – оддий. Чуни инсонлар фақатгина китобга эмас, балки муаллимга ҳам муҳтождирлар. Шу сабабли, одамлар Аллоҳ таоло юборган пайғамбарга итоат этишлари ва эргашишлари шарт.

Юқорида таъкидланганидек, пайғамбарга итоат Аллоҳ таолога итоат этишдир. Бири иккинчисиз бўлмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзлари ва қилган амаллари шак-шубҳасиз Аллоҳ таолонинг ваҳийига асосланган. Ҳатто Қуръони каримда у ҳақда бирор оят келмаган бўлса ҳам.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

1-қисм2-қисм, 3-қисм, Давоми бор...

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   39244   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари