Халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак Қурбон ҳайитининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик ва меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, ушбу улуғ байрамни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида:
1. Жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 9 июль – шанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, мамлакатимизда 2022 йил 9 июль куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги “2022 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ–35-сон Фармони билан 2022 йил 11-12 июль кунлари дам олиш кунлари сифатида белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.
3. Туризм ва маданий мерос вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар ёдгорлик ва қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин.
4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 1 июль
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати