Доктор Мустафо Хон айтадилар: “Бугунги кунимиздаги муаммо бу, мазҳаб имомлари мазҳабни ўзлари тўқиб чиқаришган деган гумон. Ваҳоланки воқеликда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўз имоми Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга эргашади.
Имом Молик Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумоларга эргашади, Имом Шофеъий ҳам ана шу саҳобаларга эргашади. Саҳобаларни Аллоҳ таоло Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам етказган омонат ва рисолатни ўз зиммасига олиш ва етказиш учун танлаб олган”[1].
Бирорта инсон инкор қилмасдан уммат жуда узоқ аср мазҳабни маҳкам тутиб келди.
Бирор-бир мазҳабсиз муҳаддис, муфассир ёки усули олимни тарих зар варақларидан топа олмайсан. Байҳақий, Хатиб Бағдодий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Асокир, Ибн Салоҳ, Суютий, Жассос, Байдовий, Заркаший, Ибн Ҳожиб, Ибн Жавзий, Ибнул Ҳумом, Сарахсий, Баздавий, Бағовий, Ғаззолий, Субкий, Широзий, Имом Нававий ва бошқа етук ислом уламоларининг барчаси албатта бирор мазҳабга мансуб ва бир мазҳабни маҳкам ушлаганини кўрасан.
Яфеъий айтадилар: “Ислом тарихига назар ташлаган инсон албатта, тўрт мазҳаб юзага келгандан кейин неча- неча замон ўтсин имомлар-у саркарда ва султонларнинг бир мазҳабни тутганига гувоҳ бўлади”[2].
Мазҳабни инкор қилувчи дин имомлари унинг устида бўлиб турган нарсани инкор қилувчидир ва унга ижмо боғланган нарсага хилоф қилувчидир. Чунки, тўрт мазҳабдан бирини ушлаш лозим эканига ижмо қилинган.
Деҳлавий айтадилар: "Мазҳабни тутиш керак эканига бутун уммат ижмо қилган, хоссатан, бизнинг бу нафслар шаҳватга мойил бўлиб кетган кунларда".
Юқорида мазҳабни ушлаш нега лозим экани борасида бир қанча сабаблар санаб ўтилди, мазҳаблар энг мукаммал суръатда ташкил топди, энди уни тарк этишга ҳеч қандай асосли сабаб йўқдир.
Аллоҳнинг динида эрмак ва ўйин қилишга йўл қўймаслик учун уламолар мутлоқ ижтиҳод эшикларини ёпганлар.
Ибн Салоҳ нақл қилиб айтадилар: "Имом Шофеъийнинг асридан кейин мустақил мужтаҳид топилмади дейишади".
Имом Заҳабий айтадилар: "Ҳозирги кунимизда фақат шу тўрт мазҳабгина қолди, лекин шуни ҳам лозим бўлганидек тушунадиган одамлар саноқлигина, мужтаҳид бўлишни қўявер".
Муҳиддин Мусулмонов - Шўрчи туманидаги "Домла Қосим жомеъ масжиди" имом хатиби
Савол: Мен туш кўрдим ва уйғониб Ибни Сириннинг "Тушлар таъбири" китобини кўрсам ёмонроқ чиқди ва сиқилиб қолдим. Туш таъбири масалаларига мусулмон инсон қандай қараши керак?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аввало шуни айтишимиз керакки, Ибн Сирийн раҳимаҳуллоҳга нисбат берилган “Тушлар таъбири” китоби у зотга тегишли эмас. Шунинг учун бу китобни у зотга нисбат бериб бўлмайди. Динимизга кўра тушлар уч хил бўлади:
– Аллоҳ таоло томонидан бўлган, таҳорат билан ётилганда, тонгга яқин кўриладиган, солиҳ тушлар.
– Шайтондан бўлган, аниқ эсда қолмайдиган, кайфиятни туширадиган, алаҳсирашга ўхшаш ёмон тушлар.
– Касбига ёки қизиққан нарсасига тааллуқли тушлар.
Динимизда туш кўрганда нима қилиш кераклиги борасида аниқ тавсиялар келган. Агар рост тушлар шариатга мос келса, амал қилиш мумкин, агар зид келса, қатъий амал қилинмайди. Ёмон туш кўрган киши тушини бировга айтмаслиги ва тушнинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраши керак. Бу ҳақида Абдуллоҳ ибн Қатода розияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост туш Аллоҳдан, ёмон туш шайтондан. Бирортангиз қўрқинчли туш кўрса, чап томонига туфлаб қўйсин ва тушнинг ёмонлигидан (Аллоҳдан) паноҳ сўрасин. Шунда ёмон туш зарар қилмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни ёмон туш кўрган киши чап томонга енгилгина туфлаб: “Роббим! Кўрган тушимни ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб қўяди.
Баъзи уламолар имкон бўлса ўрнидан туриб, таҳорат олиб, икки ракат нафл намоз ўқигани ҳамда бироз садақа қилиб қўйгани яна ҳам яхши, дейишган.
Шунингдек, туш инсон тақдирини белгиламайди. Тушга ортиқча баҳо бериб, уни ҳаёт мезонига айлантириш тўғри эмас. Биз динимиз кўрсатмаларига оғишмай амал қилсак, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан соғлом, иродамиз мустаҳкам бўлади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.