Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мақомлари (2-қисм)

20.07.2022   14229   4 min.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мақомлари (2-қисм)

СУННАТ ИСТИЛОҲИ

Муҳаддислар суннат сўзини қуйидагича таърифлайдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, амал ва тасдиқлаш (маъқуллаш) суннатдир”.

Тасдиқлаш араб тилида “тақрир” деб аталади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар томонидан содир этилган гап, сўз, амалларни маъқуллашлари ёки эътироз билдирмай индамасликлари ҳам суннат ҳисобланади.

Демак, суннат ушбу жами уч (сўз, амал, тақрир) асос билан бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга боғлиқ экан, у зот алайҳиссаломнинг мавқеларини ўзлаштирмай (ўрганмай) туриб, фиқҳни тўлиқ тушуниб бўлмайди.

 

РАСУЛУЛЛОҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МАҚОМЛАРИ

Пайғамбаримиз алайҳиссалом инсониятга юборилганларида қандай мавқе (мақом)га эга эдилар? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам почта ходими каби фақат етказиб берувчи ва хатнинг нима бўлиши ҳақида ўйламайдиган бўлганмилар?

Жавоб аниқ: Асло йўқ! Пайғамбарлар алайҳимуссалом фақат Aллоҳ таолонинг каломини одамларга етказиш учун юборилмаган. Улардан илоҳий таълимотни етказиш, уни тушунтириш ва амалий намуна бўлиш талаб этилади. Илоҳий китобларни етказиш билан пайғамбарларнинг вазифалари тугамайди, балки, улар инсониятга Китобдаги кўрсатмаларга мувофиқ яшашни ўргатишлари лозим. Қуръони каримнинг ушбу ояти бунга шубҳа қолдирмайди:

 

 

لَقَدۡ مَنَّ ٱللَّهُ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ إِذۡ بَعَثَ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡ أَنفُسِهِمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَإِن كَانُواْ مِن قَبۡلُ لَفِي ضَلَٰلٖ مُّبِينٍ ١٦٤

Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар(Оли Имрон сураси, 164-оят).

هُوَ ٱلَّذِي بَعَثَ فِي ٱلۡأُمِّيِّ‍ۧنَ رَسُولٗا مِّنۡهُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِهِۦ وَيُزَكِّيهِمۡ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ ٢

У (Аллоҳ) омилар (саводсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга (Унинг) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб (Қуръон) ва Ҳикмат (Ҳадис)ни ўргатадиган (бир) пайғамбарни (Муҳаммадни) юборган зотдир (Жумъа сураси, 2-оят).

Ушбу оят маънолари Иброҳим алайҳиссалом дуоларида ҳам ўз аксини топган:

رَبَّنَا وَٱبۡعَثۡ فِيهِمۡ رَسُولٗا مِّنۡهُمۡ يَتۡلُواْ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡحِكۡمَةَ وَيُزَكِّيهِمۡۖ ١٢٩

 Эй, Роббимиз, уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва Ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юборгин!(Бақара сураси, 129-оят).

Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрт пайғамбарлик вазифалари баён этилмоқда:

  1. Аллоҳ таолонинг Каломи – Қуръони карим оятларини тиловат қилиш (етказиш);
  2. Қуръондан таълим бериш;
  3. Ҳикмат (ҳадис)ни ўргатиш;
  4. Инсонларни ширк ва зулмат ботқоғидан ҳидоят нури сари бошлаш.

Демак, ушбу оятлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари фақатгина Аллоҳнинг буйруқларини етказиш эмас, балки ўша буйруқлар асосида инсонларни яшашга ўргатиш экани маълум бўлади.

Шунингдек, у зот алайҳиссаломдан ҳикматни ўргатиш талаб этилади. Яна бу ҳали ҳаммаси эмас. Набий алайҳиссалом амалий намуна бўлиб, инсонларни залолатдан ҳидоят нури сари бошлашлари зарур.

а) Демак, Қуръон оятларини етказиш Набий алайҳиссаломнинг вазифаларидан бири эканлигини Қуръони карим тасдиқлайди;

б) у зот алайҳиссаломнинг Қуръон тафсиридаги шарҳлари ҳал қилувчи асос саналади;

в) Набий алайҳиссалом илоҳий кўрсатмага асосланган ҳикматни ўргатувчи ягона асос ҳисобланадилар;

г) инсонларни Ислом шариати асосида яшашга ўргатишда намуна ўлароқ бўлишларига ишонч билдирилган.

Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этишлари ва эргашишлари шарт бўлмаганида у зот алайҳиссаломнинг ушбу вазифалари бажарилмаган бўларди. Инчунун, Набий алайҳиссалом сўзларига амал қилиш у зотнинг эргашувчиларига мажбурийдир, амаллари эса уммат учун гўзал намунадир.

Аллоҳ таоло қатор оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этишга ва эргашишга буюради. Бу борада, Қуърони каримда икки сўз: “итоат” – бўйинсуниш ва “иттибо” – эргашиш ишлатилади.

Биринчи сўз (итоат) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқ ва сўзларига итоат этишни англатади, иккинчиси (иттибо) эса, у зот алайҳиссаломнинг амалларига эргашишни билдиради.

 

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг

"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан

Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД

1-қисм. Давоми бор... 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Қуръон тинчликка буюради»

18.08.2026   43701   1 min.
«Қуръон тинчликка буюради»

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Қуръон тинчликка буюради» шиори остида Самарқанд шаҳридаги "Оби Раҳмат" жоме масжидида Қуръон мусобақаси ташкил этилди. Қуръони каримга бўлган муҳаббатни юксалтириш, қироат ва тажвид илмларини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу хайрли тадбирнинг саралаш босқичларидан ўтган иштирокчилар «Ҳифз» ва «Мужаввид» йўналишлари бўйича беллашди.
 

Ғолиб ва совриндорлар:
 

«Ҳифз» йўналиши:
1-ўрин: Асқар Турсунов (Самарқанд шаҳри, «Муҳаммадамин ота» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Абдувакил Олимов (Ургут тумани, «Ғавсул Аъзам» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Шавкат Маҳмудов (Нарпай тумани, «Сўфи Зийрак» масжиди имом-хатиби).
 

«Мужаввид» йўналиши:
1-ўрин: Зикрулло Матлабов (Самарқанд шаҳри, «Хўжа Абду Дарун» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Бурхониддин Турсунов (Нуробод тумани, «Жом ота» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Исомиддин Исаев (Пахтачи тумани, «Хўжа Зиёвуддин» масжиди имом-хатиби).
 

Қўшимча номинациялар:
«Энг таъсирчан тиловат»: Ўткир Абдуллаев (Пастдарғом тумани);
«Энг гўзал тиловат»: Сардорхон Собиров (Самарқанд тумани);
«Тажвид қоидаларига энг мукаммал риоя қилган иштирокчи»: Юсуфхон Низомов (Самарқанд шаҳри).

Тадбир якунида ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг дипломлари ва «Вақф» фонди филиали томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

«Қуръон тинчликка буюради» «Қуръон тинчликка буюради» «Қуръон тинчликка буюради» «Қуръон тинчликка буюради»
Янгиликлар