Индонезиянинг «iNews» машҳур оммавий ахборот воситалари сайтида Ўзбекистондаги зиёрат туризмининг имкониятлари ҳақида туркум мақолалар эълон қилинди", деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Хабар қилинишича, “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” 2022 йилнинг ноябрь ойида ўтказилади.
Тадбир Марказий Осиё мамлакатидаги диний туристик диққатга сазовор жойларни кўришга сайёҳларни жалб қилишга қаратилган.
“Мақсад мамлакатимиздаги мавжуд зиёрат туризми салоҳиятидан янада унумли фойдаланиш ҳисобланади“, - Ўзбекистон элчихонаси ходими сўзларидан иқтибос келтиради нашр.
Ўзбекистон жаҳон цивилизациясининг энг муҳим марказларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланади. Шунинг учун Халқаро зиёрат туризм ҳафталигининг фаолияти жаҳон ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар томонидан юқори эътирофга сазовор бўлиш, шунингдек, зиёрат туризми хизматларини диверсификация қилиш ва туристик оқимни оширишга мўлжалланган.
Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги турли тадбирлар, жумладан, Ўзбекистонда чоп этилган таниқли олимларнинг диний китоблари, қадимий Қуръон кўргазмалари ҳамда қизиқарли эсдалик совғалари билан тўла бўлади. Халқаро ҳафталикда, масалан, Самарқандда халқаро ҳафталикнинг расмий очилиши, "Ўзбекистон Ислом мероси" конференцияси, куй ва халқ қўшиқлари фестивали тадбирларини ҳар йили ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Бухорода "Мир Араб мадрасаси битирувчилари" форуми, "Замонавий Ислом меъморчилиги" ва "Ислом хаттотлиги ва декоратив дизайн" кўргазмалари, "Ислом иқтисодиёти" мавзусида давра суҳбати, миллий либослар кўргазмаси, "Ҳалол туризм" анжумани, "Ҳалол таомлар" фестивали ўтказилади", семинарлар, илмий-маданий конференциялар ва маърифий тадбирлар ўтказилади, деб ёзмоқда «iNews».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати