Намоз ўқиётган инсоннинг ҳаракатларида одоб, андиша, тартибнинг юксак намунасини кўрамиз. Қўл қовуштириб, ерга қараб, сезилар-сезилмас эгилгандай бўлиб қиёмда туриш, Фотиҳа ва замсурани ихлос ва тафаккур билан ўқиб, маъноларини қалбдан ўтказиш қандай яхши! Сўнг такбир айтиб руку қилиш, ҳар бир ҳаракатда Аллоҳни улуғлаб, гўзал такбиру тасбеҳлар айтиб, қаддини ростлаб, саждага бориш ва икки сажда ўртасида хотиржам ўтириш қандай ҳам қийматли олий амаллардир.
Саждада “Субҳана роббиял аълаа” деб камида уч марта айтиш, холис ният файзининг қўллар, оёқлар, кўзларда зоҳир бўлиши, зикр ва салавотларда қалб ҳозирлигини туйиш қандай юксак фазилатдир!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг, у зот бизларга юзландилар ва: “...Аллоҳга салом бўлсин...” деб айтманглар. Зеро, Аллоҳ (исми, сифати) ўзи Саломдир. (Яъни, “Сенга салом бўлсин” дейиш “Сенга офатлардан омонлик тилайман” деганидир. Бундай дуо Аллоҳ таолога нисбатан жоиз эмас. Чунки барчага саломатлик, омонлик берувчи Ўзидир.) Агар намозда ўтирсангиз: “Аттаҳияту лиллаҳи вас салавоту ват тоййибат. Ассалому алайка айюҳан Набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ассаламу ъалайнаа ва ъалаа ъибадиллаҳис солиҳийн. (Шуни айтса, Аллоҳнинг Ер ва осмондаги ҳар бир солиҳ бандасига салом етган бўлади.) Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ”, деб айтинг”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кафтимни муборак кафтлари билан ушлаб, менга ташаҳҳудни Қуръондан бир сурани ўргатганлари каби сўзма-сўз ўргатдилар”, дейди.
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва жумҳур фуқаҳолар намозда ўқиш учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ташаҳҳудни танлашди.
Аҳмад ибн Молик раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Меърожга чиққанларида ушбу сано айтилди: “Мол, бадан, тил билан адо этиладиган ҳамма ибодат Аллоҳгадир. Эй Набий! Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти Сизга бўлсин. Сизга ва солиҳ бандаларга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига иқрорман. Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳнинг қули ва элчиси эканига иқрорман”. Аллоҳ таоло: “Эй Набий, сенга саломатлик, раҳматлар ва баракотлар бўлсин!” деди. Набий алайҳиссалом: “Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин!” дедилар. Жаброил алайҳиссалом: “Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир”, деди».
Тил қалбнинг таржимонидир. Қуръон тиловати, салавот айтиш, дуолар, киши кўнглига шодлик олиб кирувчи сўзлар ибодат бўлади. Шунингдек, ғийбат, ёлғон, сафсата, туҳмат, ёлғон гувоҳлик бериш, сўкиш, дилозорлик каби иллатлардан сақланиш ҳам ибодатдир. Ибодатнинг Аллоҳ ризоси учун холис адо этилишида муҳим нарса шуки, бунда қалбдаги итоат файзининг юз, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларга кўчиши содир бўлади.
Баъзи муфассирлар “Саламун қовлам мир Роббир Роҳийм” (Ёсин сураси, 58-) ояти Меърож кечасида Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўллаган саломдир, дейишади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, биз нақадар масъуд ва бахтли умматмизки, ташаҳҳуднинг ушбу муборак жумлаларини ҳар куни намозларимизда такрор-такрор айтамиз.
Абдумутал ОТАБOЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилояти вакили ўринбосари
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати