Айни кунларда ижтимоий тармоқларда “Ҳайит намози ўқилмайдиган бўлди, бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши фатвоси эълон қилинди” деган мазмундаги ёлғон хабар(фейк)лар тарқалмоқда. Мазкур хабарлар асоссиз ва ҳақиқатга мос келмайди.
Ушбу фейк хабар бундан бир йил аввал пандемия даврида 2021 йил июль ойида эълон қилинган маълумотни қайта, яъни такроран тарқатилмоқда. Жорий йилда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши бундай фатво чиқармаган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланиш кўрсаткичларида ўзгаришлар бўлаётган бўлса-да, лекин оммавий тадбирларни чеклаш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилингани йўқ.
Маълумот учун, 2022 йил 1 июль куни Президентимиз “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Унга кўра жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 9 июль – шанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиниб, мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланди.
Қурбон ҳайити намозини ўқиш юзасидан бирор ўзгариш бўладиган бўлса, расмий нашрларда эълон қилинишини билдирамиз. Мўмин-мусулмонлардан асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай хабарларни тарқатмасликни илтимос қиламиз.
Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини кўрсатмасига кўра, катта гуноҳ, қонунчиликда эса жавобгарликка омил эканини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази