Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

01.07.2022   1503   2 min.
Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак Қурбон ҳайитининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, ушбу улуғ байрамни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида:

1. Жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 9 июль – шанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2022 йил 9 июль куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–35-сон Фармони билан 2022 йил 11-12 июль кунлари дам олиш кунлари  сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

3. Туризм ва маданий мерос вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар ёдгорлик ва қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.

4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси 

         Президенти                                                                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 1 июль

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   27057   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари