Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Ислом шариатининг муҳим манбаси сифатида Қуръони каримдан кейинги ўринда туради. Шу сабабли, суннатнинг ўрни асрлар ўтиши билан ўзгармади ва асло ўзгармайди ҳам.
Мусулмонлар орасида фиқий масалаларда турли хилма-хиллик мавжуд бўлсада, бироқ Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг аҳамияти бирор фақиҳ томонидан рад этилмаган. Аҳли сунна вал жамоадан ажралиб чиққан фирқалардан ташқари, ҳеч ким суннат Ислом шариатининг муқаддас манбаси эканини инкор қилмади.
Бугунги аҳвол ҳам шу тариқа давом этмоқда. Аммо афсуски сўнгги йилларда баъзи тоифалар суннатни шариат манбаи эканини инкор этиб, ҳадиси шарифларга тош отишга, суннатга нисбатан асоссиз шубҳаларни уйғотишга қаттиқ ҳаракат қилишмоқда. Натижада Ислом таълимотини асл манбадан ўргана олмайдиган баъзи мусулмонларда суннатга нисбатан шубҳали фикрлар пайдо бўлмоқда.
Қўлингиздаги ушбу рисола Ислом таълимотининг асл манбаларига таянган ҳолда суннатнинг асл ва холис таърифини баён этишга хизмат қилади. Бу рисола билан фойдасиз ҳамда бехуда баҳс-мунозара қилиш эмас, балки ҳақиқатни очиқ-ойдин қўрсатиш ният қилинди.
Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг
"Ислом шариатида суннатнинг ўрни" китобидан
Таржимон: Даврон НУРМУҲАММАД
Давоми бор...
#тақдимот #форум #китоб
Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимизда "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтди.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган ушбу нуфузли анжуман Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ислом илмлари бўйича тадқиқотларни ривожлантириш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш тадқиқотчилар учун янги илмий мулоқот майдонларини яратишга хизмат қилди.
Форум доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, "Имом Бухорий" ордени соҳиби, Уламолар кенгаши аъзоси, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов муаллифлигида нашр этилган "Имом Бухорий – муҳаддислар фахри" китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Асарда буюк муҳаддис Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти, илмий мероси, юксак ахлоқи ҳамда Ислом тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси содда ва равон услубда ёритилган.
Китоб Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг илмга садоқати, тақвоси ва машаққатли илмий сафарларини ўқувчига яқиндан таништириб, маънавий-маърифий жиҳатдан муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати