Ҳар бир ишни чиройли ва мустаҳкам бажарилишида илм ва амалнинг ўрни беқиёсдир. Илм пойдевор, амал эса ўша пойдевор устига барпо қилинадиган бинодир. Бинонинг пишиқ ва мустаҳкам бўлиши унинг асоси бўлмиш пойдеворнинг тўғри ва мустаҳкам бўлишига боғлиқ. Бошқача қилиб айтсак, илм – дарахт, амал эса унинг мевасидир.
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар” (Наҳл сураси, 43-оят).
Ҳақиқатда, билмаган киши сўраб ўрганиши керак. Савол беришдан ҳеч қачон уялмаслиги лозим. Зеро, жаҳолат ҳам маънавий касалликдир. Унинг энг яхши давоси ўрганиш ва савол беришдадир.
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот айтади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни наҳр куни уловлари тепасида тош отаётганларини ва “Ҳаж амалларингизни (мендан) олинглар. Эҳтимол, бу ҳажимдан кейин (бошқа) ҳаж қила олмайман”, деётганларини кўрдим» (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж аҳкомларини асосан ўзлари баён қилиб берардилар. Гоҳида илмга ҳарис бўлган саҳобалар томонидан берилган саволлар баҳонасида ҳаж амаллари қандай адо этилишини тушунтирардилар. Саҳобаларнинг эҳром либоси, ҳажжи бадал ҳақида сўровлари ҳадисларда ворид бўлган.
Ҳaж инсон yмpида бир марта адо этадиган фарз ибодатдир. Инсон қанча маблағ, вaқт, кyч-қyввaт capфлaб ҳажга борсa-ю, амалларни нoтўғpи бажарca ёки қандай бажариш илмини билмаса, ҳaммa ҳapaкaтлари ҳабата бўлиб кетиши мумкин. Шyнинг yчyн зиёратга отланган киши, энг aввaлo, ҳаж илмини яхшилаб ўpгaниб oлиши зарур. Ҳaж ҳақида ёзилган биpор китoбни ўзи билан олиб бориши керак. Ҳеч бўлмаганда, сафарга бориб келгунча ҳаж илмини яхши биладиган кишининг этагини маҳкам тутиши лозим. Олимлар ҳар бир ишда илм ва амалнинг аҳамиятини тушунтириш учун бир мисол келтирадилар.
Инсонлар узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи турли-туман замонавий жиҳозларнинг ёнида уни тўғри қўллаш усуллари, қонун-қоидалари ёзилган кичик китобчаси бўлади. Бу китобчада жиҳозга оид маълумотлар ёзилган бўлади. Кимда-ким уни китобида ёзилган қоидаларига мувофиқ ишлатса, жиҳоз унга узоқ вақт хизмат қилади ва барака топади.
Жиҳоздан ўзбошимчалик билан фойдаланган киши эса зиён кўради ҳамда тез кунда ишдан чиқиб, кўзланган натижа бермайди. Унинг эгаси ҳасратда қолади. Аммо надомат қилган билан иш ўнгланиб қолмайди. Қоидасига мувофиқ қилинмаган биргина ҳаракат инсонга моддий ва маънавий зарар келтириши мумкин. Натижада бузилган матоҳни устага кўрсатишга ёки янгисини харид қилишга эҳтиёж сезилади.
Шунга ўхшаш ҳаж амали ҳам китобига мувофиқ тарзда амалга оширилса, ўз эгасига икки дунё саодатини тақдим этади. Акс ҳолда, тижоратида касодга учраган савдогар каби ҳасрат ва зиёнда қолади.
Давоми бор...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг
"Ҳаж буюк ибодатдир" номли китобларидан олинди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ