Аллоҳ таолога битмас, туганмас ҳамду санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин.
Мусулмонлар Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларини катта тантана билан нишонлашади. Айниқса, Қурбон ҳайити кунларида муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатларини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатларини ичида қурбонлик қилишлик ҳам бор. Ҳаж ибодатини бажара олмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга қурбонлик қилиш вожибдир.
Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради.
Демак, ҳар бир қурбонлик қилувчи мусулмон киши албатта Аллоҳга яқин кишилардандир.
Қурбонлик қилиш – “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир ҳайвонни сўйиш”дир.
Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани – Зулҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким қурбонлик қилишга қодир бўлиб, қурбонлик қилмаса, бизларнинг масжидларимизга яқинлашмасин”.
Аҳмад ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Камбағал ва касалманд акам бор эди. Камбағаллигига қарамай ҳар йили Қурбон ҳайити кунлари бир қўйни қурбонликка сўярди. Акам вафот этганларидан кейин икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳ таолодан акамни тушимда кўрсатишини сўраб илтижо қилдим. Уни тушимда кўрсам, у бир яхши, кулранг отнинг устида бўлиб, ёнида яна кўп зотдор отлар ҳам бор эди. Мен: “Эй ака, Аллоҳ сизга нима ато этди?” деб сўрадим. У: “Аллоҳ таоло мени мағфират этди”, дедилар. Ундан бунинг боисини сўрадим. “Бир куни бир қари кампирга Аллоҳ йўлида бир дирҳам садақа қилганим мағфират этилишимга сабаб бўлди”, деб жавоб бердилар. “Бу отларни қаердан олдингиз?” дедим. “Булар дунёда қилган қурбонликларим бўлиб, миниб турганим биринчи қилган қурбонлигимдир”, деб жавоб бердилар. “Қаерга кетаяпсан?” деб сўрасам, у: “Жаннатга”, дея кўзимдан ғоиб бўлдилар.
Муҳтарам азизлар, Аллоҳ таолони розилигини истар эканмиз албатта Унинг буйруқларига сўзсиз итоат этайлик. Қурбонлик қилишга қурбимиз етса албатта бу ибодатни адо қилайлик. Чунки мана қурбонлик сабабли бир биримизга бўлган меҳр-муҳаббатимиз янада ортади ва шу сабабли Аллоҳ таоло биздан рози бўлиб, даражамизни икки дунёда ҳам баланд қилиб қўяди.
Аллоҳ таоло бу йилги ҳожиларимизнинг ҳаж ибодатларини мақбул айлаб, юртимизга ва оилаларининг бағрига ибодатлари қабул, гуноҳлари кечирилган ҳолда қайтишларини насиб қилсин. Юртимизни турли офат-балолардан Яратганнинг Ўзи ҳифзу ҳимоясида асрасин.
Давронбек МАМБЕТОВ,
Элликқалъа тумани “Сафо” жоме масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати