1992 йил 2 июль куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир.
Бугун ушбу муқаддас рамзни каттаю кичик бирдек қадрлайди. Унда жонажон Ўзбекистонимизнинг том маънодаги асл тасвирини кўради. Гербимизга ҳар бир ҳамюртимиз алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлиши мамлакатимизда эзгу қадриятга айланган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби. Пурвиқор тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб турибди. Бу эса ўхшаши йўқ диёримиз мафтункорлигига ўзига хос ишорадир. Гербнинг юқори қисмида республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Рамз марказида бахт ва эрксеварлик рамзи – қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «O‘zbekiston», деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «O‘zbekiston» ёзуви – олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда, чаноқлардаги пахта – оқ рангда, лента – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, ярим ой ва юлдузлар – оқ рангда тасвирланган.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунинг 4-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Марказий банк, Ҳисоб палатаси, Марказий сайлов комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, судлар, прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари биноларининг олд томонига жойлаштирилган.
Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс эттирилган.
Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурмат билан муносабатда бўлиши қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Давлат рамзларига бўлган ҳурмат мамлакатимизда мактабгача таълим масканлари, мактабларданоқ ёш авлод онгига сингдирилади. Бу эса улғайиб келаётган ўғил-қизларда ўзи туғилиб ўсган юрт тақдири учун дахлдорлик, ватанпарварлик, фидойилик, Ватан учун чексиз фахр ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ҳақидаги қонун қабул қилинган кун муносабати билан жойларда белгиланган тадбирлар кенг миқёсда, кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтказилиши режалаштирилган. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги каби ташкилотлар ҳамкорлигида “Давлат герби – мустақиллик тимсоли!” шиори остида маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. Уларда таниқли олимлар, ёзувчилар, шоирлар, маданият ва санъат намояндалари, эстрада хонандалари, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий оркестрлари иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият фестивали” доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Ушбу санага бағишлаб телемарафонлар, Давлат гербининг аҳамияти, уни улуғлашга қаратилган интерфаол маданий-маърифий тадбирлар, флешмоблар, анжуманлар ўтказилади. Буларнинг барчаси Давлат гербининг аҳамиятини ёш авлод онгига янада мустаҳкам сингдириш, уларни улуғ аждодларимизга муносиб, юртпарвар инсонлар этиб камолга етказишдек мақсадларга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Назокат Усмонова, ЎзА
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари ўртасида “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг республика ва халқаро майдонида фаолияти” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шавкатжон Хамдамов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Мусохон домла Аббосиддинов иштирок этдилар.
Учрашув аввалида Мусохон домла Аббосиддинов иштирокчиларни меҳмонлар билан таништириб, ташрифнинг асосий мақсади ва мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди. У кишининг таъкидлашича, бундай учрашувлар талабаларнинг дунёқарашини бойитиш, амалиётдаги ислоҳотлар билан яқиндан таништириш ва уларни масъулиятли йўлга рағбатлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Музаффар Камолов ўз маърузасида динимиз равнақи, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, масжидлар фаолиятини такомиллаштириш йўлида қилинаётган ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, битирувчи курс талабаларига қаратилган қимматли тавсиялар ҳам берилди. У киши талабаларга амалиёт давомида бириктирилган масжидларда холис ният билан, виждонан ва масъулият билан хизмат қилиш, бу хизматни Аллоҳ розилиги учун адо этиш кераклигини таъкидлаб ўтдилар.
Шавкатжон Хамдамов мамлакатимизда сўнгги йилларда диний соҳа ва халқаро алоқалар йўналишида эришилаётган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидига кўра: Диний идоранинг халқаро нуфузи юксалиб бормоқда, бир қатор нуфузли ташкилотлар билан янги меморандумлар имзоланмоқда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирда 5 та йирик халқаро ташкилотга аъзо, шунингдек, Муфтийлар кенгашининг ҳам тўлақонли аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқда.
Шавкатжон Хамдамов бу имкониятлар диний соҳамизга берилган катта эътибор ва ишонч белгилари эканини, уларни қадрлаш ва масъулият билан ишлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир талабаларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонларнинг эзгу фикр ва тавсиялари ёш авлоднинг мустақил фикрлайдиган, билимли, халол ва виждонли диний соҳа ходими бўлиб етишишларида муҳим аҳамият касб этади.
Таълим муассасаси Матбуот хизмати