Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у(кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у(кун)ларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки, у(кун)лар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр (айтиладиган) кунлардир ва у(кунлар)дан бир кунининг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У(кун)ларда қилинган амал етти юз баробарга баробар бўлади” (Дурри мансур, Хитоботул аҳком).
Фойда: Ушбу ҳадиси шарифдан зул ҳижжанинг дастлабки ўн кунида такбир ва таҳлилни кўпайтириш маҳбуб амал эканлиги билинади. Лекин, тўққизинчи зул ҳижжанинг бомдод намозидан то ўн учинчи куннинг аср намозигача баланд овоз билан бир маротаба такбир айтиш зарурийдир.
عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه أَنَّهُ كَانَ يُكَبِّرُ بَعْدَ صَلاَةِ الْفَجْرِ يَوْمَ عَرَفَةَ إِلَى صَلاَةِ الْعَصْرِ مِنْ آخِرِ أَيَّامِ التَّشْرِيقِ ، وَيُكَبِّرُ بَعْدَ الْعَصْرِ.
Абу Абдураҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Али Розияллоҳу анҳу арафа куни бомдод намозидан кейин то охирги ташриқ кунининг аср намозигача ва аср намозидан кейин ҳам такбир айтар эдилар” (Мусаннафи Абу Шайба).
عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم يُكَبِّرُ يَوْمَ عَرَفَةَ صَلاَةَ الْغَدَاةِ إِلَى صَلاَةِ الْعَصْرِ آخِرِ أَيَّامِ التَّشْرِيقِ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам арафа куни бомдод намозидан кейин то охирги ташриқ кунининг аср намозигача такбир айтар эдилар” (Байҳақий ривояти).
Масала: Муқим киши зулҳижжанинг тўққизинчи куни бомдод намозидан, ўн учинчи кунининг аср намозигача жамоат билан, такбири ташриқни бир маротаба айтиши вожибдир. Аммо мусофир, ёлғиз намоз ўқувчи ва аёлларга вожиб эмас. Лекин буларнинги барчаси такбири ташриқни айтишлари вожиб деган уламолар ҳам мавжуд. Шунинг учун юқоридагилар ҳам такбири ташриқни айтишлари яхшидир.
Такбири ташриқ лафзлари қуйидагилар:
وَهُوَ اللَّهُ أَكْبَرُ اللَّهُ أَكْبَرُ لَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ وَاَللَّهُ أَكْبَرُ اللَّهُ أَكْبَرُ وَلِلَّهِ الْحَمْدُ.
Такбири ташриқ лафзи: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд” (Баҳрур роиқ).
Маъноси: Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир ва ҳам Аллоҳ таоло учундир.
❗️Ташриқ кунларида қолдирган намозини қазосини адо қилаётган пайтда, саломдан кейин такбир айтишлиги лозим.
Уламолар динда ихтилоф чиқараётганлардан сақланиш учун мазҳаб аҳкомларида маҳкам туриш, мутаассиб ғояларга берилмаслик зарурлигини таъкидлайди ва ихтилофчиларнинг жамиятга бузғунчи таъсиридан сақланишда қуйидагиларни тавсия қилади:
– Аҳли сунна вал жамоа йўлидан юриш;
– Динни ўрганишда солиҳ аждодлар изидан бориш;
– Тизимли ва ишончли манбалар асосида илм ўрганиш;
– Уламоларни ҳурмат қилиш ва уларга эргашиш;
– Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш;
– Турли тоифа, фирқа ва гуруҳларнинг чақириқларига учмаслик;
– Кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш;
– Дин, Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш;
– Ихтилофлардан четда бўлиш.
Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, у ерларда катта фитналар урчиб, ўлкалар заифлашган, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва махфий фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.
Шу нуқтаи назардан, мусулмонларимиз ақида, шариат ва диний амалларни бажариш масалаларида уламоларимизга эргашишлари, жамоадан ажралмаслиги, ўзларини бузғунчи тоифалар таъсирига тушиб, диний мавзуларда низо ва тортишув чиқаришдан тийишлари, ихтилофли масалаларнинг ечимини жумҳур уламоларнинг Қуръон ва суннат, мотуридия ақидаси, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаблар асосида ёзилган асарлардаги ҳужжат-далиллардан топишлари тўғри ечим ҳисобланади.
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме масжиди
имом-хатиби Мирзоҳид Умирзоқов
Манба: @Softalimotlar