Мусулмон фарзанди борки, умрида бир бор бўлса-да, Аллоҳнинг уйи — Каъбатуллоҳни тавоф қилиш орзусида юради. Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг охирги гуруҳлари Мадина зиёратини якунлаб, соғу саломат Макка шаҳрига етиб келмоқдалар. Байтуллоҳни тавоф қилиб, умра амалини бажармоқдалар.
Бу йил 12 минг нафардан зиёд ҳамюртимиз Саудия Арабистонининг икки муқаддас шаҳрида бўлиб, айни кунларда исломнинг бешинчи арконини адо этишга пухта ҳозирлик кўрмоқдалар.
Таниқли уламолар, хусусан Тошкент шаҳридаги "Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов ҳаж ибодати бошланиши олдидан самарқандлик зиёратчилар билан ҳаж маносиклари ва муборак амал фазилати тўғрисида суҳбат қилдилар.

Юртимиз диний соҳа вакилларининг хорижда, хусусан, Россия Федерациясида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан учрашувлари, уларнинг ижтимоий-маънавий ҳаётидан хабар олиш ва диний эҳтиёжларини қондириш борасидаги хайрли ишлари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Сафар дастури доирасида Ленинград вилояти Кингисепп туманида жойлашган "RENCONS Heavy Industries" компаниясида фаолият юритаётган мингга яқин ватандош ишчи-ходимлар билан биргаликда муборак жума намози адо этилди. Намоздан сўнг ҳамюртларимиз билан самимий суҳбат қурилиб, уларга мусофирчилик одоби, ҳалол меҳнат ва Ватан соғинчи ҳақида гўзал мавъизалар қилинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳнинг Калининград шаҳрига ташрифи ҳам сермазмун учрашувларга бой бўлди. Жумладан:
Шаҳардаги маҳаллий «Нур» мусулмонлар диний ташкилотида пешин намозидан сўнг ватандошлар билан учрашув ташкил этилди;
Муҳташам «Эҳсон» жоме масжидида шом намози адо этилиб, йиғилган ҳамюртларимиз иштирокида навбатдаги маърифий суҳбат ўтказилди. Унда мусофир юртда иймон-эътиқод ва миллий қадриятларни асраш, ёт ғоялардан йироқ бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, Санкт-Петербург шаҳрида турли соҳаларда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан ҳам бир нечта манзилларда юзма-юз учрашувлар уюштирилди. Учрашувлар давомида ҳамюртларимизни қизиқтирган шаръий саволларга батафсил жавоблар берилиб, уларнинг ҳаққига, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Бу каби жонли учрашувлар ватандошларимизга улкан маънавий қувват бахш этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати