Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июн, 2026   |   18 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:57
Хуфтон
21:32
Bismillah
05 Июн, 2026, 18 Зулҳижжа, 1447

Қурбонлик қилишнинг фазилати

04.07.2022   2972   2 min.
Қурбонлик қилишнинг фазилати

Аллоҳ таолога битмас, туганмас ҳамду санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин.

Мусулмонлар Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларини катта тантана билан нишонлашади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатларини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатларини ичида қурбонлик қилишлик ҳам бор. Ҳаж ибодатини бажара олмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради.

Демак, ҳар бир қурбонлик қилувчи мусулмон киши албатта Аллоҳга яқин кишилардандир.

Қурбонлик қилиш – “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир ҳайвонни сўйиш”дир.

Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани – Зулҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким қурбонлик қилишга қодир бўлиб, қурбонлик қилмаса, бизларнинг масжидларимизга яқинлашмасин”.

Аҳмад ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Камбағал ва касалманд акам бор эди. Камбағаллигига қарамай ҳар йили Қурбон ҳайити кунлари бир қўйни қурбонликка сўярди. Акам вафот этганларидан кейин икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан акамни тушимда кўрсатишини сўраб илтижо қилдим. Уни тушимда кўрсам, у бир яхши, кулранг отнинг устида бўлиб, ёнида яна кўп зотдор отлар ҳам бор эди. Мен:   “Эй ака, Аллоҳ сизга нима ато этди?” деб сўрадим. У: “Аллоҳ таоло мени мағфират этди”, дедилар. Ундан бунинг боисини сўрадим. “Бир куни бир қари кампирга Аллоҳ йўлида бир дирҳам садақа қилганим мағфират этилишимга сабаб бўлди”, деб жавоб бердилар. “Бу отларни қаердан олдингиз?” дедим. “Булар дунёда қилган қурбонликларим бўлиб, миниб турганим биринчи қилган қурбонлигимдир”, деб жавоб бердилар. “Қаерга кетаяпсан?” деб сўрасам, у: “Жаннатга”, дея кўзимдан ғоиб бўлдилар.

Муҳтарам азизлар, Аллоҳ таолони розилигини истар эканмиз албатта Унинг буйруқларига сўзсиз итоат этайлик. Қурбонлик қилишга қурбимиз етса албатта бу ибодатни адо қилайлик. Чунки мана қурбонлик сабабли бир биримизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз янада ортади ва шу сабабли Аллоҳ таоло биздан рози бўлиб, даражамизни икки дунёда ҳам баланд қилиб қўяди.

Аллоҳ таоло бу йилги ҳожиларимизнинг ҳаж ибодатларини мақбул айлаб, юртимизга ва оилаларининг бағрига ибодатлари қабул, гуноҳлари кечирилган ҳолда қайтишларини насиб қилсин. Юртимизни турли офат-балолардан Яратганнинг Ўзи ҳифзу ҳимоясида асрасин.

 

Давронбек МАМБЕТОВ,

Элликқалъа тумани “Сафо” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Кўкалдош" ва "Хожа Бухорий" талабалари Ислом цивилизацияси марказида

03.06.2026   6565   1 min.

Шу йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги «Кўкалдош» ва «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Билим юрти мударрислари бошчилигида ташкил этилган ушбу маърифий саёҳатдан кўзланган асосий мақсад ёшларни юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва аждодларимизнинг бой илмий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.

 

Саёҳат доирасида марказ мутахассислари томонидан талабалар учун махсус маҳорат дарси ташкил этилиб, унда Ислом цивилизацияси ривожи, юрт алломаларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ва қадимий қўлёзмалар билан ишлаш усуллари ҳақида муҳим маълумотлар берилди.

Сўнгра талабалар марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, замонавий интерактив кўргазмалар ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби улуғ зотлар ҳаётига бағишланган бўлимларни катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.

Бу каби тадбирлар бўлажак диний соҳа ходимларини ватанпарварлик, илмга муҳаббат ва аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари