Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири Тавфиқ ар-Рабиа якшанба куни Маккада Буюк ҳажнинг 46-симпозиумини очди.
"Пандемиядан кейинги ҳаж: маросимлар ва ғамхўрлик" номли тадбирда Қиролликдан ва мусулмон оламидан маърузачилар, олимлар, ҳуқуқшунослар ва уламолар иштирок этмоқдалар. Бу йилги Буюк ҳаж симпозиуми икки кун давомида сессиялар, мунозаралар ва маърузаларни ўз ичига олади.
"Ҳаждан тинчликка" тадбирининг очилишида ар-Рабиа COVID-19 пандемияси "2020 йил бошида дунёни ларзага солганини айтди". Унинг қўшимча қилишича, мусулмон дунёсида пандемия масжидлар, ҳаж, умра, шунингдек, таълим ва кундалик ҳаётга олиб келган танаффусларни ҳеч ким олдиндан кўра олмаган.
Islam.ru хабарига кўра, ар-Рабиа Саудия раҳбариятининг пандемия шароитида ҳажни давом эттириш тўғрисидаги қарорини юқори баҳолади.
У: "Биз 2020 йилда ҳаж маросимларини ўтказмасликни тавсия қилдик. Бироқ, Қирол Салмон ушбу маросимни тўхтатмасликка ва зиёратчилар сонини 1000 кишигача чеклашга қарор қилди. Ҳаж зиёрати эса зиёратчининг хавфсизлигини кафолатловчи барча огоҳлантириш ва профилактика чораларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиб, натижалар далда берувчи ва ишончли бўлди", - деди у.
Бу йилги ҳаж "Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиясига биноан 1 миллион зиёратчи билан чекланган", деди у. Қарор Саудия расмийларига "тиббий хизмат кўрсатиш ва зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга имкон беради."
Икки муқаддас масжид ишлари бошқармаси раиси шайх доктор Абдул Раҳмон Ал-Судаис Саудия давлати барча имкониятларини ҳаж тизимини сақлашга йўналтирганини айтди. Шунингдек, у ҳаж маросимларини сиёсий шиорлар ёки намойишларга айлантириш таъқиқлангани ва ҳажни инсоф, адолат ва тинчлик белгиси сифатида амалга ошириш кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати