Мамлакатимиз элчихонаси Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази (ЎИЦМ) директори Шоазим Миноваров ва Малайзия Ислом санъати музейи бош куратори Ҳеба Наэль Баракат ўртасида онлайн музокараларни ташкил этди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Малайзия томони Ўзбекистонда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш ва ислом динининг гуманистик моҳиятини тарғиб этиш, ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга юксак баҳо берди. Малайзия музейи вакиллари ЎИЦМнинг ушбу йўналишдаги вазифалари ва илмий мажмуа ва ЎИЦМ музейи қурилишининг бориши билан танишишди.
Мулоқот чоғида иккала музей фондларида сақланаётган моддий маданият объектлари ва қўлёзмаларнинг қўшма кўргазмаларини ташкил этиш орқали ислом дунёсининг илмий ва маданий меросини тарғиб қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати